ҲУДУДЛАРДА ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯ ВА КРЕДИТЛАРНИ ЖОЗИБАДОРЛИГИНИ СТАТИСТИК БАҲОЛАШ

З.А.Нуриддинов 

Тошкент молия институти, PhD

e-mail:zufarnuriddinov@mail.ru

Аннотация: Мақолада ҳудудларда хорижий инвестиция ва кредитларни жозибадорлигини статистик баҳолаш ҳақида ёритилган. Ушбу масаларни ҳал қилишда олиб борилган тадқиқотларга ва олинган тажрибалар натижаларига биноан, тадбиқ этиш тажрибалари келтирилган ва учрайдиган муаммоларни ечими ифодаланган. 

Калит сўзлар: Ҳудуд, ҳудудлар иқтисодиёти, инвестиция, хорижий инвестициялар, кредит, жозибадорлик, инвестицион жозибадорлик, статистик баҳолаш.

 

Аннотация: Статья посвящена статистической оценке привлекательности иностранных инвестиций и кредитов в регионах. По проведённым исследованиям и проявленным результатам, были отмечаны решение этих задач и проблем.

Ключевые слова: Регион, экономика регионов, инвестиции, иностранные инвестиции, кредит, привлекательность, инвестиционная привлекательность, статистическая оценка.

 

Annotation: The article is devoted to a statistical assessment of the attractiveness of foreign investment and loans in the regions. In this case, to find out the decisions of the problems, by making research and by results of experiments and expressed the solutions of the problems.

Key words: Region, the economy of regions, investments, foreign investments, credit, attractiveness, investment attractiveness, statistical assessment.

Жаҳонда такомиллашган ахборот ва янги технологиялар асри бўлган даврда ҳар қандай мамлакат ҳудудларини ривожлантиришда ва уни янги сифат йўлига ўтказишда ҳамда халқ фаровонлиги ва ҳаёт даражасини оширишда инвестициялар зарур. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг савдо тараққиёт конференциясида (UNCTAD – United Nations Conference on Trade of Development) эълон қилинишича, жаҳонда «2019 йилда ўтган йилдагига нисбатан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 1 %га пасайиб, 1394 млрд. долларни»[1] ташкил қилган.

Бугунги кунда жаҳонда ҳудудлар иқтисодиётини инвестицион жозибадорлигига доир қатор амалий ва илмий тадқиқот ишлари амалга оширилган. Аммо ҳозирги кунда мамлакатимиз ҳудудларида инвестицион жозибадорликнинг ташкилий-иқтисодий масалаларини такомиллаштириш, ҳудудларни ривожланишини баҳолашнинг рейтинг тизимини ишлаб чиқиш ва ҳудудлар инвестицион жозибадорлигини статистик баҳолаш бўйича стратегияларни белгилаб олиш масалалари етарлича очиб берилмаган.

Мамлакатда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида иқтисодий мустақиллик масалаларига алоҳида эътибор берилаётганлиги сабабли иқтисодиёт соҳаларининг самарадорлик даражаларини статистик баҳолаш катта аҳамиятга эга, чунки улар асосида ривожланиш дастурлари ва прогнозлари ишлаб чиқилади, маъмурий ташкилотларга ушбу дастур ва прогнозларни бажарилишини назорат қилишга имкон яратилади.

Ўзбекистонда бугунги кунда ҳудудларнинг иқтисодий мустақиллик масалаларига, айниқса, иқтисодиётнинг инвестицион жозибадорлигини статистик баҳолашга алоҳида эътибор берилаётганлиги ҳечкимга сир эмас. Ушбу йўналишдаги кўпгина меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда, хусусан, Ҳаракатлар стратегиясида «инвестиция муҳитини такомиллаштириш, мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий, энг аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш; минтақалар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасидаги фарқларни камайтириш; хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига кичик шаҳарлар ва шаҳарчаларни жадал ривожлантириш»[2] каби муҳим вазифалар белгилаб берилгани ҳам муаммони аҳамиятини янада оширади. Ушбу вазифаларнинг самарали ижроси республикада ҳудудлар иқтисодиёти инвестицион жозибадорлигини статистик баҳолашни талаб этади. Ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиқиб, стратегик тадқиқотлар олиб бориш ҳамда ички инвестиция ва тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ҳажмини оширадиган тизим яратилиши лозим ҳамда иқтисодиётни инвестицион жозибадорлигини статистик баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш каби вазифалар ҳал этилиши лозим.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги ПФ–4947-сонли ҳамда 2019 йил 28 январдаги «Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5643-сонли фармонлари ҳамда 2017 йил 31 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3165-сонли ва 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–3182-сонли қарорлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар, хорижий инвестиция ва кредитларни жозибадорлигини статистик баҳолашга қаратилган.

Ҳудудларда хорижий инвестиция ва кредитларнинг жозибадорлигини ўзгаришини статистик баҳолашда ҳамда унинг мониторингини олиб бориш бўйича адабиётларда турли ёндашувлар мавжуд: индикатив; рискли(эксперт); SWOT, омилий ва ҳоказо. Индикатив ёндашув инвестицион бозорларни ифодаловчи макроиқтисодий ва ҳудудий кўрсаткичлар динамикасига асосланади. Мамлакат ҳамда ҳудуднинг хорижий инвестиция ва кредитларнинг жозибадорлигини характерлашда аҳоли сони ва таркиби динамикаси, ЯИМ(ЯҲМ), саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш маҳсулотлари ҳажми ва ўзгариш суръатлари, асосий капиталга киритилган инвестиция ҳажми, чет эл инвестиция ва кредитлари ҳажми ҳамда уларнинг ўзгариш суръатлари, аҳоли жон бошига ва иқтисодиётда банд бўлган бир кишига тўғри келиши каби иқтисодий кўрсаткичлардан фойдаланиш мумкин.

Ушбу ва бошқа макроиқтисодий кўрсаткичлар асосида ҳудудларда хорижий инвестиция ва кредитларнинг жозибадорлигини статистик баҳолашда индикатив ёндашувнинг роли ўрганилди.

1-жадвал

Ҳудудларда хорижий инвестиция ва кредитларнинг салмоғи, %да

Республика ва ҳудудлар

Йиллар

2014 2015 2016 2017 2018
Ўзбекистон Республикаси 100 100 100 100 100
Қорақалпоғистон Республикаси 27,11 34,90 15,86 1,65 5,28
Андижон вилояти 1,45 1,04 1,02 1,26 2,30
Бухоро вилояти 23,14 17,61 29,22 48,13 14,29
Жиззах вилояти 1,02 0,46 1,01 1,13 1,04
Қашқадарё вилояти 13,17 12,49 18,90 11,76 27,89
Навоий вилояти 2,59 0,66 1,44 5,61 11,90
Наманган вилояти 4,24 5,88 6,02 6,61 9,02
Самарқанд вилояти 1,23 1,54 0,77 0,71 1,09
Сурхондарё вилояти 2,63 2,30 1,97 2,39 5,12
Сирдарё вилояти 1,36 1,40 0,96 0,44 0,85
Тошкент вилояти 6,27 8,15 5,47 4,15 3,58
Фарғона вилояти 2,85 2,33 2,22 1,00 3,55
Хоразм вилояти 1,72 0,49 0,85 0,86 0,85
Тошкент шаҳри 11,22 10,75 14,29 14,30 13,24

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф ишлаб чиқди.

Жадвалдаги маълумотлар далолат беришича, республикамиз ҳудудларида охирги беш йилда ўртача хорижий инвестиция ва кредитларнинг асосий қисми мос равишда Бухоро вилояти 26,48 %, Қорақалпоғистон Республикаси 16,96 %, Қашқадарё вилояти 16,84 % ва Тошкент шаҳрига 12,76 %, энг паст кўрсаткич эса Жиззах, Хоразм, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларига мос равишда 0,93, 0,95, 1,00 ҳамда 1,07 %ларга тўғри келади.

Мамлакатимиз ҳудудларида хорижий инвестиция ва кредитларнинг эмпирик маълумотлари асосида комплекс статистик таҳлиллар олиб борилиб, хорижий инвестиция ва кредитларнинг жозибадорлиги баҳоланди. Бунда, эмпирик маълумот нима? Эмпирик маълумотлар – бу содир бўлган ижтимоий-иқтисодий ҳодиса ва жараёнлар асосида шаклланган кўрсаткичлар.

Комплекс статистик таҳлилар олиб борилиши учун эмпирик маълумотлар ҳақийқийлиги текширилади ва тасвирий статистика орқали дастлабки маълумотлар таҳлил қилиниб, муҳим статистик кўрсаткичлар аниқланади. Биз ўз тадқиқотимиз давомида шундай комплекс статистик таҳлил олиб бориб, муҳим статистик кўрсаткичлар аниқланди (2-жадвал).

2-жадвал

Ҳудудларда хорижий инвестиция ва кредитларнинг комплекс статистик таҳлили

Ҳудудлар Ўртача арифме-тик (млн. сўм) Медиана (млн. сўм) Ўртача квадратик четланиш (млн. сўм) Вариацион кенглик (млн. сўм) Дисперсия Вариация коэффи-циенти

(%)

Қорақалпоғистон Республикаси 1671564 1683393 933970 2616183 8,72300E+11 55,87
Андижон вилояти 241362 108026 258952 609335 67056225236 107,29
Бухоро вилояти 3750300 3101158 2774245 6787239 7,69644E+12 73,97
Жиззах вилояти 144912 106310 111498 277259 12431808237 76,94
Қашқадарё вилояти 2882896 2006064 3147158 7516952 9,90460E+12 109,17
Навоий вилояти 989693 180668 1502765 3543089 2,25830E+12 151,84
Наманган вилояти 1057327 639145 984903 2433806 9,70034E+11 93,15
Самарқанд вилояти 149563 121801 103394 249277 10690309600 69,13
Сурхондарё вилояти 508223 209083 588499 1364134 3,46331E+11 115,80
Сирдарё вилояти 129594 102329 73491 182768 5400913968 56,71
Тошкент вилояти 697864 677578 239471 643930 57346286482 34,31
Фарғона вилояти 374759 198933 391398 901540 1,53193E+11 104,44
Хоразм вилояти 131052 119968 80280 214996 6444810034 61,26
Тошкент шаҳри 1929347 1515864 1335386 3220251 1,78325E+12 69,21

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида MINITAB дастуридан фойдаланиб муаллиф томонидан ҳисоблаб чиқилди.

Жадвал комплекс статистик таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, танланган ўзгарувчига оид асосий статистик баҳолаш маълумотлари жадвалда келтирилган. Бу ўзгарувчининг ҳудудлар кесими бўйича вариацияси жуда катта фарқланишга эга эканлигини вариация коэффициенти кўрсатиб турибди, бу ҳолатда ўзгарувчиларга таъсир қилувчи омиллар турли жинсли эканлигини айтиш мумкин. Чунки барчамизга маълумки, вариация коэффициенти 33 %дан кичик бўлса ўрганилаётган статистик тўплам бир жинсли ҳисобланади. Айтиш мумкинки, бу кўрсаткич Тошкент вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Сирдарё вилоятлари қолган ҳудудларга нисбатан пастроқ. Статистик таҳлил давомида ўртача квадратик четланиш ва медиана ҳамда дисперциялар ҳам ўрганилаётган ўзгарувчига мунсиб статистик баҳоларни кўрсатиб турганини англаш қийин эмас. Бу ўзгарувчининг тақсимотини янада яққолроқ кўриш учун гистограмма(статистик график)ларда ҳам акс эттирш мақсадга мувофиқ.

Хулоса қилиб айтганда, ҳудудларда хорижий инвестиция ва кредитларнинг жозибадорлигига таъсир қилувчи омиллар адабиётларда омиллар сони, йўналиши, типлари, таснифи бўйича турли-туман, айримларида бир-бирига бутунлай қарама-қарши таклиф ва фикрлар мавжуд. Фикримизча, омиллар, энг аввало, салбий ва ижобий, ўз навбатида, эндоген ва экзоген омилларга, улар эса инвестицион жозибадорлик даражаси омилларига бўлиниши керак. Ижобий ва салбий омиллар сонининг кўплигини ҳисобга олиб, уларни атрибутив белги бўйича демографик, иқтисодий, молиявий, меҳнат, технологик, ижтимоий, таълим, экологик, табиий турмуш даражаси билан боғлиқ, миқдорий ва сифат, ҳал қилиш ва аҳамият даражаси, ўзгариш интенсивлиги, ишлаб чиқариш, қонунчилик, институционал, сиёсий ва бошқа омилларга бўлиш мумкин ҳамда бу омилларни эконометрик моделлар ёрдамида хорижий инвестиция ва кредитларга таъсирини ўрганиш мақсадга мувофиқ.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

  1. https://unctad.org/en/PublicationsLibrary/diaeiainf2020d1_en.pdf
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги 4947-сонли фармони. // lex.uz
  3. Нуриддинов З.А. Минтақалар иқтисодиётини инновацион ривожлантириш ва инвестицион жозибадорлигини статистик баҳолаш.// Фалсафа фанлари доктори (PhD) диссертацияси. Тошкент: Тошкент молия институти. 2020 йил. 143 б.
  4. Нуриддинов З.А. Статистический анализ инвестиционной деятельности и его роль в экономическом развитии.// Ж.Бизнес эксперт. – Ташкент, 2016. № 11. – С.77-81. (08.00.00. №3).
  5. Нуриддинов З.А. Минтақалар иқтисодиётини бошқаришни ҳуқуқий ва статистик ахборот базаларини такомиллаштириш масалалари.//Ж.Халқаро молия ва ҳисоб илмий электрон журнали. – Тошкент, 2017. №3, июнь. (08.00.00. №19).
  6. Нуриддинов З.А. Минтақаларнинг инвестицион ва инновацион статистик кўрсаткичлар тизимини такомиллаштириш.//Ж.Иқтисодиёт ва таълим. – Тошкент, 2018. №2. – Б.124-129.(08.00.00. №11).

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *