Соғлиқни сақлаш соҳасида ва унинг пандемия шароитидаги бюджет харажатлари тахлили

Банк-Молия Академияси тингловчиси

Маматов Нодирбек

Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимида доимий амалга оширилаётган ислоҳотлар сабабли шифохоналарида моддий-техник базаси ривожланиб бормоқда.

Айтиш лозимки, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш, халқимизга тиббий ёрдам кўрсатиш ишларини халқаро даражага олиб чиқиш борасида ислоҳотлар амалга ошириляпти.

Натижада, соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинларида муҳим ўзгаришлар рўй бермоқда. Тиббиётнинг бирламчи тизимидан тортиб, ихтисослашган марказларда янги технологиялар татбиқ этилмоқда. Дунё илм-фани ва тиббиёт ютуқларидан кенг фойдаланилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлис палаталарига қилган Мурожаатномасида “Пандемия сабоқларидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўлами янада кенгайтирилади. Жумладан, барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш чоралари кўрилади. Шунингдек, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина йўлга қўйилиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятлар янада кенгайтирилади” деб таъкидлаб ўтди. Бу эса, соғлиқни сақлаш соҳаси олдида турган вазифаларнинг йилнинг долзарб масалалардан эканлигини акс эттиради. Бу ўринда, соғлиқни сақлаш соҳасида бюджет харажатлари механизмини такомиллаштириш ва бунинг натижасида давлат бюджети маблағларини мақсадлилик даражаси ортишига ҳам эътибор қаратишга дастлабки қадамлар қўйилмоқда.

Соғлиқни сақлаш бу–аҳоли соғлигини муҳофаза қилишга йўналтирилган ижтимоий, иқтисодий ва тиббий тадбирлар тизими. Соғлиқни сақлаш касалликларнинг олдини олиш ва даволаш, соғлом турмуш ва меҳнат шароитини яратиш, юқори меҳнат қобилиятини ва узоқ умр кўришни таъминлашга қаратилган умумий тадбирларни кўзда тутади; унинг асосий вазифаси беморларга замонавий, ихтисослашган ҳамда мос тарзда ёрдам кўрсатишдан иборат.

Соғлиқни сақлаш соҳаси Ўзбекистон ҳудудида узоқ тарихга эга. Айниқса, ўрта асрда бу ҳудудда табобат илмида юқори босқичларга эришилди. Шу даврда юнон ва бошқа тиллардан қадимий тиббий асарлар араб тилига таржима этилиб, улардаги тавсиялар амалиётда қўлланила бошлаган. Бунинг натижасида янги асарлар яратилган. Жумладан, Абу Райҳон Берунийнинг «Тиббиётда доришунослик» («Китоб ассайдана фи-т-тиб»), Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» («Ап Қонун фи-т-тиб») асарлари машҳур бўлиб, жаҳон табобатида узоқ даврлар мобайнида асосий қўлланма бўлиб келган. Абу Али Ибн Сино даволашнинг янги усулларини қўллаб ўз даврида жуда машҳур бўлди. Кейинги даврларда ҳам табиблик мазкур ҳудудларда соғликни сақлашнинг асосий шакли бўлиб келди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасини қайтадан ислоҳ қилиш бошланди, соғлиқни сақлаш тизимининг асосий тамоили – профилактик йўналишни тиклаш; унинг замонавий ва самарали усулларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш кучайтириш ишлар асосан бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириб келинди.

Бутун дунёнинг сўнги йилларда ўзининг аёвсиз тўлқинлари билан синаб келаётган коронавирус мамлакат иқтисодиётига катта салбий таъсирларини кўрсатиб келмоқда. Шу нуқтаий назардан қаралганда, касалланган бир беморга сарфланаётган маблағлар ва унинг натижадорликни кўриб ўтамиз.  Мамлакатимизда 2021 йил 1 апрел ҳолатига касалланганлар сони 81 303 кишини ташкил этганда бу кўрсатгич дунё бўйича
129 607 542 кишини ташкил қайд этиб, зарарланганлардан 73 451 626 нафари мазкур инфекциядан тузалган, 2 827 520 нафари эса вафот этган.

Мазкур пандемияни мамлакатлар иқтисодиётига ва инсонларга таъсирини бартараф этиш соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари зиммасидир. Мамлакатларда коронавирус беморларини даволаш бўйича харажатлар ҳам иқтисодий ўсиш суратларига қараб фарқ қилмоқда. Баъзи ҳолатларда даволаниш учун маблағлар тўлиқ давлат томонидан қопланаётган бўлса, баъзиларида фуқаролар тиббий суғурталаридан, суғурта бўлмаган тақдирда ўз ҳисобларидан даволаниш учун тўлашлари керак бўлмоқда.

Амерка қўшма штатларида коронавирус беморларининг даволиниш харажатлари уларнинг тиббий суғурталари томонидан қопланади. Битта коронавирус беморини даволашнинг ўртача қиймати 30 000 доллар миқдорига тенг бахоланмоқда. FAIR Health ташкилоти таҳлилларига кўра, тиббий суғуртаси бўлмаган ёки суғуртаси коронавирусга ўхшаш касалликлар даволанишини назарда тутмаган фуқаролар COVID-19 билан касалланса, 42 000 доллардан 74 000 долларгача харажат қилишларига тўғри келиши мумкин.

Бунда, суғурталанмаган фуқаро 6 кунлик госпитализация учун 73 300 доллар атрофида тўлаши керак бўлса, суғуртаси борлар даволаниш маблағининг бир қисмини, 38 220 долларини тўлашлари керак бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, телетиббиёт хизматлари ҳам мавжуд (суғурта мавжуд бўлганда 34 долларга тенг).

Хитойда даволаниш жараёни билан боғлиқ барча харажатлар давлат томонидан қопланиб, ҳозирги пайтга қадар умумий харажатлар миқдори 1,35 млрд юанга тенг бўлган. Хитой ҳукумати битта коронавирус беморини даволаш учун ўртача 3 200 доллар сарфлаган. Оғир аҳволдаги коронавирус беморини даволашга ўртача 21 200 доллар, алоҳида ҳолатларда ўта оғир аҳволдаги беморларни даволашга 141 000 долларгача маблағ сарфланган.

Хитойда беморларни даволаш, профилактика чоралари ва эпидемия билан курашиш учун жами 23 млрд доллар атрофида маблағ ажратилган.

Россияда коронавирус ҳолатларини даволаш учун харажатлар 2020 йилнинг 12 апрелга қадар давлат бюджетидан қопланган ва мазкур
12 апрел санасидан бошлаб тўловлар Мажбурий суғурталаш жамғармасидан амалга ошириладиган бўлди.

Мамлакатнинг турли ҳудудларида коронавирусни даволаш учун сарфланаётган харажатлар миқдори фарқ қилади. Санкт-Петербургда коронавирусдан даволаш учун ҳар бир беморга 352 доллардан 7335 долларгача сарфланмоқда.

Аҳволи енгил бўлган беморни даволашга 352 доллар, ўрта аҳволдаги коронавирус бемори учун 1833 доллар ва оғир аҳволдаги беморни даволаш учун 7335 доллар харажат қилинмоқда.

Қозоғистонда битта коронавирус беморини даволаш учун кунига 15 минг тенге (38 доллар) атрофида маблағ сарфланмоқда.

Мамлакатда коронавирус инфекцияси ҳолатларига боғлиқ тўловлар «Ижтимоий тиббий суғурта жамғармаси» томонидан амалга оширилади. Жамғарма белгиланган тарифларга кўра, бир кунлик

  • карантин госпитализацияси учун 26 379 доллар ;
  • провизор госпитализацияси учун 29435 доллар;
  • стационар шароитда юқумли касалликлар бўлимида даволанган бир ҳолат учун 38 286 доллар тўлов ажратилган.

Қирғизистонда беморлари бепул, давлат ҳисобидан даволанишмоқда.

Коронавирус беморлари бепул даволанади. Дори-дармонлар, тиббий мақсадда ишлатиладиган ускуналар ва стационардаги койка-ўринларнинг барчаси учун харажат давлат томонидан қопланади.

Маълум бўлишича, енгил аҳволдаги коронавирус беморини даволаш учун 107 доллар, ўрта аҳволдаги бемор учун 220 доллар, оғир аҳволдаги бемор учун 1007 доллар ва ўта оғир аҳволдаги бемор даволанишига
1600 доллар сарфланади.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалиниб даволанаётган ўрта аҳволдаги ҳар бир бемор учун 3200 доллар (32 миллион сўмдан) маблағ сарф қилинмоқда. Оғир аҳволдаги, жонлантириш бўлимида ётган ҳар бир беморларга ўртача 6 400  доллар (64 миллион сўм)дан маблағ сарфланмоқда.

Касалликдан даволанаётганлар ҳам, касалликда гумон қилинганлар ҳам, карантинда сақланаётганларнинг барчаси бепул, давлат бюджети ҳисобидан даволанмоқда.  Карантинда бўлиб турган фуқароларнинг ҳар бири учун 14 кунлик карантиндаги даври учун 240 доллар (2,4 миллион сўм) дан, коронавирусдан тузалиб, реабилитацияга олинган ҳар бир бемор тикланиши учун 280 доллар (2,8 миллион сўм) дан сарфланмоқда.

Юқоридаги ҳолатлардан маълум бўлишича, мамлакатимиз аҳолисининг мазкур касаллик билан боғлиқ даволанишлари учун давлат бюджетидан катта миқдорда маблағлар сарфланиб келинмоқда. Бунинг натижасида дунё мамлакатларига нисбатан коронавирус барқарор ҳолатда эканлигига эришилди.

Коронавирус пандемияси оқибатларини ҳисобга олган ҳолда, халқаро молия институтларининг прогнозларига кўра, 2020 йилда жаҳон иқтисодиёти ўртача 4-4,5 фоиз атрофида қисқариши такидланган. Пандемиянинг асоратлари Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам таъсир ўтказмасдан қолмайди. Шунга қарамасдан 2020 йилнинг якунига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,4 фоизга ўсди.

Бир сўз билан айтганда, пандемия шароитида бюджет маблағлари ҳисобидан ижтимоий соҳаларни тўлақонли фаолиятини молиявий таъминлаб бериш Президентимиз ташаббуси билан бундан 3-4 йил олдин бошланган кенг қамровли солиқ ва молия тизимини ислоҳ қилишнинг ижобий натижалари сифатида қараш мумкин.

Соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 13 638,5 млрд. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 069,7 млрд. сўмга (29,0 фоиз) кўп маблағлар ажратилган. Йўналтирилган маблағнинг жами Давлат бюджети харажатларидаги улуши 13,3 фоизни (2019 йилда 12,2 фоиз) ташкил этди.

Шу билан бирга, мамлакатимиз Президенти ва Ҳукумат қарорларига асосан тасдиқланган соғлиқни сақлаш соҳасига доир Давлат дастурлари ва марказлашган тадбирларга 2020 йилда 431,1 млрд. сўм ажратилиб, шундан 424,0 млрд. сўм (98%) маблағ ўзлаштирилган. Шунингдек, мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда коронавирус бўйича эпидемиологик вазият ёмонлашувининг олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган зарурий тадбирлар олиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасига ҳозирда юзага келган пандемия шароитида тасдиқланган бюджет маблағларидан ташқари Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ҳам маблағлар йўналтирилган. Жумладан, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий марказларига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирларга жами 2 440,3 млрд. сўм маблағ ажратилган.

Албатта, пандемияга қарши кўрилган комплекс чора-тадбирлар ва уларни ўз вақтида молиявий маблағлар билан таъминлаш йил бошида ушбу соҳани ривожлантириш, аҳоли соғлиғини сақлаш ҳамда соғлом турмуш кечириши борасида қўйилган мақсад ва вазифаларга эришиш имконини беради.

 

Адабиётлар рўйхати:

 

  1. Дурманов Б.Д. Система здравоохранения Республики Узбекистан: современное состояние, проблемы, перспективы. Аналитический доклад Центра экономических исследований. – Т., 2011. 2. «Соғлиқни сақлаш муассасаларини давлат бюджетидан маблағ билан таъминлаш тартиби ва амалдаги механизми» тўғрисида соғлиқни сақлаш вазири ҳисоботи.
  2. «Узбекистан: обзор системы здравоохранения» том 16 № 5 2015
  3. «Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларининг 2016 йилдаги молия-хўжалик фаолияти якуни ва 2017 йилга мўлжалланган истиқболли йўналишлари» тўғрисида соғлиқни сақлаш вазири ҳисоботи.
  4. www.minzdrav.uz
  5. www.lex.uz

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *