Фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигини аниқлаш ва баҳолаш усулларини кўп тармоқлилик шароитида такомиллаштириш

Утанов Б.Қ. 

Тошкент молия институти «Олий математика, статистика ва эконометрика»кафедраси

катта ўқитувчиси

Ҳар қандай мамлакатда қишлоқ хўжалиги тармоғи иқтисодиётда муҳим ўрин эгаллаб, унинг драйвери ҳисобланади. Хусусан мамлакатимизда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва уни ривожлантиришга қаратилган қатор қонун ва қарорларнинг қабул қилиниши ҳудудларда қишлоқ хўжалиги соҳасига эътиборни кучайишига олиб келмоқда. Жумладан, юртимизда 2022 йилгача мавжуд фермер хўжаликларининг барчаси кўп тармоқли шаклида фаолият юритиш лозимлиги, бу фаолият турини юқори даражада ривожлантириш зарурлигини белгилайди [2].

Республикада кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш билан бирга унинг фаолияти самарадорлигини таъминлаш ҳам муҳим масалалалардан бири ҳисобланади. Самарадорлик муаммоси доимо долзарб ҳисобланиб, ишлаб чиқариш фаолиятининг иқтисодий самарадорлиги иқтисодиёт илмининг долзарб масаласидир. Айниқса, ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида унга қизиқиш янада ортиб бормоқда. Ишлаб чиқариш субъектларини комплекс баҳолашда ишлаб чиқариш, бошқариш қарорларини қабул қилиш, иқтисодий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш иқтисодчи олимлар ва амалиётчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Самарадорлик тушунчаси нима? Бу тушунча тўғрисида олимларимиз қандай фикрлар билдиришган?

Самарадорлик – у ёки бу тадбирларни амалга ошириш натижасида эришилган ютуқдир. “Иқтисодий самарадорлик” тушунчаси эса самарадорлик тушунчасидан кенгроқ тушунча бўлиб, у ўрганилаётган даврда (кун, ҳафта, ой, чорак, йил ва ҳакозо) амалга оширилган тадбирлар тизими билан боғлиқ бўлган харажатлар ҳамда улар натижасида олинган соф фойда миқдори билан таққосланади [3].

Классик иқтисодчилар самарадорлик тушунчасини ишлаб чиқариш натижаларини ишлаб чиқариш омилларига нисбатига кўра ҳисоблаган ва қуйидагича талқин қилган:

Самарадорлик = Ишлаб чиқариш натижалари / Ишлаб чиқариш омилларига харажатлар

Иқтисодчи олимларимиздан А.Ўлмасов ва А.Ваҳобовларнинг фикрича самарадорлик – ресурс сарфлари билан ишлаб чиқаришдан олинган натижани таққослашни билдиради, яъни нима сарфлаб нимага эришилганлигини кўрсатади. Самарадорлик (S) аниқланганда яратилган маҳсулотлар ва хизматлар қиймати ()билан ресурсларнинг сарфи () таққосланади[7].

Ш.Ш. Шодмонов ва Б.Э. Мамарахимов ларнинг фикрига кўра, фойда олиш мақсадидан келиб чиққан ҳолда олинган фойда (F) ишлаб чиқаришга сарфланган ресурс харажатларига (IX) бўлинганлигига тенг [6].  Яъни,

Р.Хусанов, Д.Ю.Дадабоев, Т.Ю.Дадабоевларнинг фикрига кўра, “Самара – қишлоқ хўжалигида ўтказилган у ёки бу тадбирларнинг оқибати, натижасидир. Иқтисодий самарадорлик – ишлаб чиқариш воситаларининг ва жонли меҳнатнинг қўлланилишидан олинган якуний фойдали самарани, жами сармоялардан эришилган натижани кўрсатишидир” [4].

Кўп тармоқли фермер хўжалигининг иқтисодий ҳолатини баҳолашда самарадорлик, рентабеллик ва фойда каби иқтисодий категория ўрганилади. Агар кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти самарали деб баҳоланса, унда унинг рентабеллик даражаси юқори, хўжалик фойда олиб ишлаётганлигини кўрсатади. Шунинг учун кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолиятини баҳолашда асосан самарадорлик кўрсаткичини аниқлаш етарли. Кўп тармоқли фермер хўжалигининг самарадорлигини статистик таҳлил қилишда статистик тадқиқотлар методологиясига асосан юзага келтирувчи ва таъсир этувчи омиллар ўрганилади. Улар қуйидагилардан иборат:

  • табиат ва иқтисодиёт қонунлари. Қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш ва уни сотиш, ер ва табиат, талаб ва таклиф муносабатлари билан боғлиқ;
  • кўп тармоқли фермер хўжалигида ишлаб чиқаришнинг қўшимча тармоғи асосий тармоқ билан боғлиқ ёки боғлиқ бўлмаган соҳаларда ташкил этилганлиги;
  • кўп тармоқли фермер хўжалиги ташкил этилган худуднинг ишлаб чиқариш ижтимоий инфратузилмаси. Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш инфратузилмаси ривожланган худудларда маҳсулот ҳажми ва сифати ошиб бораверади. Ижтимоий инфратузилма ривожланган худудларда ишловчиларнинг самарали фаолият юритиши учун қишлоқ аҳолисининг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаб бориши учун имкониятлари юқори даражада бўлади;
  • бозор инфратузилмаси. Бозор инфратузилмаси кўп тармоқли фермер хўжалигида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматларни истеъмолчиларга етказиб бериш ва уларнинг эҳтиёжларини қондириш борасида шароитлар яратиб хўжаликни самарали фаолият юритишини таъминлаб беради.

Кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолиятининг иқтисодий самарадорлигини аниқлашда натурал ва қиймат кўрсаткичларидан фойдаланилади. Кўп тармоқли фермер хўжалиги ишлаб чиқариш фаолиятида турли хил маҳсулот етиштирилади, хизматлар кўрсатилади. Улар аввал натура шаклда ҳисобга олинади ва бозор талабларига ёки шартнома талабларига асосан хом-ашё сифатида сотилади, айирбошланади, қайта ишлов берилиб истеъмол учун тайёр маҳсулот сифатида ишлатилади. Бу жараёнда маҳсулот ва хизматларнинг ҳажми пул шаклига ўтади. Демак, кўп тармоқли фермер хўжалигининг ялпи даромади, ялпи ва соф фойдаси пул кўринишида ифодаланиб, у хўжаликнинг самарадорлигини аниқлашда асос бўлиб ҳисобланади.

Кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолиятини статистик таҳлил қилишда юқоридаги омиллар натурал ва қиймат кўринишларида, мутлақ ва нисбий миқдор ҳамда рақам билан ифодаланмайдиган сифат кўрсаткичларида ифодаланади. Жумладан, бу кўрсаткичларни тушуниб олиш учун Тошкент вилоятида жойлашган айрим кўп тармоқли фермер хўжаликларининг фаолияти қуйидаги жадвалда келтирилган таҳлили орқали ифодаланади (1-жадвал).

1-жадвал

Тошкент вилоятидаги айрим кўп тармоқли фермер хўжаликларининг самарадорлик кўрсаткичлари таҳлили[1]

Кўп тармоқли фермер хўжаликнинг номи Жами харажатлар, минг сўм Фойда, минг сўм Рентабеллик, % Рентабеллик даражасининг фоиз бандга ўзгариши
2013 й 2018 й 2013 й 2018 й 2013 й 2018 й
Истиқлол 115579 311832,1 -10 56535,9 -0,01 18,13 18,14
Гулистон 90993 152340 0 23980 0,00 15,74 15,74
Боқиева Назира 180823 302058 12299 47547 6,80 15,74 8,94
Мухтор-Ҳасанбой-агро 71300 292044,9 3568 12962,1 5,00 4,44 -0,56
Султонов Мухиддин 285843 421022 36101 56551 12,63 13,43 0,8
Насим-Улуғбек файз 157249 182939,9 10236 36109,1 6,51 19,74 13,23
Бердибоев Яхшибой 265270 249754 2300 47698 0,87 19,10 18,23
Сайёра пари 27000 49243,2 4340 32168,8 16,1 65,33 49,23

Одатда юқоридаги жадвал маълумотларидаги самарадорлик кўрсаткичларини молиявий натижалар билан таққослашимиз мумкин. Жами даромад, соф фойда, сотув рентабеллиги, асосий воситаларнинг сотув ҳажмига нисбатан вазни ва асосий воситаларнинг рентабеллиги кўрсаткичлари ички молиявий фаолият самарасини кўрсатади.

Аммо бу кўрсаткичлар хўжаликнинг ташқи ёки ички бозордаги фаолиятини тўла акс эттирмайди. Шунинг учун юқоридаги кўрсаткичларни ташқи мезонлар, жумладан, бозорнинг ўсиш суръати, рақобатбардош нархлар, рақобатчилар маҳсулоти ёки хизмати сифати ва шунингдек мижозларнинг қониқиши ва уларни сақлаб туриш даражаси кабиларни ҳам қўллаш зарур. Жадвал маълумотларидан кўринишича, вилоят ҳудудида жойлашган “Сайёра пари” кўп тармоқли фермер хўжалигининг рентабеллик даражаси юқори бўлиб, 2018 йилда 2013 йилга қараганда 49,23 фоиз бандга ошган ҳолда “Мухтор-Ҳасанбой-агро” кўп тармоқли фермер хўжалигида аксинча -0,56 фоиз бандга камайган.

Ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми (тонна, метр, литр) натурал ўлчовда ҳамда кўрсатилган хизматлар қиймат ўлчов бирликларида мутлақ статистик кўрсаткичлар билан ифодаланса, самарадорлик кўрсаткичлари ишлаб чиқарилаган ялпи маҳсулотнинг сарфланган меҳнат ҳажмига нисбати, сотилган маҳсулот қийматининг уни ишлаб чиқариш харажатларига нисбати, соф фойдани сотилган маҳсулот қийматига нисбати, меҳнат унумдорлиги каби нисбий статистик кўрсаткичлар орқали ҳисобланади.

Бизнингча, кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти самарадорлигини аниқлаш ва уни баҳолаш учун аввало самарани юзага келиш жараёнини аниқлаб олиш зарур ва унинг қуйидаги кўрсаткичларни келтириш мақсадга мувофиқ (1-расм).

1-расм. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигининг шаклланиш чизмаси[2]

Кўп тармоқли фермер хўжаликларининг ўз фаолияти юқорида ишлаб чиқилган хусусий кўрсаткичлардан ташкил топган интеграл кўрсаткичлар асосида йўлга қўйилган [8].

Кўп тармоқли фермер хўжаликлари турли хилдаги маҳсулот ишлаб чиқариши ва хизматлар кўрсатиши натижалари натура ва пул шаклларида бўлганлиги сабабли, уларнинг ўлчов бирликлари ҳам турлича бўлиши маълум. Шунинг учун кўп тармоқли фермер хўжаликларида турли ўлчов бирликларига эга бўлган кўрсаткичларни таққослашда, маҳсулот ҳажмининг ўзгариши ва унга таъсир этувчи омилларни аниқлашда статистик индекслар усулини қўллаш тавсия этилади. Хўжаликларда янги тармоқларнинг йўлга қўйилиши ва самарасиз тармоқ фаолиятининг тўхтатилиши натижасида таркибий ўзгаришлар юзага келиши содир бўлади. Бундай ҳолатда хўжалик фаолиятини ўрганишда таркибий силжишлар индексларини қўллаш мақсадга мувофиқ. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари ва уларнинг тармоқлар фаолиятини йиллар давомидаги ҳолатини ўрганиш ҳамда ривожланиш даражасини таҳлил қилишда динамика индекслари аниқ натижалар беради. Шу билан бирга кўп тармоқли фермер хўжаликлари айрим тармоқларининг фаолияти мавсумийлик хусусиятга эга бўлганлиги туфайли бундай ҳолатдаги жараёнларни ўрганишда динамика қаторларининг мавсумийлик коэффициенти ҳисобланиб, бўлаётган жараёнга баҳо берилади. Умуман олганда замонавий статистика усуллари кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини тўлиқ таҳлил қилиш ва илмий асосланган натижалар олиш имконини беради[5].

2-жадвал

Кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини статистик таҳлил қилиш усуллари[3]

Усуллар Ечиладиган масалалар
1 Статистик кузатиш Хўжалик ҳақида маълумотларни олиш ва тўплаш
2 Статистик гуруҳлаш Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ИФУТ-2 классификатори бўйича гуруҳлаш.
3 Статисик кўрсаткичлар Тармоқлардаги самарани умумий самарадаги улушини аниқлаш, тармоқлардаги самараларни ўзаро таққослаш
4 Статистик индекслар Хўжаликларда янги тармоқларни йўлга қўйилиши ва самарасиз тармоқнинг фаолиятини тўхтатилиш натижасида таркибий ўзгаришлар юзага келишини ҳисобга олиш
5 Динамика қаторлари Кўп тармоқли фермер хўжаликлари ва уларнинг тармоқлар фаолиятини йиллар давомидаги ҳолатини ўрганиш ҳамда ривожланиш даражасини таҳлил қилишда айрим тармоқлар фаолиятида мавсумийликни ўрганиш

Юқорида татбиқ қилинган усуллар иқтисодиётда кўп тармоқли фермер хўжаликлари тизими мураккаб институционал бирлик сифатида қаралиб, классик — ноклассик институционал иқтисодий назариядан фарқли тизимли иқтисодий парадигмага таянган ҳолда улар фаолиятини комплекс тарзда таҳлил қилиш, синтезлаш ва прогнозлаш имкониятини беради.

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги ПФ-5853-сон «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» ги фармони.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги ПҚ-3318- сон «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарори.
  3. Абдуғаниев А., Абдуғаниев А.А. “Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти” Тошкент “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси ” нашриёти 2006 йил, 244-бет.
  4. Хусанов Р.А., Дадабоев Т.Ю., Дадабоев Д.Ю. “Агросаноат комплекси иқтисодиёти”. Т.:Ўзбекистон, 2003 й, 27-бет.
  5. Шодиев Х., Хабибуллаев И. Статистика. Дарслик. Тошкент. Иқтисод-Молия. 2018, 484 б.
  6. Шодмонов Ш.Ш., Б.Э.Мамарахимов “Иқтисодиёт назарияси”. Иқтисод-молия 2016 йил. 65-бет.
  7. Ўлмасов А., Ваҳобов А. “Иқтисодиёт назарияси” Тошкент “Иқтисод-молия” 2014 йил, 32-бет.
  8. Утанов Б.Қ. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ифодаловчи интеграл кўрсаткичлар. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг “Ўзбекистон статистика ахборотномаси” илмий электрон журнали, 1/2019.

 

[1] Тошкент вилояти статистика бошқармаси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши маълумотлари асосида муаллиф томонидан ҳисобланган

[2] Муаллиф ишланмаси

[3] Муаллиф ишланмаси

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *