ЗАМОНАВИЙ ШАРОИТДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БАНК ХИЗМАТЛАР БОЗОРИНИНГ ҲОЛАТИ

Рахматов Темур Сотиболдиевич

Тошкент давлат иқтисодиёт университети таянч докторанти

 

Кириш

Банк тизимидаги ислоҳотларнинг асосий мақсади – тижорат банкларини мижоз учун ишлашга ўргатишга қаратилган. Шу жихатдан, банк тизимини трансформациялаш борасидаги ислоҳотларни амалга ошириш, замонавий, билимли кадрларга боғлиқ бўлиб,  банк соҳаси вакилларининг банк тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини ва мазмун-моҳиятини яхши ўзлаштирганлиги асосий омиллардан саналади.

Ҳаракатлар стратегиясининг 71-бандида барча хизмат кўрсатиш соҳаларида рақамли транформацияни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.  Давлат улушига эга бўлган банклар трансформацияси бўйича «йўл харита»ларини 2020 йил 1 июндан бошлаб амалга ошириш, шу жумладан аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга кўрсатилаётган банк хизматлари сифатини ошириш ҳамда замонавий чакана банк хизматлари турларини кўпайтириш чоралари белгиланган.

Шу мақсаддан келиб чиқиб, жорий йилда банк тизими фаолиятини кенг трансформациялаш, шунингдек, банк бизнесини юритишнинг замонавий моделларини жорий қилиш борасидаги белгиланган вазифалар ижроси Марказий банк ва тижорат банклари ўзаро ҳамкорлигининг амалий ва самарали шаклларини қўллашни тақозо этмоқда. Бундай ёндашув, пандемия шароитида аҳолида банк тизимига бўлган ишончни шакллантиришга  ва уни оширишга хизмат қилмоқда.

Банк хизматларининг спектри ҳар йили кенгайиб бормоқда, бозорда доимий равишда маҳсулот ва хизматларнинг янги турлари пайдо бўлмоқда. Ушбу омил кредит ташкилотлари ўртасидаги ҳар бир мижоз учун рақобатни кучайтиришга хизмат қилади. Шунинг учун, ҳар бир банк мижоз билан бўлган муносабатларини шериклик тамойилларига асосланган ҳолда тузмоқда. Шундай қилиб, кредит муассасалари ўз мижозларининг маблағларини нафақат доимий равишда ҳимоя қилибгина қолмай балки янги банк маҳсулоти ва хизматларини таклиф қилиш орқали аҳолининг тадбиркорлик фаолияти ривожига ҳисса қўшишлари ҳақида фикр юритишлари шарт. Кўпгина иқтисодий ва ижтимоий омиллар таъсири остида банк маҳсулотлари ва хизматларининг эволюцияси амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид адабиётлар таҳлили

Банк хизматлари бозорида мижозларнинг эҳтиёжлари ва уларни қондириш, шунингдек банк хизматлари каби масалаларни тадқиқ қилиш, россиялик олимлар Е.Ф.Жуков, О.И.Лаврушин, Т.Н.Нестерова, А.Н.Иванов, ва франциялик иқтисодчи олим С. Де Куссерларнинг илмий изланишларида ўз аксини топган. Питер С. Роуз[7] жамоатчиликка банклар томонидан тақдим қилинадиган хизматлар, хусусан банклар тўғрисида шундай дейди: “Банк – бу молиявий хизматларни тақдим қиладиган, жамиятнинг пул маблағларини профессионал бошқариб турадиган, шунингдек иқтисодиётда кўпгина функцияларни бажариб турадиган фирмадир”. Бундан ташқари Питер С. Роуз ўқув қўлланмасида валютани айирбошлаш, тижорат векселлар ҳисобини юритиш ва корхоналарга кредитлар тақдим қилиш, жамғарилувчи депозитлар, қимматликларни сақлаш, ҳукумат фаолиятини кредитлар билан қўллаб қувватлаш, чек ҳисобрақамлари (талаб қилиб олингунча депозитлари), траст хизматлари ва охирги йилларда ўз ривожини топган истеъмол кредитларини тақдим қилиш, суғурта хизматларини сотиш, нафақа режаларини сотиш, қимматли қоғозлар билан бўладиган операциялар бўйича брокерлик хизматларини таклиф қилиш каби банк хизматлари устидан тадқиқот ишларини олиб борган.

Мазкур иқтисодчи олимнинг фикрича, банк шаклининг ўзгариши бир қанча асосий тенденциялар ёрдамида амалга ошади: хизматлар сони ўсиши, рақобатнинг ўсиши, дерегуляция, молиялаштириш нархининг ўсиши, фоиз ставкаларга ўта сезувчан фондлар, технологик революция, консолидация ва географик экспансия, банк ишининг глобализацияси, банкротлик хатарининг ўсиши ва давлат томонидан депозитларни суғурталаш тизимининг кучсизланиши.

Россиялик олим Е.Ф. Жуков [3] ўзининг ўқув қўлланмасида банк муассасасига ва банк операцияларига қуйидагича фикр билдирган: “банкка маблағларни йиғувчи ва уларни қайтаришлик асосида жойлаштирувчи муассаса сифатида қаралганда, унинг бу фаолиятида актив ва пассив операцияларни ажратиш мумкин бўлади”.

Мазкур қўлланмада банкнинг пассив операциялари қисмида омонатлар (депозитлар) қабул қилиш, мижозлар, шу жумладан банк-корреспондентлар учун ҳисоб рақамларни очиш ва уларни юритиш каби хизматлар устида тўхталиб ўтган. Актив операциялар қисмида мижозларга ссудалар тақдим қилиш, касса хизматларини кўрсатиш ва ҳаказо кўрсатилган. Шу билан бирга Е.Ф. Жуков тижорат банкларининг молиявий хизмат турлари таркибига кирувчи лизинг, факторинг, форфетинг, траст операциялари; бошқа хизмат турлари туркумидан касса ҳисоб-китоб хизматлари, юридик шахсларга хизмат кўрсатиш каби банк хизмат турлари борасида ўрганиш ишларини олиб борган.

Таниқли россиялик олим О.И. Лаврушин [5], банкнинг ҳусусияти унинг фаолияти моҳиятлари ёрдамида белгиланади ва мазкур фаолиятнинг натижаси банк маҳсулотининг яратилиши ҳисобланади, деб белгилаб ўтган.

Тадқиқот методологияси.

Илмий тадқиқот олиб боришда жадвалларни аналитик таққослаш, тадқиқотнинг мантиқий ва таққослама таҳлил маълумотларни гуруҳлаш, уларни бир-бири билан солиштириш йўли билан статистик қайта ишлаш усули, миқдор ва сифат кўрсаткичлар ҳисоблаш каби услублардан фойдаланилди.

Таҳлил ва натижалар.

Банкларни трансформация қилиш жараёнида мижозларнинг талаблари ортиб бориши муқаррар ва бу борада илғор инновацион банк хизматларини сифатли кўрсатилмаслиги натижасида банк мижозларининг  ўз банкига бўлган  ишончининг  камайишига олиб  келиши мумкин.  Натижада, банк мижозлари  банкларини  алмаштиришга  ёки  бошқа  банк  хизматларидан фойдаланишга харакат қилади. Шунинг учун банклар мижозларининг талабларига биноан  фаолиятини трансформацияқилиши, яъни банк маҳсулотлари ва хизматларини замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда янги банк хизматларни яратишни тақозо этади.

Банк маҳсулоти бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

  • тўлов маблағларини яратиш;
  • хизматларни тақдим қилиш.

Тўлов маблағларини яратиш бутун иқтисодиёт миқёсида (ёки бошқача қилиб айтганда макродаражада) олинади. Бизга маълумки, меҳнат маҳсулотларини айирбошлаш бир маҳсулотнинг бошқа маҳсулот турига алмаштириш шаклида эмас, балки сотиб олиш-сотиш шакли кўринишида амалга оширилади. Товар ишлаб чиқарувчи бозорга ўзининг товарини таклиф қилади. Ўз навбатида, сотиб олувчи ўзининг товарини сотган тақдирда ўзига керак бўлган маҳсулотни сотиб олиши мумкин бўлади. Бозор иқтисодиёти шароитида сотиб олиш-сотиш жараёнини амалга ошириш учун умумий тўлов маблағлари кўринишидаги пул зарур бўлади. Тўлов маблағларисиз товар ишлаб чиқарувчилар ўртасида меҳнат маҳсулотларини айирбошлаш имконияти бўлмайди. Марказий банк моддий бойликларнинг айланиши, ишлатилиши ва истеъмол қилиниши, шунингдек ишлаб чиқариш жараёни давом этиши учун зарур бўлган пул маблағларини чиқаради.

Банк маҳсулотининг иккинчи таркибий қисми бўлган банк хизматларини қуйидаги тартибда таснифлаш мумкин (1-чизма):

1-чизма.

Таснифлаш мезонлари Тақдим қилинаётган хизматлар тури
Банк фаолияти хусусиятига мувофиқ бўлишига қараб Ўзига хос бўлган хизматлар

Ўзига хос бўлмаган хизматлар

Хизмат кўрсатиладиган субъектларга қараб Юридик шахслар

Жисмоний шахслар

Банк ресурсларини жалб қилиш ва жойлаштириш усулига қараб Актив операциялар

Пассив операциялар

Тақдим қилинган хизматлар тўловига қараб Пулли хизматлар

Пулсиз хизматлар

 

Мазкур чизмадан кўриниб турибдики, банк хизматларини ўзига хос ва ўзига хос бўлмаган турларга ажратиш мумкин. Ўзига хос бўлган хизматлар таркибига банк томонидан амалга ошириладиган учта операцияларни киритиш мумкин: 1) депозит операциялари; 2) кредит операциялари; 3) ҳисоб-китоб операциялари.

Депозит операциялари деганда мижозлар маблағларининг банк омонатларига (депозитларига) кўчиши тушунилади. Мижозлар банкка қўйган пул маблағлари учун фоиз тўловларини оладилар.

Кредит операциялари банкнинг асосий операциялари ҳисобланади. Чунки банклар фоиз даромадларининг асосий қисмини кредитлар тақдим қилиш жараёнидан оладилар. Лекин баъзи мамлакатларда (асосан иқтисодий кризис мавжуд бўлган ва инфляция даражаси юқори бўлган давлатларда) юқори хатар даражасидан қочиб, тижорат банклари асосан кредитлаш эмас, балки хатар даражаси паст бўлган банк операцияларини (масалан, валюта операциялари ва ҳаказо) амалга оширишни афзал кўрадилар.

Ҳисоб-китоб операциялари банклар томонидан нақд ва нақдсиз кўринишда амалга оширилади. Мижоз топшириғига кўра банклар уларга товар-моддий бойликларни сотиш ёки сотиб олиш билан боғлиқ бўлган тўловларни амалга ошириш, иш ҳақларини тўлаш, солиқ, йиғимлар билан боғлиқ ва бошқа зарур бўлган тўловларни амалга ошириш учун турли хил ҳисобрақамлар очадилар. Бу жараёнда тижорат банклари воситачи ролини бажариб, кўрсатган хизматлари учун ўз хизмат ҳақини олади.

Шунингдек, банк тизимида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада такомиллаштириш мақсадида, замонавий — инновацион тўлов шакли бўлган пластик карточкалардан фойдаланиш кенг жорий этиб борилиши натижасида республикамизда 2010-2020 йилларда тижорат банклари томонидан 2005 йилда 988,4 минг донага яқин пластик карточкалар муомалага чиқарилиб, уларнинг сони 2020 йилнинг бошида 20 млн. донадан ошиб кетди. (1-расм).

1-расм. Ўзбекистонда муомалага чиқарилган банк карталар сони (млн дона) [8]

2020 йилнинг 1 март ҳолатига пластик карточкалар орқали амалга оширилган трансакциялар ҳажми 69,9 трлн.. сўмни ташкил этди (2- расм). Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларида ўрнатилган тўлов терминаллари сони 414,5 минг донадан ошди.

Келтирилган маълумотлардан кўриниб турибдики, 2010-2020 йилларда Ўзбекистонда электрон тўловлар ҳажми жуда тез ривожланмоқда. Бундай ривожланиш айниқса охирги йилларда кузатилмоқда.

2-расм. Ўзбекистонда тўлов терминаллари орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми (1 январь ҳолатига, трлн.сўмда) [8]

2020 йилнинг 1 март ҳолатига кўра, банк ҳисобварақларини масофадан бошқариш тизимларидан фойдаланувчилар сони 10,4 миллион кишидан ошди, шундан «Интернет-банкинг» дастурий мажмуаси хизматларидан фойдаланувчилар 699 минг кишидан кўпроқ одамни ташкил этди, «Мобиль-банкинг» ва «SMS-банкинг» хизматларидан фойдаланувчилар 9,68 миллион кишидан зиёдроқ ташкил этиб, уларнинг сони 2014 йилга нисбатан деярли 40 баробарга кўпайди

3-расм. Масофадан банк ҳизматларини кўрсатувчи тизимларидан фойданалувчиларнинг сони ( киши) [8]

2020 йилнинг 1 март ҳолатига кўра, банк ҳисобварақларини масофадан бошқариш тизимларидан фойдаланувчилар сони 10,4 миллион кишидан ошди, шундан «Интернет-банкинг» дастурий мажмуаси хизматларидан фойдаланувчилар 699 минг кишидан кўпроқ одамни ташкил этди, «Мобиль-банкинг» ва «SMS-банкинг» хизматларидан фойдаланувчилар 9,68 миллион кишидан зиёдроқ ташкил этиб, уларнинг сони 2014 йилга нисбатан деярли 40 баробарга кўпайди.

Биз томондан олиб борилган ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, 2010-2019 йилларда мамлакатимизда хар бир кишига тўғри келадиган пластик карталар сони йилдан йилга ошиб бормоқда (4-расм)

4 расм. Ўзбекистонда хар 100000 кишига тўғри келадиган пластик карточкаларнинг сони (дона) [8]

Таҳлил этилаётган йилларда карталарнинг хар 100000 кишига тўғри келадиган умумий пластик карталарнинг сони 22022-дан 97939 га ошган. Бунда 2019-йилда Хумо карталари ва Конверсион карталарнинг жорий этилиши ўз таъсирини кўрсатган. Бироқ бизнинг фикрмизча, бундай ўсиш бари бир аҳолининг пластик карталарга бўлган талабини тўлиқ қондирмайди. Демак, мамлакатимизда пластик карталардан самарали фойдаланиш йўлларини ошириш лозим.

5-расм. Интернет –банкинг тизимидан 100000 кишига тўғри келадиган фойдаланувчилар сони (кишилар) [8]

Бундан ташқари банкларнинг ноанъанавий хизматлар турлари мавжудки, унинг таркибига қолган бошқа барча банк хизматлари киради. Ноанъанавий банк хизматлари сони кўпчиликни ташкил қилиб, уларнинг баъзи кўринишларини қуйида келтириб ўтамиз:

  • воситачилик хизматлари;
  • корхонани ривожлантиришга қаратилган хизматлар (яъни биржага киритиш, акцияларни жойлаштириш, юридик хизмат кўрсатиш, ахборот хизматлари ва ҳаказо);
  • кафолат ва кафилликлар тақдим қилиш;
  • ишончли операциялар (жумладан мижознинг топшириғига кўра унинг мулкини бошқаришда консультация ва ёрдам бериш);
  • корхоналарга бухгалтерлик ёрдамларини кўрсатиш;
  • суд органларида мижознинг манфаатларини тақдим қилиш;
  • сейфларни тақдим қилиш бўйича хизматлар;
  • туристик хизматлар ва бошқалар.

Юқоридаги классификация асосида кўриб чиқилган банк хизматлари ҳам юридик шахс мақомига эга бўлган мижозлар учун, ҳам жисмоний шахслар учун кўрсатилади. Банк амалиётида юқоридаги банк хизматларининг тўплами банкларда бир хил бўлиши мумкин, фақат уларнинг кўлами хар хил бўлади.

Банк хизматларнинг пулли бўлиши ва банкнинг даромади нуқтаи назаридан қаралганда, қўшимча аниқлик киритишга ёрдам берадиган қуйидаги белгиларни киритиш мумкин: даромад келтирувчи ва даромад келтирмайдиган хизматлар; қиммат ва арзон хизматлар. Банкнинг кўпгина актив операциялари банкка даромад олиш имкониятини беради ва аксинча омонатлар (депозитлар) бўйича фоизларни тўланишини тақазо қилувчи пассив операциялар банк учун харажат келтиради. Баъзи банк хизматлари кўп меҳнатни талаб қилади, шунинг учун уларнинг нархи қиммат бўлади. Масалан, аккредетивни расмийлаштириш ва уни амалга ошириш хизмати тўлов топшириқномага асосан мижознинг пулини ўтказиб юбориш хизматига нисбатан банкка қимматга тушади.

Юқорида кўрсатиб ўтганимиздек, моддий маҳсулотнинг ҳаракатланишига боғлиқ равишда банк хизматлари икки турга бўлинади: моддий маҳсулотнинг ҳаракати билан боғлиқ бўлган хизматлар ва соф хизматлар. Банклар ўзларининг пул маблағлари операциялари ёрдамида асосан моддий товарларнинг ҳаракатига хизматлар кўрсатади, буларнинг асосий қисми биринчи турга мансуб бўлади. Товар ҳаракатига ёрдам берувчи банкнинг бу хизматлари (масалан, корхоналарга транспорт хизматлари, алоқа, савдо) янги қўшимча нархни келтириб чиқаради. Банк томонидан соф хизматлар бевосита моддий ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар, шунингдек шахсий эҳтиёжларни қондириш учун маълум тоифадаги фуқароларга тақдим қилинади.

Таъкидлаб ўтганимиздек, банк маҳсулоти — бу ҳар хил хизматлардир. Ишлаб чиқариш корхоналарининг хизматидан фарқли ўлароқ, банк хизмати моддий кўринишга эга эмас. Шунинг учун, меҳнат маҳсули предмет шаклини оладиган моддий ишлаб чиқарувчи тармоқлардан фарқли равишда банк хизматларини омборларда сақлаш, захира шаклида ишлаб чиқариш мумкин эмас.

Банк хизматларининг муҳим ҳусусиятларидан бири уларнинг ишлаб чиқариш характери ҳисобланади. Ҳатто оддий кўринишга эга бўлган банк омонатларига фуқароларнинг ва корхоналарнинг маблағларини жалб қилиш амалиёти юқори ишлаб чиқариш маъносига эга. Бунда банк нафақат пулларни йиғади, балки “ишламаётган” маблағларни ишчи ҳолатга келтиради. Шу тариқа банк операциялари мижозларнинг хўжалик фаолиятига хизмат кўрсатиш орқали ишлаб чиқаришни ривожланишига ва жадаллашувига сабаб бўлади.

Банк хизматларининг яна бир ҳусусияти шундан иборатки, бунда юқори миқдордаги маблағлар бир ҳисобрақамдан иккинчи ҳисобрақамга, бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга кўчади, яъни бунда капиталнинг пул кўринишдаги ҳаракати вужудга келади. Масалан, кредитлаш билан боғлиқ бўлган банк операциясини олайлик. Маълумки, тақдим қилинган кредит белгиланган муддат ичида банкка устама фоиз тўловлари билан биргаликда қайтиб келиши лозим. Бу шуни англатадики, қарздор кредитни шундай ишлатмоғи лозимки, бунда қарздор ҳеч бўлмаганда банк фоизларини тўлаш учун фойда кўриши лозим. Мижоз кредит шартномасига асосан кредит маблағларини “еб кетиш” (истеъмол мақсадлари) учун эмас, балки капитал шаклида ишлатишга мажбур бўлади.

Айтиб ўтиш жоизки, банклар томонидан амалга ошириладиган операциялар бошқа корхона ва ташкилотлар томонидан ҳам оширилиши мумкин, яъни улар банк монополияси ҳисобланмайди. Масалан махсус корхона ва агентликлар бухгалтерлик ёрдами кўрсатиш, сейфларни ижарага бериш ва бошқа турдаги хизматларни кўрсатишлари мумкин. Бинобарин белгилаб ўтиш мумкинки, банклар нобанк операцияларини ҳам бажаришлари мумкин бўлади. Бундай фикр билдирилишига сабаб — бозор иқтисодиёти шароитида мураккаб рақобат вужудга келиши оқибатида юқори даромадли операцияларни кенгайтириш имконияти чекланади ва банклар ўз навбатида даромад олишнинг янги манбаларини қидиришга мажбур бўладилар.

Демак биз банк хизматларининг ҳусусиятларини қуйидаги тартибда ажратишимиз мумкин бўлади:

  • захира сифатида ишлаб чиқариш;
  • ишлаб чиқариш характерига эга бўлиш;
  • капитал, банк хизматларининг объекти бўлиб хизмат қилади;
  • актив ва пассив операцияларни қамраб олади;
  • банкнинг монополияси ҳисобланмайди;
  • нобанк операцияларига ҳам тегишли бўлиш.

Банк хизматлари стандарт тўпламининг эволюцияси шундан иборатки, кўпгина омилларнинг (бунда нафақат рақобат, балки янги технологияларни ўзлаштириш, янги банк маҳсулотини яратиш ва ҳаказо) таъсири остида хизматлар бозорида уларнинг кўлами кўпайиши билан бир қаторда уларнинг таркиби ҳам кенгайиб бормоқда. Бундай ҳолатни мамлакатимиз тижорат банклари амалиётида ҳам кузатиш мумкин. Бундан бир неча йиллар муқаддам мамлакатимиз тижорат банклари сертификатлар, векселлар, кредит карточкалари билан ишламаганлар; банк хизматчиларининг лексиконида факторинг, лизинг, контокоррент, опцион, банкомат ва бошқа тушунчалар ишлатилмаган. Бундай ҳолатнинг вужудга келишининг асосий сабаби, банклар марказлаштирилган тизимда фаолият юритганлар ва бундай тизимда маълум бир банк хизматларига эҳтиёж бўлмаган. Бозор иқтисодиёти банклар олдига янги талабларни қўйди: банклар мижозларининг манфаатларига тўғри келувчи янги операцияларни ўзлаштиришга мажбур бўлдилар. Афсуски, банклар бу операцияларнинг ҳаммасини бирданига ўзлаштириб ололмайдилар, чунки маълум даражада вақт ўтган бўлсада, банклар ҳали етарли даражада тажриба ортишга улгурганлари йўқ. Баъзи операциялар инфляция даражаси юқори бўлиши, замонавий алоқа воситалари етарли даражада    бўлмаслиги натижасида ўз ривожини топмаган. Бундан ташқари, тижорат банкларининг кўпчилиги янги банк хизматлари тўғрисида етарли даражада тасаввурга эга эмаслар, бу борада банклар ўз ходимларини янги хизматларнинг моҳияти ва уларни мижозларга тақдим қилиш амалиёти борасида ўқитишлари лозим.

Т.Н. Нестерова[6] ташқи иқтисодий фаолият соҳасида банк хизматларини кўрсатиш бўйича ўзининг ўқув қўлланмасида батафсил тўхталиб ўтган. Мазкур ўқув қўлланмада олим ҳалқаро тартиб асосида банкларнинг ташқи иқтисодий фаолиятлари йўналишларини кўриб чиққан. Т.Н. Нестерованинг фикрича, ташқи иқтисодий фаолият ва пул — валюта бозорида операцияларни ўтказиш билан боғлиқ банк хизмати маълум даражада хатар билан боғлиқ бўлган ўзига хос ва мураккаб амалиётидир. У чет эл валютасида операцияларни амалга оширишни фақат ҳалқаро ҳисоб-китоб қоидасини билувчи, пул ва валюта бозорида битимларни туза оладиган, валюта бозорининг коньюктурасини таҳлил қила оладиган, шунингдек ўз мамлакатида валюта операцияларини тартибга солувчи ҳуқуқий базани яхши билувчи юқори савияли мутахассис амалга ошириши мумкин, деб ҳисоблайди. Ундан ташқари Т.Н. Нестерова ўзининг ўқув қўлланмасида валюта операцияларини ташкил қилиш, валюта маблағларини жалб қилиш, товар ва хизматлар учун ҳалқаро ҳисоб-китоблар бўйича операциялар, банк ўтказмаси, инкасс, аккредетив, ташқи иқтисодий фаолиятни миллий ва хорижий валютада кредитлаш, форфетлаш, валютани сотиш бўйича операциялар, валюта хатарларини суғурталаш каби йўналишлар бўйича ўз тадқиқот ишларини олиб борган.

А.Н. Иванов[4] банк “хизмати” ва банк “операцияси” каби иқтисодий категорияларни тўғри фарқлаш лозимлигини, шунингдек улар ўртасидаги сезиларли фарқлар мавжудлигини белгилаб ўтган. Мазкур олим банк хизматлари соҳасидаги ўз тадқиқотлари давомида “хизматлар” ва “операциялар”ларни умумлаштирувчи қуйидаги терминологик жадвалини тузиб чиққан (2-чизма):

2-чизма

Хизмат Операция
— Ўзгалар ёрдам кўрсатувчи фаолият

— Моддий шакл ва табиат кучига эга

бўлиш, ўзгартириш билан бевосита

банд бўлмаган меҳнатнинг барча

турлари

— Бажариш жараёнида янги маҳсулот

яратилмасдан балки мавжуд эски

маҳсулотнинг сифатини

ўзгартирадиган фаолият турлари

— Ўзига хос бўлган фаолият

— Бир мақсад учун бирлаштирилган

бир қанча фаолиятлар

— Мижоз топшириғи билан

бажариладиган комиссион ёки

воситачилик операциялари

— Ягона иқтисодий вазифани ҳал

қилишга қаратилган ялпи

ўзаро боғлиқ банк фаолиятлари

 

Мазкур келтирилган чизмада “хизмат” ва “операциялар” ўртасида фарқлар кўрсатилган. Бир томондан, булар асосий фаолиятни қўллаб қувватловчи маълум бир ҳусусиятларни билдирса, иккинчи томондан – маълум бир мақсадга эришишга қаратилган фаолиятларни билдиради.

Банк хизматлари ва операцияларнинг маъносини тушунишда инглиз тилидаги “service” ва “operation” сўзларининг семантикасини (сўзнинг кўп маъноларга эга бўлиши) таҳлил қиладиган бўлсак, қизиқ бир фактни кузатишимиз мумкин. “Service” сўзининг семантикаси қуйидаги фарқланувчи ҳусусиятларни ажратиб олиш имкониятини беради:

— мижозга ёрдам бериш ёки даромад олишида қўллаб — қувватлашга

қаратилган фаолият;

— маълум бир эҳтиёжларни қаноатлантирувчи тизим;

— доимий равишда ишлатилиши мумкин бўлган маслаҳат ва юқори

тоифали ёрдам.

“Operation” сўзининг семантикаси қуйидаги тушунчаларни ўз ичига олади:

— ҳаракат ҳолати;

— фаолият, ҳаракат, фаолиятларнинг яхлитлиги;

— фаолият амалга оширилаётган ҳолат.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси банк амалиётида банклар ўз маблағларини жойлаштирадиган корхоналарнинг молиявий ҳолати билан камдан кам ҳолатда қизиқадилар. Кўпчилик ҳолатларда фақат қарз олган корхоналарнинг молиявий ҳолати устидан назорат ўрнатилган. Аммо таъкидлаб ўтиш жоизки, барқарор бўлган ресурс базаси банкнинг молиявий ҳолати барқарор бўлиши асосидир.

 

Хулоса ва таклифлар.

Ўзбекистонда тижорат банклари томонидан дастур яратувчилар билан бирга жорий этилган мобил илова дастурлари орқали мижозларга реал вақт режимида банк операцияларини бажариш имконини берувчи қуйидаги:

картадан картага пул ўтказиш (P2P) операцияларини бажариш;

солиқ, бюджет, коммунал ва бошқа бир қанча тўловларни амалга ошириш;

мижознинг талабига кўра банк картасини блоклаш (блокдан чиқариш);

жисмоний шахслар учун микроқарз олиш ва кредитларни сўндириш;

онлайн омонатларни расмийлаштириш, депозит ҳамда ссуда (кредит) ҳисобварақларини масофадан очиш (банк ҳисобварақларини ўрнатилган тартибда очган мижозлар учун);

халқаро банк карта ҳисобварағидан тўловларни амалга ошириш

ва мониторинг қилиш, онлайн конверсия хизматлари;

банк инфратузилмалари (филиаллар, айирбошлаш шахобчалари, банкомат ва инфокиосклар) дислокацияси ҳақида маълумот олиш;

халқаро пул ўтказмалари тизими орқали келган маблағларни мижознинг хоҳишига кўра банк ҳисобварағи (омонати) ёки банк картасига киритиш каби хизматлар йўлга қўйилган.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда банк тизими жахон молия бозорига интеграциялашувини жадаллаштиришда қуйидаги масаларга алоҳида эътибор қаратиши лозим:

1.Банкларнинг фаолиятини иш услубини ўзгартириш, бунда ҳар бир мижозга йўналтирилган ўз стратегиясини ишлаб чиқиш;

2.Пандемия давридаги муаммоли кредитларни танқидий ўрганиш, бу борада банкнинг олис худудларидаги мижозларининг ҳам молиявий аҳволини тахлил қилиш, ҳар бир мижозга индивидуал ёндашиш;

  1. Ахборот технологиялар ва коммуникацияни ривожлантирган ҳолда ахолига сифатли банк хизматларини онлайн шаклда тақдим этишнинг инновацион янги турларини жорий қилиш;
  2. Рақамли банкинг молиявий хизматларни мобил ва онлайн-платформалар орқали амалга оширишда вақт ва харажатларни тежаш, шахсий маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлаш, хизмат кўрсатиш тезлиги ва сифатини ошириш;

 

 

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Ўзбeкистoн Рeспубликaси Прeзидeнтининг 2020 йил 12 майдaги ПФ-5992-сoнли фaрмoни. 2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида //Ўзбeкистoн Рeспубликaси қoнун ҳужжaтлaри тўплaми. – Тoшкeнт, 2020. – № 6 (766). – 32-б
  2. Ўзбeкистoн Рeспубликaси Прeзидeнтининг 2018 йил 23 мaртдaги “Банк хизматлaри oммaбoплигини oшириш бўйичa чoрa-тaдбирлaр тўғрисидa”ги ПҚ 3620 сoнли Қaрoри.
  3. Жуков Е.Ф. “Банки и банковские операции”. М., 2017, “ЮНИТИ”.
  4. Иванов А.Н. “Банковские услуги: зарубежный опыт и российский опыт” , М., 2019.
  5. Лаврушин О.И. “Банковские операции”., /дарслик/, М., 2019.
  6. Нестерова Т.Н. “Банковские операции”., М., 2020.
  7. Питер С. Роуз, “Банковский менеджмент”, М. 2007.
  8. cbu.uz.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *