Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг МДҲдаги ўрни ва унинг мавқеини ошириш йўллари

Саидов Жахонгир,

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг йиғма ахборот ишлари бошқармаси бош мутахассиси.

Бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан жадал тараққий этиб бораётган ривожланаётган мамлакатлар қаторидан жой олмоқда. Бунга кейинги икки йилда мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсати янада ўзгача жозиба ва нуфуз касб этди. Халқаро миқёсдаги нуфузли оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами ва қамрови хусусида сўз юритиб, бу буюк истиқбол сари босилган одим қадам эканлигини эътироф этишмоқда.

Республикамизнинг иқтисодий ривожланиши хусусида тўхталиб, шуни таъкидлаш жоизки, мазкур тизимнинг тараққий этиши мамлакат аҳолиси ижтимоий ҳаётининг яхшиланишига мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.

Статистик рақамларга юзланиб, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий жиҳатдан тараққий этиш даражасига баҳо берсак. Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиш даражаси ва шарт-шароитлари нисбатан яқин ва режали иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтган собиқ иттифоқ давлатлари билан иқтисодий кўрсаткичларни солиштириш республикамизнинг қай даражада дунё ҳамжамиятига интеграциялашаётганлигини кўриш имконини беради.

XXI — аср бошланишидан кейинги даврда МДҲ мамлакатларининг иқтисодий ўсиш суръатлари барча давлатлар бўйича барқарор кўринишни касб этмаган (1-жадвал). Нисбатан юқори ўсиш суръатлари углеводород ресурсларига бой мамлакатларда кузатилди. Нефть ва газ ресурслари бўйича катта салоҳиятга эга мамлакатлар — Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркманистон давлатларининг иқтисодий ўсиш суръатлари айрим йилларда жуда катта миқдорларни, мисол учун, мос равишда 126,4 фоиз (2005й.), 113,5 фоиз (2001й.) ва 120,4 (2001й.) фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, 2000 йилдан кейинги даврда мустақил давлатлар ҳамдўстлигидаги айрим мамлакатларнинг иқтисодий ўсиш суръатлари салбий кўринишни ҳам касб этди.

1-жадвал

 МДҲ мамлакатларининг иқтисодий ўсиш суръатлари динамикаси

(ўтган йилга нисбатан, фоизда)

  2001 2005 2010 2011 2012 2013 2014 2015 2016
Озарбайжон 109,9 126,4 105,0 100,1 102,2 105,8 102,8 101,1 96,9
Арманистон2 109,6 113,9 102,2 104,7 107,2 103,3 103,6 103,2 100,2
Беларусь 104,7 109,4 107,7 105,5 101,7 101,0 101,7 96,2 97,4
Қозоғистон 113,5 109,7 107,3 107,4 104,8 106,0 104,2 101,2 101,1
Қирғизистон 105,3 99,8 99,5 106,0 99,9 110,9 104,0 103,9 103,8
Молдова 106,1 107,5 107,1 106,8 99,3 109,4 104,8 99,6 104,3
Россия3 105,1 106,4 104,5 104,3 103,7 101,8 100,7 97,2 99,8
Тожикистон 109,6 106,7 106,5 107,4 107,5 107,4 106,7 106,0 106,9
Туркманистон 120,41 113,01 109,2 114,7 111,1 110,2 110,3 106,5 106,2
Ўзбекистон 104,2 107,0 108,5 108,3 108,2 108,0 108,0 107,9 107,8
Украина 108,8 103,1 104,1 105,4 100,2 100,0 93,4 90,2 102,3
Жами МДҲ мамлакатлари бўйича 106,2 106,8 104,9 104,7 103,6 102,3 100,9 97,7 100,4
Манба: МДҲ давлатлараро статистика қўмитасининг маълумотлари,  http://www.cisstat.com/

 

Таҳлил этилаётган даврда Россия, Украина, Молдова ва Белорусь мамлакатларининг иқтисодий ўсиш суръатлари 0.4 — 9.8 фоизгача камайди. Бунинг асосий сабаби, Россия мамлакатига АҚШ ва Европа иттифоқи давлатлари томонидан иқтисодий эмбаргонинг жорий этилишидир. Қайд этилган бошқа мамлакатлар иқтисодий ўсишида салбий тенденциянинг кузатилиши – мазкур давлатларнинг Россия иқтисодиёти билан чуқур интеграциялашганлигидир.

Юқорида таъкидланган мамлакатлардан фарқли ўлароқ Озарбайжонда ҳам  иқтисодий ўсиш суръатлари 2016 йилда 3.1 фоизга камайган. Бироқ бу, жаҳон бозорида нефть хом-ашёси нархининг пасайиши ва унинг ишлаб чиқариш суръатларига акс таъсири негизидадир.

2000 йилдан кейинги даврда мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари ичида Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ўсиш суръатлари бирмунча муқим ва барқарор кўриниш касб этди. 2004 йилдан то 2016 йилгача 7-9 фоиз даражасидаги юқори ва барқарор ўсиш суръатлари кузатилди. Бу мамлакатимизда тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитининг яратилганлиги, ички ва ташқи инвестицияларни миллий иқтисодиётга жалб этилаётганлиги, саноат ишлаб чиқаришини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва қайта қурилаётганлиги, бошқаришда хорижий менежментни жорий этилиши асосида — деб таъкидлашимиз ўринлидир.

Ўзбекистон Республикасининг 2010-2016 йилларда ЯИМнинг физик ҳажм индекси ўзгариши МДҲ мамлакатлари ичида Туркманистон Республикасидан (175 фоиз) кейин 159 фоизлик натижа билан иккинчи ўринни эгаллади (2-жадвал).

2-жадвал

 МДҲ мамлакатлари бўйича ЯИМнинг физик ҳажм индекси ўзгариши

(2010 йилга нисбатан, фоизда)

  2011 2012 2013 2014 2015 2016
Озарбайжон 100 102 108 111 112 109
Арманистон2   100 103 107 110 111
Беларусь 106 107 108 110 106 103
Қозоғистон 107 113 119 124 126 127
Қирғизистон 106 106 117 122 127 132
Молдова 107 106 116 122 121 126
Россия3 100 104 106 106 103 103
Тожикистон 107 115 124 132 140 150
Туркманистон 115 127 140 155 165 175
Ўзбекистон 108 117 127 137 147 159
Украина 105 106 106 99 89 91
Жами МДҲ мамлакатлари бўйича 105 108 111 112 109 110
Манба: МДҲ давлатлараро статистика қўмитасининг маълумотлари,  http://www.cisstat.com/

Охирги етти йиллик даврда Тожикистон ЯИМнинг физик ҳажм индекси ўзгариши — 150 фоиз, Қирғизстон -132 фоиз ва Қозоғистон — 127 фоизни ташкил этди.

Таҳлил этилаётган даврда Россия ва Беларусь Республикаси ЯИМнинг физик ҳажм индекси ўзгариши 103 фоизга тенг бўлди. Бу МДҲ мамлакатлари умумий ЯИМнинг физик ҳажм индекси ўзгариши (110 фоиз) натижасидан 7 фоиз пунктига камдир.

Айтиш жоизки, Россия Федерацияси иқтисодиёти МДҲ мамлакатлари ичида жуда улкан салмоққа эга. 2016 йил маълумотлари бўйича мустақил давлатлар ҳамдўстлигидаги барча мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти (валютанинг харид паритети бўйича ҳисобланган) ҳажмида  Россия Федерациясининг улуши — 70.7 фоизга тенг.

МДҲ мамлакатлари ичида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг (ЯИМнинг ВХП бўйича ҳисобланган ҳажми) салмоғи (3.6 фоиз) бўйича Қозоғистон (8.8 фоиз) ва Украинадан (6.7 фоиз) кейин тўртинчи ўринни эгаллади (1-расм).

1-расм. МҲД мамлакатларининг ЯИМ ҳажми

(2016 й., ВҲҚП, млн. АҚШ долларида)

Таъкидлаб ўтиш жоизки, 2016 йил маълумотларига асосан Ўзбекистон Республикаси валютанинг харид паритети бўйича ялпи ички маҳсулоти ҳажми — Қирғизистон ЯИМдан 8.9 марта, Тожикистондан 8.1, Арманистондан 7.4, Туркманистондан 2.0, Озарбайжон ва Беларусь Республикасидан 1.1 марта улкандир. Бироқ, республикамиз — аҳоли сони ва мамлакат территорияси бўйича мазкур давлатлардан анча катта ҳисобланади. Шуни назарда тутиб, МДҲ мамлакатлари аҳолиси сони ва территорияси бўйича маълумотлар ҳамда улардан нисбий ҳисобланган кўрсаткичлар тизими жамланган жадвални қуйида келтирдик (3-жадвал).

3-жадвал

2016 йилда МҲД мамлакатларининг айрим иқтисодий кўрсаткичлари

(ЯИМ, аҳолиси, территорияси ва аҳоли жон бошига ЯИМ)

  Номинал ЯИМ

Млн. АҚШ долл.

ЯИМ

(ВҲҚП)

Млн. АҚШ долл.

Аҳолиси, киши Террито-рияси

км2

Аҳоли зичлиги км2 Номинал ЯИМ

Млн. АҚШ долл.

ЯИМ

(ВҲҚП)

Млн. АҚШ долл.

Озарбайжон 35686 167905 9784600 86600 113 3647 17160
Арманистон 10754 25560 3051250 29743 103 3524 8377
Беларусь 48126 165363 9505200 207595 46 5063 17397
Қозоғистон 128109 460692 17753200 2724900 6,5 7216 25950
Қирғизистон 5794 21009 5727553 199951 29 1012 3668
Россия 1132739 3684643 146727405 17125191 8,6 7720 25112
Тожикистон 6612 23306 8551000 143100 60 773 2726
Туркманистон 35398 93271 4751120 491210 9,7 7450 19631
Ўзбекистон 66797 187947 31575300 448978 70 2115 5952
Украина 83550 347885 42620007 577500 74 1960 8162
Манба: https://seosait.com/state-world-2016-territory-population-gdp/ сайтининг (ХВФ маълумотлари асосида тузилган) жадвали

 

 

Ўзбекистон Республикаси МДҲ мамлакатлари ичида аҳолиси бўйича Россия (146.7 млн. киши) ва Украинадан (42.6 млн. киши) кейин учинчи, территорияси бўйича эса Россия (17125.2 минг км2), Қозоғистон (2724.9 минг км2), Украина (577.5 минг км2) ва Туркманистондан (4912 минг км2), кейин бешинчи ўринни эгаллайди.

2016 йилда Ўзбекистон Республикасининг аҳоли жон бошига ЯИМ ва валютанинг харид паритети бўйича ЯИМ мос равишда 2115 ва 5952 АҚШ долларини ташкил этди. Айтиш жоизки, мазкур кўрсаткич бўйича МДҲ давлатлари ичида мамлакатимиз натижаларидан баралла мақтана олмаймиз. Шунинг учун, бизнинг назаримизда, истиқболда мамлакатимизнинг ижтимоий – иқтисодий тараққий эттиришнинг устувор йўналишлари қуйидагиларга қаратилиши лозим:

  • иқтисодий ўсиш суръатларини аҳоли сони ўсиши ва инфляция даражасини ҳисобга олган ҳолда охирги ўн йилликнинг ўртача даражасидан кам бўлмаган кўрсаткичга олиб чиқиш;
  • ташқи меҳнат миграциясидаги мамлакатимиз аҳолисини (меҳнат ресурсларини) республикамиз иқтисодиётига жалб этиш орқали иқтисодий самарага эришиш;
  • мамлакат майдонининг чекланганлги, сув ва ер ресурсларининг танқислигини назарда тутиб, улардан оқилона фойдаланиш;
  • қўшни республикалар билан икки томонлама манфаат топишга асосланган шартномалар асосида иш юритиш орқали ўзаро интеграциялашиш;
  • яқин келажакда аҳоли жон бошига ЯИМ — иқтисодий индикатори бўйича даромади ўртача кўрсаткичга эга ривожланаётган мамлакатлар қаторидан жой эгаллаш ва ҳоказо.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *