ҲУДУДЛАР ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНИШ БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШДА ИННОВАЦИЯЛАРНИНГ ЎРНИ ВА ИСТИҚБОЛЛАРИ

Худойбердиев Равшан Уктамжонович

Тошкент давлат иқтисодиёт университети 2-курс магистранти

Аннотация. Ушбу мақолада Ўзбекистон ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш барқарорлигини таъминлашда инновацияларнинг ўрни ва истиқболлари таҳлил этилган.

Калит сўзлари. Иқтисодий ўсиш, инновация, прогноз, моделлаштириш, ишлаб чиқариш омиллари, фан-техника, кооперация, менежмент, технология.

 

Иқтисодий ўсишга таъсир қилувчи ва ишлаб чиқаришда амал қиладиган кучлар унинг омиллари ҳисобланади. Ўсиш юз бермаса иқтисодиёт статик (ўзгармас), аксинча бўлса динамик (ривожланувчи) ҳолатда бўлади. Иқтисодий динамикани эса ишлаб чиқаришни ўстирувчи омиллар таъминлайди. Энг сўнги иқтисодий ўсиш назарияларига кўра омилларнинг асосийлари: табиий ресурсларнинг миқдори ва сифати; мехнат ресурсларининг микдори ва сифати; ишлаб чиқаришдаги асосий капитал (фонд) миқдори ва таркиби; ишлаб чиқаришнинг технология даражаси. Бу ишлаб чиқариш омилларининг хажми ва сифатини билдиради, иқтисодий ўсиш имкониятларини англатади.

Иқтисодий ўсишни таъминлашнинг қуйидаги йўллари мавжуд:

  • ишлаб чиқариш структурасини яхшилаш;
  • фан-техника тараққиётини жадаллаштириш, ишлаб чиқариш ва маҳсулотнинг техник — иқтисодий даражасини кўтариш, фан ва техника ютуқларини жорий этиш муддатини қисқартириш;
  • ишлаб чиқаришни ихтисослаштириш, кооперациялаш, комбинатлаштириш ва ҳудудий жойлаштириш даражасини ошириш;
  • бошқаришнинг структурасини, молиялаш, баҳолаш ва кредитлаш ҳамда рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш;
  • инсон омилини кучайтириш асосида меҳнаткашларнинг ижодий фаоллигини ва ташаббусини оширишни йўлга қўйиш;
  • инвестицияларни кенг жалб қилиш

Иқтисодий ўсишини таъминлашнинг ҳал қилувчи йўлларидан яна бири фан-техника тараққиётини жадаллаштириш орқали инновацияларни жорий қилишдир.

Инновациялар қўллаш хусусиятларига кўра иккита гурухга ажратилади:

  • янги маҳсулотларни, буюмларни, моддаларни, ярим фабрикатларни, бутловчи қисимларни қўллашни жиддий янги ёки мукаммаллаштирилган маҳсулотларни яратишни қамраб олган маҳсулот кўринишидаги инновациялар;
  • ишлаб чиқаришни ташкил қилиш янги усулларни, янги жараёнларни, янги технологияларни ва улар билан боғланган янги жихозлар ва асбоб-ускуналарни қамраб олган жараён кўринишидаги инновациялар.

Инновацияларни қуйидаги турларини ажратилади:

  1. Қатъийлигига (янгилигига) кўра: йирик ихтироларни амалга оширадиган ва техникани янги бўғинларини ва ривожланиш йўналишларини шакллантирилишга асос бўладиган базис инновациялар; одатда майда ва ўрта ихтироларни амалга оширадиган ва илмий-техник ривожланиш даврни тарқалиш ва барқарор босқичларида устунлик қиладиган яхшилайдиган инновациялар; эскирган техника ва технология бўғинларини қисман яхшиланишига қаратилган сохта инновациялар.
  2. Қўлланиш хусусиятларига кўра: янги маҳсулотларни ишлаб чикаришга ва ишлатишга йўналтирилган маҳсулот инновациялари; янги технологияни яратишга ва татбиқ қилишга қаратилган технологик инновациялар; янги тузилмаларни қуриш ва ҳаракатлантиришга мосланган ижтимоий бир неча ўзгаришларни ифодалайдиган комплекс инновациялар; янги бозорларда маҳсулотларга, хизматларга бўлган эҳтиёжларни қондирадиган бозор инновациялари.
  3. Келиб чиқиш сабаби ва манбаси бўйича: фан ва техника ривожланишидан келиб чиккан инновациялар; ишлаб чиқаришнинг эҳтиёжларларидан келиб чиккан инновациялар; бозор эҳтиёжларларидан келиб чиккан инновациялар.
  4. Қайта ишлаб чиқариш жараёнидаги ахамиятига кўра: истеъмол инновациялар; инвестицион инновациялар;
  5. Инновацияни масштаби бўйича: мураккаб (синтетик) инновациялар; содда инновациялар.

Ўзбекистонни иқтисодий салохиятини ривожланишининг асосий омилларидан бири — иқтисодиётни инновацион ривожланиш йўлига ўтказишдир. Бу йўналишни асосий мақсади ишлаб чиқаришни технологик даражасини ва рақобатдошлигини ошириш, инновацион маҳсулотни ички ва ташқи бозорларига чиқишини таъминлаш, ички бозорда импорт маҳсулот ўрнини эгаллаш, экспортга мосланган иқтисодиёт тизимини яратишдир.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикасида миллий инновацион тизимини яратиш нафақат илмий-техник соҳанининг муҳим вазифаси, балки миллий иқтисодиётнинг рақобатдошлигини ошириш вазифаси хамдир.

Иқтисодиётни модернизация қилиш унинг барқарор ривожланишини таъминлайди. Ишлаб чиқаришни замонавийлаштиришда техника технологияни янгилаш, энергия манбаларини тежаш, ишлаб чиқарилаётган товар турларини кўпайтириш мақсадлари ётади.

Мамлакатимизда иқтисотиётни модернизация қилишга фақатгина макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш сифатида эмас балки аҳоли даромадлари манбалари турларининг кўпайиши, аҳолини иш билан таъминлаш, маҳаллийлаштириш, ички бозорни товарлар билан тўлдириш, мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш масалалари сифатида ҳам қаралмоқда. Масалан, иқтисодиётни модернизация қилиш шароитида аҳоли даромадлари таркибида қатор ўзгаришлар содир бўлди. Асосан даромад шакллари ўзгариши, даромадларнинг миқдор ва сифат жиҳатидан таркибий қисмлари ўзгариши, даромадлардан фойдаланишнинг янги йўналишлари пайдо бўлиши  аҳолини моддий жиҳатдан рағбатлантириб, интилиши ва изланиши учун стимул вазифасини ўтамоқда. Ўз навбатида модернизация жараёнлари ишлаб чиқариш корхоналарини ҳам рағбатлантиради, ҳам янги товар турларини ишлаб чиқариш, маҳсулот сифатини яхшилаш талабини қўяди.

Иқтисодиётни модернизация қилиш жараёнлари иновацияларнинг жорий қилиниши билан бирга юз беради. Бирини иккинчисисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Модернизация янгилаш, замонавийлаштириш маъноларини билдирса, иновация янгиликларни жорий қилиш деган маънони билдиради. Иновация жараёнлари модернизациянинг ичида кетади. Агар модернизациялашни стратегия деб олсак, иновация жараёнларини стратегияни амалга ошириш борасидаги тактик фаолият деса бўлади.

Иқтисодиётни модернизация қилинишида иновацион жараёнларнинг асосан учта йўналиши муҳим ҳисобланади:

  1. Хорижий техника технологияларнинг ишлаб чиқаришга жорий қилиниши.
  2. Мамлакатнинг илм-фан слоҳияти, илм фан ютуқларини, янгиликларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, илмий муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ўзаро ҳамкорлиги.
  3. Ишчи кучининг сифат даражасининг юқори бўлиши, тайёрланаётган кадрларнинг билим даражаси ва уларнинг янгиликка интилиши, янги техника технологияларни ўзлаштириш кўникма ва қобилиятларининг шакллантирилганлиги.

Ўзбекистон шароитида хорижий техника-технологияларнинг ишлаб чиқаришга жорий қилинишида қулай ивестицион муҳит, хорижий ивесторларнинг ҳуқуқларининг кафолатланиши, қулай ички ва ташқи бозорнинг бўлиши муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Иқтисодиётнинг модернизация қилинишида мамлакатнинг илм-фан салоҳияти, илм фан ютуқларини, янгиликларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, илмий муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ўзаро ҳамкорлиги катта роль ўйнайди. ХХ асрнинг 50 йилларида АҚШда бошланган илмий техника инқилоби илмий муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ҳамкорлиги ва боғланиши натижасида вужудга келган эди ҳозиргача давом етмоқда.

Бугунги кунда жаҳонда бир неча миллион киши илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланади. АҚШ, Япония, Франция, Германия ва Буюк Британия улкан илмий салоҳиятга эга, бўлган мамлакатлар ҳисобланади.

Ҳозирги кунда илм фан соҳасида Ўзбекистон Марказий Осиёдаги йирик марказлардан бири ҳисобланади. Бу марказ тадқиқот учун зарур бўлган ривожланган моддий асосга, кенг илмий фондига, малакали илмий кадрларига эга. Уларнинг илмий ютуқлари бутун дунёда эътироф этилган.

Республиканинг илмий-текшириш мажмуаси академик, олий таълим мажмуалари ва турли соҳадаги 362 та муасассаларни ўз ичига олади, шу жумладан: 101 илмий-тадқиқот институтлари, 55 ўқув юртлардаги илмий- тадқиқот бўлинмалари, 65 лойиҳа-конструкторлик ташкилотлар, 32 илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари ва тажриба корхоналари, 30 ахборот хисоблаш марказлари.

Ўзбекистон шароитида илм фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш масаласи энг асосий масалалардан биридир. Бундай янгиликлар билан ишлаб чиқарувчиларни яқиндан таништириш кооперацион алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида бир неча йилдан буён пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» мажмуида Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.

Кашфиётлар, ихтиролар ишлаб чиқаришга жорий қилиниши билан муҳим аҳамиятга эга. Яъни, янгиликнинг ахамияти уни ким яратганлигида эмас, ундан ким қандай фойдаланганлигидадир. Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси турли илмий муассасалар, инженер конструкторлик ташкилотлари билан ишлаб чиқарувчи корхоналарни ўзаро боғлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш шароитида давлатнинг илмий технологик тараққиёт соҳасида инновация ва инвестиция фаолияти учун зарур иқтисодий имкониятлар яратиш ўз таркибига солиқ, молия, амортизация, кредит ва божхона сиёсати кабиларни қамраб олувчи билвосита тартибга солишни амалга ошириш давлатнинг асосий вазифаларидан саналади.

Давлат томонидан инновация жараёнларини тартибга солишнинг зарурати, аввало, уларнинг иқтисодиёт ва жамият учун аҳамияти ошаётганлиги билан боғлиқдир. Мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти экстенсив ва интенсив омилларнинг мослигига таянади. Ҳозирги даврда ишлаб чиқаришга янги ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодий ўсишга эришиш имконияти чеклангандир. Шу сабабли иқтисодий тараққиётда интенсив омиллар ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Демак, инновацияларнинг умумижтимоий моҳиятининг асосий жихати уларнинг макроиқтисодий кўрсаткичларга ҳал қилувчи таъсири ҳисобланади. Бундан ташқари, инновациялар ижтимоий ишлаб чиқариш тузилишига, институтционал иқтисодий механизмларга, ижтимоий барқарорликка, атроф-мухитга, иқтисодий хавфсизлик даражасига ва энг асосийси жаҳон хўжалиги тизимидаги миллий иқтисодиётлар рақобатбардошлигига таъсир этади.

Демак, давлат инновация жараёнларини бугунги кунда айнан улар мамлакат тараққиёти истиқболини белгилаганлиги туфайли ҳам тартибга солиши лозим.

Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни таъкидлаш мумкинки, давлат инновация сиёсати 3 асосий йўналишга ажратилади:

  • Инновация фаолиятини фаоллаштиришни таъминлаш. У ўз навбатида қуйидагиларга бўлинади: фундаментал тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, мамлакатда корхоналар томонидан амалга ошириладиган тижорат инновациялари учун зарур иқтисодий-ижтимоий мухитни яратиш;
  • Таълим, маънавият, экология, ижтимоий химоя, мудофаа каби соҳаларда давлат маъсулияти талабларига жавоб берувчи инновацияларни яратиш ва тарқатиш борасидаги мақсадли дастурлар бўйича давлат буюртмаларини молиялаштириш;
  • Алоҳида корхоналар учун манфаатдор, аммо зарур даражада юқори даромад келтирмайдиган ишланмалар ва янгиликларни қўллаб-қувватлаш ва танлаб рағбатлантиришни амалга ошириш.

Юқорида берилган йўналишларни биринчиси, умуман, миллий корхоналар рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган, жумладан, корхоналарда ишчи ўринларини сақлаш ва яратиш бўлиб, мазкур мақсадлар учун солиқ тўловчилар ҳисобидан тушувчи маблағлар сарфланади.

Иккинчи йўналиш таъминотчилар ва индивидуал истеъмолчилар ўртасида бевосита икки томонлама келишувлар асосида ўзлаштирилиши ёки сотилиши мумкин бўлмаган истеъмол бозорига хизмат кўрсатади.

Учинчи йўналиш иккинчи йўналиш билан муносабатга эга, аммо унча кучли бўлмаган оралиқ ҳодисалар учун мос бўлиб, уларнинг ташқи ижтимоий самаралари ўз ўрнига эга ва давлатнинг нотижорат меъзонлари у ёки бу инновацияларга нисбатан қўлланилади.

Айни дамда, инновацион фаолиятини анъанавий ишлаб чиқариш фаолиятидан ажратувчи тамойиллар тавсифи мавжудлигини ҳисобга олиш зарур:

  1. Инновация характерига эга бўлган ва фақат келгусида қопланиши мумкин бўлган қўшимча харажатларга эхтиёжнинг мажудлиги. Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар бир алоҳида олинган инновацияларда бу сарфлар индивидуал характерга эга бўлади – улар ҳажми, қайтариш тезлиги кўпгина объектив ва субектив холатларга боғлиқ бўлади;
  2. Инновацияга сарфлар ва уни жорий этишдан олинадиган самара вақт бўйича мос келмайди. Жумладан, қандайдир янги маҳсулотни ишлаб чиқариш бутун даври давомида амалга оширилган сарфлар уни сотиш бошланиши билан қопланмай, маълум муддат ўтишини талаб этади. Инновацияларнинг қопланиш ҳисоб-китобида вақт омили дисконтлаш усулини қўллаш оқали амалга оширилади. Бу ҳўжалик субъектининг жорий ва истиқболдаги манфаатлари бирлигини бузувчи ҳусусият бўлиб, инновация фаолияти билан шуғулланиш истагига салбий таъсир кўрсатади;
  3. Режалаштирилган натижаларга эришишда ноаниқ унсурлар ва хавфларнинг мавжудлиги.

Илғор инновацияларнинг кичик фоизларни ташкил этиши, бунда илғор инновациялар нафақат ўзи учун, шунингдек, самарасиз ғоялар учун сарфларни компенсациялайди.

  1. Анъанавий ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар молиявий кўрсаткичлари ёмонлашувининг олдини олиш учун алоҳида бюджет зарурати.
  2. Анъанавий фаолиятдан фарқ қилувчи инновация фаолиятини баҳолаш меъзонларининг қўлланиши. Масалан “фойданинг йиллик ўсиши” меъзонини ҳар доим ҳам қўллаб бўлмайди, чунки инновация маҳсулоти яқин истиқбол уч-тўрт йилда ҳеч қандай фойда бермасдан, шундан сўнг фойда кескин кўтарилиб кетиши мумкин.
  3. Барча эскирган воситалардан тизимли равишда воз кечиш, бу эса ўз навбатида ресурсларни янги ишлаб чиқаришни амалга ошириш учун озод этиш имконини беради.
  4. Натижалардан ресурслар сарфига инвестицияларга қараб узвий алоқанинг йўқлиги.
  5. Аниқ оралиқ натижалар бермайдиган инновацияга маблағ сарфлашнинг олдини олиш мақсадида ишни тўхтатиш мумкин бўлган муддатни тўғри танлаш.

Мамлакатимизда иқтисодий ўсишга, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга хамда иқтисодиётнинг барча тармокларида рақобатдошлик кўрсаткичини оширишга эришиш, биринчи навбатда ишлаб чиқариш сохасини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жихозлашга боғлиқ. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жихозлаш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини жадал янгилаш биз учун энг мухим устувор вазифа сифатида изчил давом эттирилади.


Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ўз-ўзидан мамлакатимизда товарлар ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиладиган барча турдаги иқтисодий ресурсларни оқилона ишлатишда асос бўлади.

1-расм. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлашнинг ресурсларни тежашдаги таъсири.

Бизга маълумки, ҳар қандай мамлакат миллий бойлигининг ортиши, унинг иқтисодий ўсиши, фақат табиий ресурслар ҳисобидан эмас, балки ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган техника ва технологиясининг ривожланганлик даражасига ҳам боғлиқ. Бу ҳолатни буюк математик П.Пильцер қуйидаги формула орқали изоҳлаган:

W = P × T n,

бу ерда, W – мамлакатнинг бойлиги, P – табиий ресурслар, T – технология,

n – техника тараққиётининг технологияга таъсир даражаси.

Мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлида белгиланган асосий вазифалар ҳисоблаш ислоҳотларни давом эттириш, чуқурлаштириш, мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилиш, макроиқтисодий мувозанатни таъминлаш ҳамда иқтисодиётнинг асосий етакчи соҳаларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, транспорт ва инфратузилма коммуникацияларини ривожлантиришга қаратилган стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун фаол инвестиция сиёсатини олиб бориш каби долзарб масалалар жорий йил учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ички манбаларни йўналтириш асосида иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини жадал модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, транспорт коммуникацияларини янада ривожлантириш, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш кўзда тутилади.

 

 

Адабиётлар рўйхати

  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. 29.12.2020 йил.
  2. cbu.uz – Ўз.Р. Марказий банкининг расмий сайти.
  3. www.milliybank.uz – ТИФ “Миллий” банкининг расмий сайти.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *