Коронавирус пандемияси шароитида Бутунжаҳон ҳамжамияти мамлакатларининг пул-кредит сиёсати

Рахматов Т.,

ТДИУ докторанти

Коронавирус пандемияси шароитида жаҳон молия тизимининг мувозанатини сақлаш ва бутундунё иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун планетамиздаги барча Марказий Банклар мудофаа чизиғининг дастлабки қаторидан жой олишди.

Марказий Банклар қайта молиялаштириш ставкаларини камайтириш негизида пул-кредит сиёсатини эркинлаштирдилар. Ривожланган мамлакатларнинг Марказий Банклари қайта молиялаштириш ставкасини тарихий даврдаги энг паст кўрсаткичгача туширдилар. Уларнинг бу ҳаракатлари пул-кредит сиёсатининг истиқболдаги траекторияси ва активларни сотиб олиш дастурининг кенгайтирилиши билан янада мустаҳкамланади.

Иккинчидан, Марказий Банклар молия тизимига очиқ бозордаги операциялар ёрдамида қўшимча ликвидлиликни инъом этдилар.   

Учинчидан, бир қанча Марказий Банклар своп базасида кредит линиялари механизми орқали АҚШ долларида ликвидлиликни тақдим этишни келишиб олишди.

Тўртинчидан, Марказий Банклар жаҳон молия инқирози даврида фойдаланилган дастурларни ишга туширдилар. Улар шунингдек, янги лойиҳаларга изм бердилар,  риски (тафаккалчилиги) юқори бўлган активларни хусусан, корпоратив облигацияларни сотиб олиш дастурларини йўлга қўйишди.   

Жаҳон мамлакатларининг Марказий Банклари корпоратив облигациялар бозорига кириб, кредитлар қийматининг кўтарилиш босимини ушлаб туришмоқдалар ҳамда уй хўжаликлари ва компанияларнинг имкон чегараси доирасидаги баҳоларда кредитларни олишни таъминламоқдалар.

Жаҳон мамлакатларининг Марказий Банклари кредитлар бериш ва корпоратив облигацияларни сотиб олишга 6 трлн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратганликларини эълон қилишди.

Мазкур ишларнинг амалга оширилганлиги  пандемия сабабли молия ва облигациялар бозорларида юзага келган босимни бироз бўлсада юмшатди. Инвесторлар ҳаракатида мутадиллик кузатила бошланди. Бироқ, ҳозирги вақтда, жорий йилнинг дастлабки даврига нисбатан жаҳон молиявий шароитининг бироз мураккаблиги сақланмоқда.

Умуман олганда, COVID-19 коронавируси пандемияси бошлангандан бери жаҳон молиявий шароитининг тезда мураккаблашуви билан жаҳон иқтисодиётининг ёмонлашуви биргаликда кейинги йилда бутундунё мамлакатлари иқтисодий ўсиш суръатлари бироз кичик миқдорда прогнозлаштирилишига замин бўлди.

Халқаро Валюта фонди экспертлари жорий йилда 5 фоизлик эҳтимоллик билан бутундунё мамлакатлари иқтисодий ўсиш суръатларининг 7.4 % га пасайиши башорат қилинди. Ваҳоланки, 2019 йил октябрь ойида  мазкур экспертлар 2020 йилда иқтисодий ўсиш суръатларини 2.6 % деб прогноз қилишган эди.[1]

Айтиш жоизки, бозор муносабатлари шаклланаётган мамлакатларда молия бозоридаги ҳолат бирмунча мураккаблигича қолмоқда. Улар ҳам доллар қийматида ҳам ЯИМга нисбатан салмоқ нуқтаи назаридан портфел капитали оқимининг жуда кескин бурилиши билан тўқнашишди. Ташқи қарзни молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар нисбатан қарзи катта бўлган мамлакатларга қаттиқ таъсир кўрсатади.

Халқаро Валюта фонди 1 трлн. доллар миқдоридаги молиявий маблағлар доирасида нисбатан молиявий инқирозий ҳолатдаги мамлакатларга ёрдам кўрсатишни ўз олдига режа қилди ва бошқа молия институтларини ҳам мазкур ишга қўл уришларини тавсия қилди.[2]

Халқаро ташкилотлар ҳамда пул-кредит ва солиқ-бюджет институтларининг фикрларича коронавирус пандемияси ва унинг оқибатларини бартараф этишнинг дастлабки даврларида молия бошқарув органлари томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилиши лозим.

Биринчидан, банклар авваламбор, ўз захира резервларини молия бозорида мутадилликни сақлашга йўналтиришлари керак. Агар тижорат банкларининг молия захира резервларини тадбиркорлик субъекларига кредит бериш ва бошқа молиявий ресурсларни етказиб беришга қаратилган бўлса, унда назорат органлари (Марказий Банк) тижорат банкларига, ўз капиталларини тиклаб олишларига имкон берувчи режа асосида мақсадли йўналишларни амалга ошириши зарур бўлади. Шу билан бирга, мамлакатлар ҳукуматлари қарз олувчиларга кредит маблағларини тўлаш учун иқтисодий кўмак ва солиқ имтиёзлари бериш, тўғридан-тўғри субсидиялар ажратиш, кредитлар олишларига гарант бўлиш каби солиқ-бюджет тизими бўйича қўллаб–қувватлаш ишларини юритишлари керак бўлади.  Назорат органлари ҳам банкларга дастлабки қарзлари тўловлари бўйича қийинчиликлар учраган уй хўжаликлари ва фирмаларга қайта кредит ажратиш бўйича ишларни амалга оширишга кўмаклашишлари зарур бўлади.

Иккинчидан, йирик капитал маблағлари оқимининг юзага келиши билан ликвидлилик даражасининг пасайиши негизида  активларни бошқариш идоралари, тартибга солиш ва назорат ташкилотлари жамғармалари бошқарувчиларини агар улар пайчилар (акциядорлар) манфаатларига хизмат қилса, мавжуд ликвидлилик инструментларидан тўлиқ фойдаланишларини қўллаб-қувватлари зарур бўлади.

Учинчидан, молия бозорларининг барқарорлигига автоматик равишда тўхтатишга асосланган эҳтиёткорлик билан текширилган, аниқ ва ётиғи билан тушунтирилган чора-тадбирлардан фойдаланиш тавсия этилади.   

Бозор муносабатлари шаклланаётган кўпгина мамлакатлар бозор шароитларининг нобарқарорлиги билан тўқнаш келишди. Улар мазкур ҳолатдан алмашинув курсининг қайишқоқлиги (ўзгариши) орқали чиқишмоқда. 

Коронавирус пандемияси шароитида ривожланаётган мамлакатлар молия тизими муаммоларини ечишга доир икки томонлама ёрдамга мухтож бўлишади. Биринчидан, ривожланаётган экспортёр мамлакатлар ташқи бозорда хомашё ресурслари нархларининг пасайиши негизида валюта тушумининг камайиши билан тўқнаш келса, иккинчидан, ташқи қарз ва уни қайтариш билан боғлиқ масалаларни ечиш зарурияти мавжуд бўлган ҳолатда янги қарз маблағларини олиш бўйича муаммолар ҳал этиш керак бўлади.

Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта Жамғармаси маъмурияти молия ташкилотлари ва институтларини пандемия шароитида қарзларни ундиришга оид ишларини тўлов қобилияти ўта паст бўлган мамлакатларга нисбатан кечиктиришни сўрадилар.

Таъкидлаш керакки, халқаро ташкилотлар бошқа ривожланаётган давлатлар сингари Ўзбекистон Республикасига ҳам молиявий кўмак кўрсатишмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 22 мартидаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, бюджет, базавий инфратузилма ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун ташқи ёрдам маблағларини жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4691-сонли қарорида соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизматининг коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ва имкониятларини ошириш, шунингдек, бюджетни, қишлоқ хўжалиги, коммунал ва энергетика соҳаларидаги корхоналарни қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро молия институтлари (кейинги ўринларда — ХМИ) билан умумий қиймати 3 млрд. АҚШ долларидан ортиқ узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ва грантларни жалб қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилганлиги қайд этилди.

Коронавирус глобал пандемиясининг салбий оқибатларига қарши курашиш чора-тадбирлари учун грантлар ва узоқ муддатли имтиёзли молиялаштиришни жалб қилиш бўйича «Йўл харитаси» шакллантирилиб, қуйидаги йўналишлар бўйича тақсимланди:

  • соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш учун — 277,5 млн. АҚШ доллари;
  • тадбиркорлик ва банк тизимини қўллаб-қувватлаш учун — 700 млн. АҚШ доллари;
  • инқирозга қарши курашиш жамғармасининг ресурс базасини шакллантириш ва Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун — 1,7 млрд. АҚШ доллари, 150 млн. евро;
  • коммунал ва энергетика корхоналарини бир маромда ишлашини таъминлаш учун — 300 млн. АҚШ доллари;
  • турли грантлар бўйича — 30,6 млн. АҚШ доллари.

Мухтасар айлаб, қайд этиш жоизки, халқимизнинг буюк иродаси бирла, халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг кўмаги билан   мамлакатимиз коронавирус пандемиясини енгади. Юқоридаги келтириб ўтилган халкаро ташкилотлар томонидан белгилаб берилган пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатини мамлакатимда аниқ ва изчил юритилиши коронавирус пандемиясини енгишимиз, мамлакат молия тизимида барқарорликни сақлаб қолишимизга замин бўлади.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

 

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 22 мартидаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, бюджет, базавий инфратузилма ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун ташқи ёрдам маблағларини жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4691-сонли қарори
  2. Тобиас Адриан и Фабио Наталуччи, Кризис COVID-19 создает угрозу финансовой стабильности. https://www.imf.org/ru/News/Articles/2020/04/14/blog-gfsr-covid-19-crisis-poses-threat-to-financial-stability
  3. Гита Гопинат. Великая самоизоляция: самый глубокий экономический спад со времен Великой депрессии
  4. Global Financial Stability Report: Markets in the Time of COVID-19, April 2020 https://www.imf.org/en/Publications/GFSR/Issues/2020/04/14/global-financial-stability-report-april-2020

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *