Ўзбекистонда бюджет-солиқ сиёсати ва уни такомиллаштириш йўналишлари

Умаров Жасур Максудович

Тошкент давлат иқтисодиёт университети 2-курс магистранти

Қосимов Самандар Ҳайдар ўғли

Ўзбекистон Республикаси давлат статистика Қўмитаси ҳузуридаги “Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар” институти таянч докторанти (Ph.D).

Аннотация. Ушбу мақолада бюджет-солиқ сиёсатининг ўзига хос бўлган энг асосий хусусиятлари, мамлакат ишлаб чиқарувчи кучларининг ривожланишига ва барқарор иқтисодий ўсишга таъсир этиш йўналишлари кўрсатиб берилган.

Калит сўзлари.  Бюджет, молия, пул, кредит, фискал сиёсат, иқтисодий ўсиш, макроиқтисодий барқарорлик, ҳаракатлар стратегияси, солиқлар.

 

Бюджет-солиқ сиёсатининг ўзига хос бўлган энг асосий хусусияти шундан иборатки, бу сиёсат мамлакат ишлаб чиқарувчи кучларининг ривожланишига ва иқтисодий муваффақиятларга узлуксиз равишда таъсир кўрсатиб туришга йўналтирилган бўлиши керак. Биламизки, яқин ўтмишда мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига, маълум маънода, тўсқинлик қилиб қолган бюджет-солиқ сиёсати юргизилди. Бунинг устига шу даврлар мобайнида мамлакат тараққиётини таъминлашда фаол бюджет-солиқ сиёсатнинг ролига етарлича баҳо берилмади. Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ва энг аввало, иқтисодий соҳада молиявий муносабатларнинг роли бузиб кўрсатилди. Молия ва молиявий дастакларнинг фаол роли инкор этилиб, бюджет-солиқ сиёсат талаб этилган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган зарур усулларни ишлаб чиқишга ожизлик қилиб қолди. Ривожланишнинг узоқ даврига мўлжалланган ва илмий жиҳатдан асосланган концепцияларнинг ишлаб чиқилмаганлиги, кам самара берадиган, қисқа муддатли фойда олишни кўзлаб амалга оширилган чора-тадбирлар иқтисодиётни қийин аҳволга олиб келди.

Ўзбекистон иқтисодий ривожланишда бозор муносабатларига юз тутар экан, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида бўлгани каби, молиявий муносабатларида, шу жумладан бюджет-солиқ сиёсатида ҳам чуқур ислоҳотларни амалга оширишга тўғри келди. Белгиланган стратегик вазифалар давлатнинг тактик чора-тадбирлари асосида бажарила бошланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7-феврал “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги 4947-сонли Фармонини қабул қилиниши мамлакатимиз келажагини белгилайдиган ҳамма соҳадаги стратегияни яратди .

Бу борада Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлиги ҳамда янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг қабул қилиниши билан бюджет-солиқ сиёсати тизимида қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Буни 2021 йил 1 январдан бошлаб эса, Солиқ кодексининг умумий қисми бўйича эндиликда барча солиқ турлари бўйича солиқ ставкалари Солиқ кодекси билан белгиланишини ижобий фаолият деб қайд этиш мумкин. Мамлакатимизда пул-кредит сиёсати, баҳо сиёсати, инвестицион сиёсат, ижтимоий сиёсат, мигарацион сиёсат ва бож сиёсатида ҳам кескин ижобий силжишлар самарали тарафга ўзгарди.

Ўзбекистон ҳам бошқа мамлакатлар қатори COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатлари билан тўқнаш келди. Карантин чеклов чораларини киритиш шароитида эпидемиологик холатнинг сезиларли ёмонлашуви ҳамда иқтисодий фаолликнинг пасайиши бюджет-солиқ сиёсатини юмшатиш, соғлиқни сақлаш харажатларининг ортиши ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича тезкор чоралар кўришни тақозо этди. Натижада, иқтисодий ўсишнинг секинлашуви шароитида қўшимча ташқи қарзни жалб қилиниши билан бюджет тақчиллиги ва ташқи қарз ҳажмининг ортиши кузатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 03 апрел “Коранавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субьектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5978-сонли Фармони33 қабул қилиниши иқтисодиёт тармоқларини ва аҳолини қўллаб-қувватлашда ўз ижобий натижаларини берди.

Эндиликдаги асосий вазифаларимиз мамлакатимиз бюджет-солиқ сиёсати муаммолари қаторига унинг давр билан ҳамнафаслигини таъминлаш, унинг давлатимиз ривожланишининг ўзгарган шароитларига тезда мослаша билишини таъминлаш, ўз ечимини кутаётган вазифаларни ҳал этиш учун керакли усулларни ўз вақтида топа билиш, стратегик концептуал ечимларни ишлаб чиқиш, маблағларга қараб яшаш талабига риоя этилишини таъминлаш, фуқаролар ижтимоий талаб-эҳтиёжларини қондиришнинг молиявий базасини, яъни асосини белгилашда қолдик усулидан ижтимоий харажатларнинг адреслилигини таъминлашга ўтиш каби тадбирлар киради.

Шу билан биргаликда ҳозирги шароитда ишлаб чиқилган давлат бюджет-солиқ сиёсати концепциясининг мақсади иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, ижтимоий ишлаб чиқариш самарадорлигини бутун чоралар билан ошириш асосида жамият аъзоларининг турмуш фаровонлиги даражасини таъминлашдан иборат. Бюджет-солиқ сиёсати стратегиясининг ижтимоий йўналтирилганлиги халқ фаровонлигини оширишга юбориладиган молия ресурсларини кўпайтириш имкониятларини қидириб топишда намоён бўлибгина қолмай, балки иқтисодий сиёсатнинг бош мақсадига бутунлай янгича ёндошувда ҳам намоён бўлади ва эндиликда аҳоли турмуш даражаси ва ишлаб чиқаришнинг ўсишини молия ресурслардан самарали фойдаланиш йўналишларини белгилайди.

Бюджет-солиқ сиёсатини фаоллаштириш мақсадида молиявий ресурсларни қайта тақсимлаш амалиётини тубдан ўзгартириш катта аҳамиятга эга. Бюджет воситасида, шунингдек, юқори ташкилотлар орқали амалга ошириладиган «вертикал» услубга қарама-қарши молиявий ресурсларни молия бозори орқали «горизантал» қайта тақсимлаш ҳам борган сари янада кенг ривож топади. Маблағларнинг ўтказиб турилиши эса молиявий ресурслардан талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда фойдаланишни назарда тутади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мамлакатимизда бюджет-солиқ сиёсатини такомиллаштириш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

  • Давлат бюджетидаги дефицитни йўл қўйилган энг кам даража доирасида (ЯИМнинг 3-4%и атрофида) чеклашга йўналтирилган қаттиқ молиявий сиёсатни амалга ошириш.
  • Давлат харажатларининг биринчи навбатда иқтисодиётдаги зарур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, ишлаб чиқаришнинг ўсишини кўзлаб йўналтиришни таъминлаш.
  • Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш талабларидан келиб чиққан ҳолда, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, аҳолининг конституция билан кафолатланган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминловчи молиявий базани яратиш, эркин меҳнат ва ишбилармонлик асосида аҳоли турмуш даражасини кўтариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш. Ижтимоий ҳимоянинг адресли бўлишига, молиявий маблағларнинг ижтимоий ёрдамга ҳақиқатда муҳтож аҳоли қатламларига етиб боришини таъминлаш.
  • Давлат бюджети ва корхоналар молиявий аҳволининг барқарорлигини таъминлаш.
  • Бюджет интизомига қатъий риоя қилиш.
  • Солиқ сиёсатини эркинлаштириш ва такомиллаштириш.
  • Маҳаллий бюджетларни шакллантириш манбалари бўлган республика солиқлари билан маҳаллий солиқлар ўртасида аниқ чегара ўтказиш.
  • Давлат бюджети даромадларини катта қисмини маҳаллий бюджетларга бериш, уларнинг даромад манбаларини мустаҳкамлаш.
  • Солиқ сиёсати белгилаб берган чора-тадбирларни амалиётга тадбиқ этувчи тегишли бюджет-солиқ механизмини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш ва бошқалар.

Демак, давлат бюджет-солиқ сиёсатини мамлакат молия тизимининг барча бўғинларида молиявий ресурсларнинг ўсишини мутаносиблаштирилган ҳолда таъминлаш бўйича давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг асосий қисми сифатида қараш керак.

 

Адабиётлар рўйхати

  1. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 25 декабрдаги “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги ЎРҚ-657-сонли Қонуни.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7-феврал “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги 4947-сонли Фармони.
  3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. 29.12.2020 йил.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *