Тижорат банкида банк хизматларини баҳолашнинг услубий жиҳатлари

Рахматов Темур Сотиболдиевич

Тошкент давлат иқтисодиёт университети таянч докторанти

Ҳозирги шароитларда банк хизматлари доираси мунтазам кенгайиб бормоқда, бозорда банк маҳсулотлари ва хизматларининг янги турлари пайдо бўлмоқда. Ушбу омил кредит ташкилотлари ўртасида ҳар битта мижоз учун рақобат курашининг янада кучайишига олиб келмоқда. Банк хизматлари бозори доимо кредит ташкилотларининг ишига янги талаблар қўяди ва шу тариқа банкларни мижоз улардан манфаатдор бўлган янги операцияларни ўзлаштиришга мажбур қилади. Лекин шунга қарамай, банкларнинг инновацион сиёсати йўл қўйиш мумкин бўлган рисклар даражаси ва максимал даромадлиликдан иборат бўлиши лозим. Кўпгина иқтисодий ва ижтимоий омиллар таъсири остида банк маҳсулотлари ва хизматларининг эволюцияси амалга оширилмоқда, “афсуски банк тизими рақамли технологияларни қўллаш, янги банк маҳсулотларини жорий этиш ва дастурий таъминотлар бўйича замон талабларидан 10-15 йил орқада қолмоқда”[1].

2020 йил 12 майда қабул қилинган «2020–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги Президент фармони асосида кредит ташкилотлари фаолиятига янги талаблар қўйилиб, мижозлар манфаатдор бўлган инновацион технологиялар асосида банкларни янги операцияларини жорий этишга мажбур қилмоқда. [2]

Ҳозирги пайтда доимий янгиликлар киритиш сиёсати муваффақиятли банк сиёсатининг асосий омилларидан бири саналади. Мазкур фикр бугунги кунда мавжуд бўлган иқтисодиёт ҳолатини тавсифлайдиган қатор шарт-шароитлардан келиб чиқади.

Биринчидан, банкларнинг мижозлар билан муносабатлари ҳамкорлик тамойилларига асосланади. Бу шуни англатадики, банклар нафақат мижозларнинг капиталини сақлаш ҳақида, балки молиявий-хўжалик фаолиятини кенгайтириш, ишбилармонлик фаоллигини ошириш ва даромадлиликни кўпайтиришга хизмат қиладиган янги хизматлар таклиф қилган ҳолда бу мижозларнинг капиталини ошириш ҳақида ҳам қайғуради.

Янги банк хизматлари пайдо бўлишининг иккинчи сабаби бозор муносабатлари шароитларида банк институтлари ўртасидаги рақобат ҳисобланади. Бозор шароитларида омон қолиш учун ишбилармонлик қарорлари кўп вариантли ва ностандарт бўлиши, хўжалик операциялари ўртамиёна бўлмаслиги, банк фаолиятининг барча соҳаларида инновациялар жорий қилиниши зарур.

Учинчи сабаб янги ва қимматбаҳо банк технологияларининг ривож топиши ҳисобланади. Айнан бутун дунёда иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим омили сифатида тан олинган фан-техника тараққиёти ҳозирги пайтда тобора кўпроқ инновацион жараён тушунчаси билан боғланиб бормоқда.

Бироқ, банк соҳасидаги янгиликлар киритиш нафақат техник ёки технологик ишланмаларни, балки бизнеснинг янги шакллари, бозорда ишлашнинг янги усуллари, янги маҳсулотлар ва хизматлар, янги молиявий воситаларни қамраб олади. Улар технологик даражасининг юқори эканлиги, олдинги маҳсулот билан таққослаганда товар ёки хизматнинг истеъмол хислатлари янада юқорилиги билан тавсифланади. Инновациялар банклар рақобатбардошлигининг энг муҳим омили ҳисобланади ва уларнинг иқтисодий ўсишини таъминлайди.

Банкнинг иш самарадорлиги ва унинг бозордаги рақобатбардошлиги кўп жиҳатдан янги банк маҳсулотлари, технологиялари ёки жараёнларини жорий қилишга боғлиқ бўлади.

Ҳозирги пайтда банк хизматлари жаҳон бозорида уч ҳил йўналиш энг оммалашган ва тараққий этган, чунончи:

1) ахборот технологиялари ва кибернетика технологиялари ривожланиши (оқибатда ҳисоб-китоб риск ва башорат моделларини мураккаблаштириш имконияти пайдо бўлиши, ахборот хавфсизлиги воситаларининг ривожланиши ва б.);

2) банк бизнеси юритишнинг мижозларга йўналтирилган модели жорий қилиниш;

3) тижорат банкининг ўз бизнес жараёнларини оптималлаштириши.

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози банкларнинг ривожланишни мижозларга йўналтирилган моделига ўтишга мажбур қилди: омон қолиш учун мижозларнинг эҳтиёжлари томон максимал даражада юз қаратиш ва фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида мавжуд бизнес амалиётини қайта кўриб чиқишга тўғри келди.

Мамлакат миқёсида банк инновацион фаоллигини тадқиқ этиш, шунингдек, муайян тижорат банкини ривожлантиришнинг инновацион стратегиясини шакллантириш бир-бири билан чамбарчас боғлиқ икки омил бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида равишда ёки бефойда, ёки бирон-бир амалий ёндашувни истисно қиладиган соф назарий характерга эга бўлади[3].

Банкнинг инновацион жараёни ички банк жараёнларини шиддат билан ривожлантириш, ташкил қилиш ва режалаштиришга, барча хизматлар доирасини янгилашга, банк сервиси сифатини оширишнинг янги ва янги усулларини ўзлаштиришга йўналтирилган бўлиши лозим. Келгусида бундай янгиланиш жонли меҳнат харажатларини минималлаштириш, мижозлар содиқлигини ошириш ва банк фаолияти рентабеллигини оширишни таъминлайди.

Шундай қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистонда банк тизимининг инновацион молиявий технологиялар, маҳсулотлар ва хизматлар жорий қилишга тайёрлигини исботлайдиган қуйидаги омиллар ажратиб кўрсатилади:

  • инфляциянинг ўсиш суръатини секинлашуви;
  • банк хизматлари бозорида рақобатнинг кучайиши;
  • молия ва банк тизимлари учун мутахассислар тайёрлашнинг кучайиши;
  • иқтисодий ўсиш суръатининг барқарор равишда юқорилиги;
  • интернетдан фаол фойдаланувчи ҳисобланган банклар мижозларининг янги банк хизматлари ва маҳсулотларига қизиқиши ортиши.

Банк соҳасида инновацияларни иқтисодий тоифа сифатида талқин қилишда, инновацияларни ўз ортидан тижорат банклари фаолият жараёнларининг ўзгаришига олиб келган ҳаракатлар натижаси сифатида тушуниш биринчи ўринга чиқиб олади. Бундай муаллифлик ёндашувига мувофиқ мавжуд банк маҳсулотлари ва хизматлари, технологияларини модернизация қилиш ёки янгиларини ишлаб чиқиш соҳасида амалга ошириладиган ўзгаришлар тижорат банкида инновацион жараён таҳлилининг предмети ҳисобланади. Банк менежменти соҳасида ўринга эга бўлган ва ташкилий ўзгаришларга мансуб бўлган ўзгаришлар кўпинча банк бизнеси юритиш техникаси ва технологиясидаги ўзгаришлар билан боғлиқликда кўриб чиқилади.

Банк инновациялари банк секторининг ичида бўлади. Ушбу феноменни атроф-муҳитдан ажралган ҳолда муайян банк доирасида ўрганишга ҳар қандай ҳаракатлар на ушбу ташкилотнинг мамлакат ичкарисидаги ўрнини (асосий рақобатчиларга нисбатан), на банкда инновацион технологиялар ривожланганлик даражасини баҳолаш мумкин бўлмаган вазиятга олиб келади.

Худди шу тарзда, бевосита рақобатли муҳитни ўрганмасдан, муайян тижорат банкининг амалдаги ва истиқболдаги салоҳиятини аниқламасдан туриб мамлакат банк тизими даражасида инновацион фаолликни тадқиқ этиш тўлиқсиз ва мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисобланади. Буни шу билан изоҳлаш мумкинки, банкларда инновациялар муайян банк даражасида ҳам, бутун банк тизими даражасида ҳам узоқ муддатли барқарор ривожланишни таъминлаш учун жорий қилинади. Ниҳоят, ҳатто банк инновацион фаоллигини баҳолашнинг мавжуд услубиятларидан фойдаланган ҳолда ҳам, унинг асосида индивидуал, ҳар томонлама асосланган стратегия ва зарур ҳолларда муайян кредит ташкилоти учун банк инновацияларини мослаштириш тактикаси тузиш мумкин бўлган тарзда бирлаштирадиган қандайдир услубий восита ишлаб чиқиш талаб этилади.

Кредит ташкилоти инновацион фаоллигининг ички омиллари тўлалигича тижорат банкининг инновация сиёсатига боғлиқ бўлади. Ушбу жараённи тўғри баҳолаш мос келувчи услубиятга эҳтиёж сезади. Бизнинг фикримизча, тижорат банкининг инновацион фаоллиги, кредит ташкилотининг сифат тавсифномаси тарзида миқдорий баҳолашга эҳтиёж сезади, чунки бугунги кунда қўлланаётган статистик кўрсаткичлар (тадқиқот ва ишланмалар харажатлари, инновацион соҳада банд бўлганлар сони ва б.) тижорат банкининг инновацион фаоллик даражасини тўғри баҳолашга имкон бермайди. Мазкур камчилик тадқиқотчиларнинг асосий эътибори ёки харажатларга, ёки инновацион фаолият қатнашчилари сонига қаратилган эканлиги билан боғлиқ бўлиб, бунда тижорат банкининг инновацион фаолиятини кучайтиришга ҳақиқатда хизмат қиладиган барча омиллар тўлиқ ҳисобга олинмайди.

Тижорат банкининг инновацион фаоллигини баҳолаш учун ушбу жараёнга таъсир этадиган омилларга муаллиф таснифи таклиф этилади. Таклиф қилинаётган ёндашув мавжуд ёндашувлардан тизимли белгиларни комплексли қамраб олиш услубий усулидан фойдаланиш билан фарқ қилади, бу эса банкнинг инновацион фаолиятини шакллантириш учун шароитларни аниқлаш вазифасини ҳал қилишга имкон беради.

Бизнинг тадқиқотимизда тизимли ёндашувдан фойдаланиш тижорат банкининг инновацион фаоллик мезонларини аниқлашга имкон берган бўлиб, улар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:

  • банк маҳсулотлари ва хизматларининг инновационлиги;
  • банк персоналининг инновационлиги;
  • банкда фойдаланиладиган техник воситалар ва дастурий таъминот инновационлиги.

Биргаликда ташкилотнинг инновацион фаоллигини тавсифлайдиган тижорат банки инновационлигининг ҳар бир йўналишини баҳолаш учун индекслардан фойдаланиш таклиф этилади. Бу Ўзбекистон тижорат банклари инновацион фаоллиги ҳақида маълумотлар йўқлиги, шунингдек, мамлакат банк тизими инновационлик даражасини тавсифлайдиган бирон-бир норматив йўқлиги билан изоҳланади.

Тижорат банки инновацион фаоллигини баҳолашнинг муҳим жиҳатларидан бири эталон вариантни танлаш ҳисобланади. Эталон сифатида қуйидагиларни акс эттирадиган кўрсаткичларни қабул қилишни таклиф этилади:

  • баҳоланаётган омиллар ривожланиш даражасининг жаҳон стандартлари;
  • мамлакат банк тизимида инновацион фаоллик ўртача даражаси;
  • энг илғор банкда инновацияларнинг ривожланганлик даражаси.

 

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Мирзиёeв Ш.М. Ўзбeкистoн Рeспубликaси Прeзидeнтининг Oлий Мaжлисгa Мурoжaaтнoмaси. 25.01.2020
  2. Ўзбeкистoн Рeспубликaси Прeзидeнтининг 2020 йил 12 майдaги ПФ-5992-сoнли фaрмoни. 2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида. – Тoшкeнт, 2020.
  3. Ильичев, В.Б. Банковские инновации как элемент стратегии коммерческого банка / В.Б. Ильичев // Финансовые исследования. – 201 – № 24. – С. 14–19.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *