Инсон капитали сифатини ошириш асосида барқарор ривожланишни таъминлаш йўллари

Турсуналиев Давронбек Баходир ўғли
ТДИУ, магистранти

Инсон капиталининг ривожланишидан кўзланган пировард мақсад инсоннинг танлаш имкониятларини кенгайтиришдан иборат. Ривожланиш жараёни инсонларнинг танлаш имкониятларини кенгайтириб бориб, улардаги мавжуд салоҳиятини ошириб фуқароларга тўлақонли ҳаёт кечириш имкониятини беради ва ижодий имкониятларини тўлиқ амалиётга жорий эта бошлайди. Инсонлар эса бундай ривожланишдан манфаатдор шахслардир. Айни пайтда инсон ана шу манфаат туфайли юзага келадиган тараққиёт ва ўзгаришлар омилидир. Ушбу жараён барча инсонларнинг фаровонлиги йўлида адолатли йўсинда кечмоғи ва у ҳар бир кишининг фаол иштирок этишига асосланмоғи лозим.

Ўзбекистон иқтисодиётини модернизациялаш шароитида таълим инсон фаолиятининг турли йўналишларида юқори технологияларни жорий этиш, миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва аҳоли турмуш даражаси юксалишининг жуда муҳим шарти бўлиб қолмоқда.

К.С. Мухторова ва Э.С. Детсковкая  тадқиқотларида давлат сиёсатининг инсон капиталига йўналтирилганлигининг мамлакат иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этиши ёритилган. Инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган сиёсат орқали мамлакат аҳоли ҳаёти турмуш сифати ва даражаси яхшиланади деб ҳисобланади.

Жаҳон иқтисодиётида глобал технологик ўзгаришлар ва ижтимоий трендлар Ўзбекистондаги инсон капиталини риаожланишига жиддий таъсир кўрсатади, жамиятни, таълим бериш ва меҳнат тарзини тубдан ўзгартириб юборади. Информацион технология ходимлар ишининг самарадорлигини оширади, лекин ишчи кучи малакасига талабнинг доимий равишда ошиб бориши ва бу ҳолатнинг ўзгарувчанлиги жамият ва корхоналар олдига бу вазиятга мувофиқ стратегияларни ишлаб чиқиш вазифасини қўяди.

Инсон капиталига бошқалардан кўпроқ сармоя киритаётган энг фаол мамлакатлар бешлигидан Сингапур, Жанубий Корея, Япония, Ҳонконг ва Финляндия ўрин олган. Рейтингда шунингдек Марказий Осиёнинг уч давлати натижалари келтирилган — Қозоғистон (31-ўрин), Қирғизистон (76) ва Тожикистон (89).

Тадқиқотчи А.Салимов ўз илмий изланишларида “иқтисодий ўсишни таъминлаш учун халқ таълими соҳасига харажат ва олий таълим тизимида киритилган харажатларни оширилиши ЯИМни ўсишини таъминлаши мумкин”[1] деб таъкидлаб ўтган.

Инсон капиталининг иқтисодиётдаги ва жамиятдаги ролини бир нечта турли усулларга асосан баҳолаш мумкин. Анъанага кўра, иқтисодчилар буни кўпроқ таълим олган одамларнинг даромади билан ҳисоблашади. Жаҳондаги етук олимлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар ҳар бир қўшимча таълим йили инсон даромадини ўртача 10 фоизга оширишини кўрсатди. Албатта ушбу ҳолатда таълим сифати ҳам муҳим ҳисобланади. Мисол учун, АҚШдаги бошланғич мактабнинг алоҳида синфида малакаси паст ўқитувчини ўрта даражадаги мутахассисга алмаштириш ўқувчиларга бутун умри давомида 250 минг долларгача умумий даромад олиш имконини беради.

Жаҳондаги ривожланган мамлакатлар тажрибаларидан кўриш мумкин, мамлакатларда инсон капиталига киритилган инвестиция билан аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар ўртасидаги тафовут 10 фоиздан 30 фоизгача бўлиши мумкин. Масалан, XIX аср ўрталарида Бразилия зиёли европаликларнинг Сан-Паулога иммиграциясини рағбатлантирган. Натижада 100 йилдан сўнг бу штатда юксак даражадаги таълим, қишлоқ хўжалигига нисбатан саноатда кўпроқ бандлик, шунингдек, аҳоли жон бошига янада юқори даромад кузатилган.

“Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси”да мамлакат Инсон камолоти (тараққиёти) индекси рейтингини 105-ўриндан (2018 йилги ҳисобот бўйича) 40-ўринга кўтариш прогноз қилинмоқда. БМТ Тараққиёт дастурининг
2019 йил декабрь ойида эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон ушбу индекс рейтингида 108-ўринни эгаллади. Бу дегани, яқин 10 йилда республика мазкур рейтингда 108-ўриндан 40-ўринга, яъни 68 поғонага кўтарилиши режалаштирилган. Ушбу мақсадга эришиш учун яқин 10 йил ичида Ўзбекистонда ўртача умр давомийлиги камида 3,5 йилга узайиши (71,6 ёшдан 75 ёшгача) ҳамда аҳоли жон бошига ҳисобланган ялпи миллий даромад миқдори ҳам камида 4 баробарга ошиши керак.

1-расм.  Инсон капиталига бўлган талабни динамикаси[2]

Келтирилган 1-расм маълумотларидан кўриниб турибдики инновацион иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда юқори малакали мутахассислар улуши хом ашё ресурсларига ва ўтиш иқтисодиёти мамлакатларида юқори малакали мутахассис кадрларнинг улуши бирнеча баровар юқори улушга эга эканлигини кўришимиз мумкин.

Мамлакатнинг инновацион иқтисодиётга ўтиш даврида етарли миқдорда керакли ва зарур юқори малакали кадрларга талабнинг ортиши меҳнат бозорида асосий муаммолар бири ҳисоблнади. Жаҳон тажрибасида  бу муаммо “skills gap” – кадрлар бўшлиғи сифатида ифодаланади. Кадрлар етишмаслик муаммосининг асосий сабабларидан бири, мутахассис ходимларнинг жисмонан йўқлиги эмас, балки фаолият турига қараб уларнинг билим ва малакаларининг етишмаслиги ҳисобланади.

Бугун шиддат билан ривожланиб бораётган дунёда инсон капиталига эҳтиёж ва уни ривожлантириш асосий мақсадлардан бири бўлиб қолмоқда. Инсон капитали жаҳон даражасидаги университетларни ўз ичига олган рақобатбардош ва мослашувчан таълим тизимига асосланган. Бутун дунё бўйлаб барча олий таълим муассасаларининг ходимлари ўз университетларининг нуфузи учун кураш олиб боради ва таълим муассасаларининг глобал рейтингида юқори ўрин учун курашади.

Таҳлилларимиз кўрсатишича олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти 2016 йилда 31.6 фоизни ташкил этган ҳолда 2019 йилда 37,1 фоизга кўтарилди. Ушбу даврда фан номзоди ва PhDлар 6451 тани ташкил этган ҳолда, 2019 йилда 7769 тани ташкил этган ёки 20 фоизга ортган, фан доктори ва DScлар 1415 тадан 2201 тага, 55,5 фоизга ортган. Олий таълим муассасаларида профессор ўқитувчиларнинг штат жадвали бўйича умумий сони 23302 тадан 26837 тага ёки 15 фоизга ортган, шу жумладан 2017 йилда PhDлар 221 та бўлиб, 2019 йилда 903 тага ортган ёки 4 бароварга, DScлар 122 тадан 153 тагача ёки 25 фоизга ортган.[3]

2-расм. Хорижий етакчи олимлар, мутахассис-амалиётчилар ва юқори малакали ўқитувчиларнинг 2017-2019 йилларда жалб этилишишининг динамикаси

Хорижий етакчи олимлар, мутахассис-амалиётчилар ва юқори малакали ўқитувчиларнинг 2017-2019 йилларда жалб этилишишининг
(2-расмга қаранг) таҳлилини кўрадиган бўлсақ, АҚШдан 2017 йилда 45 нафар етакчи олимлар ташриф буюрган бўлса, 2019 йилда 99 нафарни ташкил этиб ёки 2,2 бароварига ошган. Европа мамлакатларидан 2017 йилда 126 нафар етакчи олимлар ташриф буюрган бўлса, 2019 йилда 424 нафарни 3,4 бараварига ошган. Осиё мамлакатларидан 2017 йилда 161 дан, 2019 йилда 537 нафарга ёки 3,3 бароварига ошганлигини кўришимиз мумкин.

Хулоса қиладиган бўлсак Ўзбекистонда инсон капитали сифатини ошириш асосида мамлакатни барқарор ривожланишини таъминлаш учун қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир:

  • мамлакат таълим тизимининг барча поғонларида босқичма-босқич иқтисодий билимларни шакллантиришга йўналтирилган таълим сифатини ошириш такомиллаштириш;
  • таълим тизимга ажратилаётган инвечтициялар салмоғини янада ошириш;
  • олий таълим тизимида таёрланаётган кадрлар сифатини оширишда ривожланган мамлакатлар тажрибаларидан янада кенгроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

  1. Мухтарова К.С. Распределение доходов и бедность в переходной экономике. – Алматы, 2001 г. – 223 с.
  2. Детсковская Э.С. Рост материального благосостояния и культурного уровня трудящихся за 50 лет Советской власти. – Чимкент, 1967 г. – 55 с.
  3. Салимов А. Ўзбекистонда инновацион таълимни кластерли ривожлантириш модели — http://www.biznes-daily.uz/birjaexpert/68037-ozbkistonda-innovatsion-talimni-klastrli-rivojlantirish-modli
  4. Инсон тараққиёти индекси Ўзбекистон мисолида. https://uzanalytics.com/jamiyat/6363/
  5. https://www.edu.uz/uz/pages/sss
  6. https://m.kun.uz/news/2019/10/05/ozbekistonda-inson-kapitali-indeksini-aniqlash-uchun-maktab-oquvchilarining-bilimi-sinovdan-otkaziladi

[1] Салимов А. Ўзбекистонда инновацион таълимни кластерли ривожлантириш модели http://www.biznes-daily.uz/birjaexpert/68037-ozbkistonda-innovatsion-talimni-klastrli-rivojlantirish-modli

[2] Инсон тараққиёти индекси Ўзбекистон мисолида. https://uzanalytics.com/jamiyat/6363/

[3] https://www.edu.uz/uz/pages/sss

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *