Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий сиёсатнинг экспорт салоҳиятга таъсири

Умаров Ф.У. — Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари Маркази катта ўқитувчиси

Бугунги кунда миллий тараққиётнинг мантиқий босқичи – мамлакатимизни жадал ислоҳ этиш ва модернизация қилиш даври изчил равишда давом этмоқда. Ўзбекистон жаҳон харитасидан мустақил давлат сифатида жой олгандан кейинги тарихан қисқа давр ичида демократик жамият ҳамда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган эркин иқтисодиётни шакллантириш йўлида аҳамиятли ишлар амалга оширилди ва салмоқли натижалар қўлга киритилди. Бунда мамлакатимиз раҳбари томонидан ривожланиш стратегиясининг пухта ишлаб чиқилганлиги, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мақсади ва вазифалари, амалга ошириш йўлларининг аниқ ва тўғри кўрсатиб берилганлиги бош мақсад йўлидаги ютуқ ва марраларнинг салмоқли бўлишига имкон яратди.

Республикамизда охирги йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини изчил амалга оширилиши натижасида иқтисодий ўсишнинг юқори, барқарор ва мувозанатлашган суръатлари ва макроиқтисодий барқарорлик тенденциялари мустаҳкамланиб, аҳоли турмуш даражаси юксалиб мaмлaкaтимиздa тaркибий ўзгaришлaрни изчил aмaлгa oширишдa қулaй инвeстиция муҳитининг ярaтилгaни aсoсий oмил бўлиб кeлмoқдa. Инвестиция жараёнларини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида йилдан-йилга инвестиция ҳажми сезиларли даражада ортиб бормоқда.

Таъкидлаш лозимки, 2016 йилдан кейинги даврда Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ҳаётига янги импульс берилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг сай ҳаракати билан олиб борилаётган ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий ҳамда маънавий-маърифий соҳалардаги ислоҳотлар мамлакат аҳолиси ижтимоий ҳаётида ҳам чуқур ўзгаришлар амалга ошишига олиб келди. Мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва маънавий соҳалардаги ислоҳотларнинг меъёрий-ҳуқуқий асоси  — 2017 йилнинг 7 февралида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракат стратегияси тўғрисида”ги № ПФ-4947 сонли Фармони ҳисобланади. Ушбу фармондан келиб чиқадиган вазифалардан кўринадики, иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш ва янгилашга устувор эътибор қаратиш, барча ресурс ва имкониятларни етакчи тармоқлар тараққиётига сафарбар этиш – ислоҳотларнинг бош вазифасига айланиши лозим.

Эндиликда бошланган таркибий ўзгаришларни давом эттириш дастурлари ва чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда қуйидагича амалга ошириш мўлжалланмоқда:

— қишлоқ хўжалик тармоғини янги техника билан жиҳозлаш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ҳамда у билан боғлиқ бошқа соҳаларни такомиллаштириш;

— республика иқтисодиётининг юқори самарали, экспортга йўналтирилган тузилмасини шакллантириш, иқтисодиётнинг ўзак тармоқларини техника билан қайта жиҳозлаш ва янада ривожлантириш;

— енгил ва қайта ишлаш саноати корхоналарини техника билан қайта жиҳозлашни молиялаштириш, юқори технологияни ва илм талаб ишлаб чиқаришларни жадал ривожлантириш.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5087-сонли [2], Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 сентябрдаги ПФ-5177-сон “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонларини ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз ҳудудий бозорларини ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳамда озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликларига шароитлар яратиш, шу жумладан, ўзлари ишлаб чиқарган товарларни воситачиларсиз тўғридан-тўғри аҳолига сотиш учун махсус майдончалар ташкил этиш орқали истеъмол товарлари билан тезкор тўлдириши таҳлилий маълумотларидан фойдаланилган [3].

2017 йилда мамлакатимиз миллий пул бирлиги сўм — реал валюта курсининг пасайиши (девальвацияси), Ўзбекистон валютаси харид қобилияти паритетини 4,6 га (прогноз маълумотлари) ўзгаришига олиб келди.

2017 йил якунларига кўра, ЯИМ ҳажми жорий нархларда 249,14 трлн. сўм ёки 48,65 млрд. АҚШ долларига тенг бўлди. Жон бошига ҳисоблаганда, ЯИМ ҳажми 7,7 млн. сўмни ёки 1502,1 АҚШ долларини ташкил қилмоқда. Бу эса харид қобилияти паритети бўйича республикамиз ЯИМнинг умумий ҳажми 223,6 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди, аҳоли жон бошига эса 6903,4 АҚШ долларига тенг бўлди. Демак, аҳоли жон бошига ЯИМнинг  378 долларга ошиши кузатилди. Жаҳон банкининг маълумотларига кўра харид қобилияти паритети бўйича мамлакатимизда ЯИМ умумий ҳажми 2016 йилда 207,8 млрд. АҚШ долларига тенг бўлиб, аҳоли жон бошига 6525,3 АҚШ долларини ташкил қилган.

2018 йилда девальвация ЯИМ ҳажмига (долларда ҳисобланганда) кескин таъсир ўтказади. Яъни, жорий йилда номинал ЯИМ ҳажми 290 трлн. сўмни ёки бир долларга 8050 сўм курс бўйича 36 млрд. долларни ташкил этиши кутилмоқда (жон бошига 1125 доллар). Шу билан бирга келгуси йиллардаги реал иқтисодий ўсиш ҳисобига харид қобилияти паритети бўйича ҳисобланган ЯИМ ҳажми жон бошига ҳисобланганда янада кўпайиши ва аҳоли фаровонлиги ошиши кутилмоқда.

Мамлакатимизда 2019-2020 йилларда ЯИМ ҳажмининг доллар ҳисобида ҳам ўсиш жараёни кечиши прогноз қилинмоқда. Бундай ҳолатда экспорт ҳажмининг ортиши ва унинг ЯИМ таркибидаги улушининг кўпайиши, ЯИМ ҳажмининг доллар ҳисобида ўсишини таъминловчи асосий омил бўлади.

Шундай шароитда мамлакатнинг ташқи иқтисодий потенциали табиий ресурсларнинг мавжудлиги, ишлаб чиқариш ва илмий-техник потенциалнинг барпо этилиши, инфратузилма, ижтимоий соҳа, маҳсулот ва хизматларнинг мамлакат ташқарисига экспорт қилиниши ёки чет эл фуқароларига, фирмаларига, ташкилотларига, шу жумладан чегара ичида хорижий корхоналар ва қўшма корхоналарга  сотилиши билан аниқланади.

Мамлакат ташқи иқтисодий потенциалини аниқловчи энг муҳим иқтисодий кўрсаткичлар ЯИМ ишлаб чиқариш ҳажми, шу жумладан аҳоли жон бошига, ЯИМда товар ва хизматлар экспортининг улуши  ҳамда товарлар умумий экспорти ҳажмида саноат товарлари улуши ҳисобланади.

Мамлакат экспорт салоҳиятининг ортиши миллий иқтисодиётнинг турли жабҳаларига ижобий таъсир кўрсатади.

   Бу биринчидан, мамлакат олтин валюта захиралари ҳажмига таъсир қилади. Чунки, экспортни биз хорижий валютага сотамиз ва ўз навбатида импортни ҳам хорижий валютага сотиб оламиз, яъни экспортнинг импортдан ошиши – мамлакатга соф хорижий валютанинг кириб келишини билдиради.

   Иккинчидан, бу соф хорижий валютанинг кириб келиши ўз навбатида миллий валюта алмашув курсига таъсир қилмоқда.

Мамлакатлар ўртасидаги халқаро айирбошлаш ва халқаро савдонинг ривожланишида глобаллашувнинг аҳамияти тўғрисида гапирадиган бўлсак, мамлакатлар қадим замонлардан буён моддий ноз-неъматларни тайёр маҳсулотлар ва турли хил ресурслар кўринишида ўзаро айирбошлаб келишган, яъни бир-бирлари билан халқаро иқтисодий муносабатларга киришишган. Ўз навбатида, айирбошлашнинг ҳажми ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиш даражасига  ва товар ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига боғлиқ бўлган. Чунки, ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши, бир томондан, мамлакатлар ўртасида хўжалик алоқаларининг кенгайишига имкон яратса, икккинчи томондан, турли хил хомашёлар, материаллар  ва бошқа ресурсларга бўлган талабнинг ошиб бориши айирбошлаш заруриятини келтириб чиқаради.

Айниқса, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг халқаро савдони эркинлаштиришнинг асосий омилларидан бири халқаро иқтисодий ташкилотларга аъзо бўлиш ва ана шу ташкилотлар доирасида фаолият кўрсатиш жараёнларини фаоллаштириши зарур эди.  Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Европа Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЙХҲТ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ), Шанхай Ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилоти (ШҲХТ), Марказий Осиё Ҳамкорлик Ташкилоти (МОҲТ), Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ), Жаҳон Савдо Ташкилотининг кузатувчиси (ЖСТ), Жаҳон Банки (ЖБ), Халқаро Тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ), Халқаро ривожланиш уюшмаси, Халқаро молия корпорацияси (ХМК), Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, ЮНЕСКО ва шу каби ўнлаб нуфузли халқаро ташкилотларнинг аъзоси бўлишга эришди.

Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувида Халқаро валюта фонди (ХВФ) билан ҳамкорлиги алоҳида ўрин тутади. Давлатимиз томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсат ҳар жиҳатдан дунёда ўз мавқеига эга ва халқаро иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишда ҳам ўрнак бўла олади.

Бир сўз билан айтганда мамлакат иқтисодиёти учун экспортнинг аҳамияти қуйидагиларда ифодаланади:

  1. ЯИМнинг ошишига ёрдамлашади ва корхона ҳамда ташкилотларнинг янги иш ўринларини яратиш имкониятини беради. Экспорт ҳажми қанча катта бўлса, шунча кўп маблағ давлат бюджетига тушади. Бошқа томондан, бу янада кўп маҳсулот ишлаб чиқариш зарурлигини шакллантиради, бу учун эса янада кўпроқ ишчи-ходимлар ёлланишини тақозо этади. Демак, экспорт нафақат иқтисодиётни яхшилаш усули, балки ишсизликнинг юқори даражасига курашнинг энг муҳим воситаларидан бири ҳамдир.
  2. Мамлакатга чет эл валютаси оқимининг ошишига ёрдам беради. Хорижга ўз товарларини сотиб, Ўзбекистон компания ва корхоналари АҚШ доллари ёки еврода фойда оладилар. Шу учун экспорт мамлакатга чет эл валютасини жалб этишнинг муҳим манбаи ҳисобланади. Экспортнинг ўсиши, миллий валютани мустаҳкамлаш имконини беради ва давлатнинг мувозанатлашган савдо балансини ушлашга ёрдам беради. Аммо, шуни ҳам айтиш жоизки, экспортнинг импортдан кескин ошиб кетиши савдо балансига салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. Агар миллий валюта курси кескин кўтарилиб кетса, бундай ҳолда товарлар ва хизматлар нархларининг қимматлашуви натижасида уларнинг харидоргирлиги, рақобатбардошлиги ташқи бозорда тушиб кетади ва натижада экспортнинг камайишига олиб келади. Шу сабабдан ҳам мамлакатлар экспорт ва импортнинг балансини сақлашга ҳаракат қиладилар.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳар бир мамлакат барқарор халқаро иқтисодий муносабатларни таъминлашга интилади. Чунки, халқаро иқтисодий муносабатлар, биринчидан, халқаро даражада миллий маҳсулот ҳажми ва улардан олинадиган даромаднинг кўпайишини, иккинчидан, бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишни, учинчидан, халқаро иқтисодий муносабатларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар нуфузининг ошишига олиб келади ва энг асосийси аҳолининг фаровон яшашини таъминлайди.

  1. Мутахассислар фикрича, яқин келажакда инвестиция сиёсатининг стратегик вазифалари хусусийлаштириш жараёнлари якунланган ва рақобатли муҳит яратилган шароитларда амалга оширилиши натижасида инвестиция фаолияти самарадорлиги, ресурсларини асраш ва инвесторлар фаолиятининг узоқ муддатлилиги кафолатлари ҳам шунчалик юқори бўлади. Бугунги кунда бутун дунё айнан шу йўлдан бормоқда.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, қулай ишбилармонлик муҳитининг яратилиши миллат ва ҳудудлар иқтисодиётига инвестицияларнинг кенг жалб қилиниши — яқин истиқболда мамлакатимиз аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида, турмуш даражаси ва яшаш шароити яхшиланишида муҳим манба бўлиб қолади.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПФ-4947 Фармони.Т.: 7.02.2017 й.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5087-сонли Фармони.
  3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 сентябрдаги ПФ-5177-сон “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони.
  4. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2010-2016 йиллардаги “Йиллик статистик” тўплам маълумотлари, Т.:2017 й.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *