Ўзбекистонда уй хўжаликлари даромадларининг шаклланиши вауларнинг таҳлили

Қосимов Самандар Ҳайдар ўғли

Ўзбекистон Республикаси давлат статистика

Қўмитаси ҳузуридаги “Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар”

институти таянч докторанти (Ph.D)

Аннотация. Ушбу мақолада уй хўжаликлари даромадларининг шаклланиши, харажатларининг тақсимланиши ва уларга таъсир этувчи омиллар таҳлил этилган.

Калит сўзлари. Уй хўжалиги, даромад, харажат, даромад, ижтимоий ҳимоя, товар, хизмат, истеъмол, жамғариш.

 

Уй хўжалиги – маълум бир турар-жой манзилида бирга яшовчи, даромадларини тўлиқ ёки қисман бирлаштирган ҳолда умумий рўзғор юритувчи кишилар гуруҳи ҳисобланади. Бунда, уй хўжалиги аъзолари ўртасида қариндошлик алоқалари бўлиши шарт эмас. Уй хўжалиги бошлиғи эса уй хўжалиги аъзоларининг ихтиёрига кўра аниқланади. Бунда, ушбу уй хўжалигининг ёш жиҳатдан энг катта бўлган вакили ёки хўжаликни бошқарадиган ёки уй хўжалигига кўпроқ даромад келтирувчи уй хўжалиги аъзоси уй хўжалиги бошлиғи бўлиши мумкин.

Уй хўжалигининг банд (ишловчи) аъзолари – бир ҳафтага тенг маълум бир қисқа вақт давомида, ёлланма (ҳақ тўланадиган) ходим сифатида ёки мустақил равишда банд бўлган, уй хўжалигининг 16 ёш ва ундан катта аъзолари ҳисобланади. Уй хўжалигида ишлаб чиқариш эса уй хўжалигининг ишлаб чиқариш фаолияти натижаси ҳисобланган, ўз шахсий истеъмоли ҳамда сотиш учун ҳам мўлжалланган товарлар, маҳсулотлар ва хизматлар қийматидир. Уй хўжалиги пул харажатлари – истеъмол ва ноистеъмол харажатлардан таркиб топади. Ўз навбатида, уй хўжалигининг истеъмол харажатлари, истеъмол товарлари ва хизматларини харид қилишга (яъни, озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олишга, уйдан ташқарида овқатланишга, спиртли ва спиртсиз ичимликлар, тамаки маҳсулотлари, ноозиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олишга ва пуллик хизматларга) йўналтирилган харажатларни ўз ичига олади. Ноистеъмол харажатларга солиқлар, йиғимлар, тўловлар ва истеъмол билан боғлиқ бўлмаган бошқа турдаги харажатлар киради.

“2020 йил аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида туб бурилиш йили бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Аввало, аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик мавжудлигини биринчи марта тан олиб, уни қисқартириш бўйича кенг қамровли ишларни бошладик. Барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги – “темир дафтар” тизими жорий этилди. Қисқа муддатда бу тизим орқали 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилган аҳоли учун солиқ имтиёзлари берилиши ҳамда кўпгина чекловларнинг бекор қилиниши туфайли 500 минг нафар фуқаро меҳнат фаолиятини қонуний тарзда йўлга қўйди.” [1].

Ҳар қандай иқтисодиётнинг бош масаласи инсон ва унинг эҳтиёжларини қондиришдан иборат. Бу албатта инсоннинг жамиятдаги ўрни, ишлаб чиқарилган моддий неъматларни тақсимлаш муносабатларига боғлиқ бўлади. Бозор иқтисодиёти шароитидаги тақсимот қонунига мувофиқ иқтисодиёт субъектларининг даромади уларга қарашли ресурсларнинг миқдори ва самарали ишлатилишига қараб белгиланади. Бунга биноан олинган даромадлар ишлаб чиқариш омиллари даромадлари ёки бозор даромадлари ҳисобланади ва  ҳар бир омил ўз эгасига алоҳида даромад келтиради.  Ишчи кучи эгаси иш ҳақи, капитал эгаси фойда, кўчмас мулк эгаси рента, пул эгаси фоиз, акция эгаси дивидент шаклида даромад олади.

Тақсимот қонунига кўра, даромадлар эквивалент яъни баббаравар, тенгма-тенглик тамойилига асосланиши – ҳар бир субъект ўз қўлидаги ишлаб чиқариш омили ёрдамида товар ва хизматлар яратишга қўшган ҳиссасига  қараб даромад олиши керак. Бундай даромадлар иқтисодиётда бозор даромадлари деб аталади. Бу асосий даромад тури бўлсада у ягона даромад эмас, ундан ташқари бозор тамойиллари эмас, балки инсонпарварлик қоидаларига асосланган нобозор даромадлари ҳам бўлади. Бозор даромадлари олиниш усулига ва шаклланиш манбаларига кўра фарқланади. Ўз олиниш усулига кўра даромадлар меҳнатга асосланган ва меҳнатсиз топилган даромадларга бўлинади. Иш ҳақи, фойда каби даромадлар меҳнатга асосланган даромадлар деб ҳисобланса, қўйилмалар учун фоиз, мерос каби даромадлар меҳнатсиз даромадлар жумласига киради.

Шаклланиш манбаларига кўра даромадлар иш ҳақи, мулкдан келган даромадлар ва ижтимоий тўловларга бўлинади. Мулкдан келган даромадлар сирасига фойда, рента, фоиз, дивидент даромадлари мансубдир. Ижтимоий тўловлар билан боғлиқ даромадлар пенсия, стипендия ва ҳоказолардан иборат. Бозор иқтисодиётида иш ҳақи даромаднинг асосий қисми, аммо ягона  даромад эмас. Ривожланган бозор мамлакатларида у ахоли жами даромадларининг 2/3 қисмини ташкил этади. Иш ҳақи миқдорининг кўп ёки оз бўлиши одатда, меҳнат бозоридаги иш кучига талаб ва иш кучи таклифининг нисбатига, меҳнатнинг унумдорлик кучига, бозор талабига мос равишда ишлай билишига боғлиқ бўлади.

Фойда, фоиз, дивидент, рента, мулкдан келадиган даромад уларнинг миқдори, унинг эгаси томонидан қанчалик самарали ишлатилишига қараб бўлади. Давлат томонидан қарилик ва ногиронлик ёки боқувчисиз қолганларга бериладиган пенсия, нафақалар, бир йўла ёрдам пуллари, стипендиялар ва турли натурал тўловлар, нобозор даромадларини ташкил этади. Бу тўловларни давлат фирмалари ва айрим ҳомийлар ташкил этиб, шу ҳисобдан муҳтожларга бепул овқат, кийим-кечак, дори-дармон берилади, бепул хизматлар кўрсатилади.

Бозор иқтисодиёти шароитида ахоли даромадлари иш ҳақи тадбиркорлик фаолиятдан олинадиган даромад, нафақа, пенсия, стипендия, турли хил ёрдам шаклидаги пул тушумларидан, мулкдан фоиз, дивидент, рента шаклидаги даромадлардан, қимматли қоғозлар, кўчмас мулкдан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотишдан, ҳунармандчилик, касаначилик, турли хил хизматлар кўрсатиш ва молия кредит, банклардан келадиган даромадлардан ташкил топади.

Ахоли даромадлари даражасини аниқлашда номинал, ихтиёрида бўлган ва реал даромад тушунчаларидан фойдаланилади. Номинал даромад  –  ахоли томонидан маълум вақтда пул шаклида олган даромадларининг миқдори. Ихтиёридаги даромад – номинал даромаддан солиқлар ва турли мажбурий тўловлар чиқариб ташлангандан сўнг, ахоли ихтиёрида шахсий истеъмол ва жамғариш учун қоладиган даромад.

Реал даромад – ахолининг ихтиёрида қолган даромадга қанча товар ва хизматлар сотиб олиши билан аниқланади, даромаднинг харид қобилиятини англатади ёки реал даромад – бу истеъмол этиладиган товар ва хизматларда ифода этилган даромад бўлиб, муайян нарх-наво шароитида пул даромадларига бозорда нима берилишини билдиради.

Умуман олганда ижтимоий ҳимоя ва камбағалликни қисқартириш бир бирига ўзаро боғлиқ бўлсада, уларга нисбатан ёндошувлар  фарқланади. Ижтимоий ҳимоя айрим тоифадаги кишилар ёки оилалар ўзларининг ижтимоий мақомига кўра, ўзини ёки оиласини, объектив тарзда, зарурий моддий ва номоддий неъматлар билан таъминлаш имкониятига  эга  эмаслар. Мисол учун, аҳоли ўртасида ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки уларнинг миқдорини ошириш орқали ижтимоий ҳимоялаб туриш.   Бу масаланинг бир томони бўлиб, ушбу тоифадагилар доимий ҳимояга мухтождирлар.  Бундаги ёндошув шуки, таъминот орқали ушбу муаммони ҳал этиш мумкин, деган фикр мавжуд. Бу – бир томонлама ёндашув бўлиб, муаммони тўла ечиш имконини бермайди. Камбағалликни кисқартириш эса ўзига хос ёндошувни талаб этади – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга оширишга қаратилган бўлиши лозим.

Жаҳон банкининг гуруҳлаштириш тизимига мувофиқ Ўзбекистон даромади ўртадан паст (1036-4045 АҚШ доллари  йилига) давлатлар қаторига киради. [2].

Бундан ташқари, камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил – бу инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши керак. Сўнгги йилларда камбағаллик муаммосини ўрганиш учун ишлатилиши мумкин бўлган оммавий маълумотлар базаларини яратишда сезиларли ютуқларга эришилди. Улар камбағалликни тавсифлаш ва камбағаллик омиллари, аниқ дастурлар ва сиёсат ислоҳотларининг камбағалликка таъсири тўғрисида кўплаб фаразларни синаб кўришимизга имкон беради. Масалан, камбағал ва камбағал бўлмаган одамлар ёки уй хўжаликларининг хусусиятларини таққослаб, мезонлар асосида камбағалликни  аниқлаш ва камбағалликка қарши курашда бериладиган ёрдамнинг ўзига хос параметрларини  аниқлаш  мумкин.

Ҳар бир инсоннинг моддий ва маънавий турмуш имкониятлари унинг даромадлари даражасига боғлиқ. Инсоннинг даромади даражаси қанча юқори бўлса, унинг ўз зарурий эҳтиёжларини қондириш, саломатлигини сақлаш дам олишни ташкил этиш, маълумот олиш ва бўш вақтини маданий тарзда ўтказиш имкониятлари шунча кўп бўлади. Бозор муносабатларининг асосий тамойилларидан бири – республика аҳолисини кучли ижтимоий ҳимоялаш саналади. Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиѐти шароитидаги ривожланиш босқичида ҳам инсон манфаатларининг устуворлигини таъминлаш ҳаётий заруриятдир. Янгиланиш ва тараққиётдаги Ўзбекистон моделининг бош устувор йўналиши замирида инсон манфаатлари ётади ва кучли ижтимоий сиёсат юритиш марказий ўринни эгаллайди.

 

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. 29.01.2020 йил.
  2. https://www.world.bank.com – жаҳон банкининг расмий веб сайти.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *