МИЛЛИЙ ИҚТИСОДИЁТНИНГ САНОАТ ТАРМОҒИ ВА УНИНГ ТЕХНОЛОГИК ТУЗИЛМАСИДАГИ ТАРКИБИЙ ЎЗГАРИШЛАР ДИНАМИКАСИНИНГ ЯЛПИ ИЧКИ МАҲСУЛОТГА ТАЪСИРИНИ БАҲОЛАШ

ТДИУ магистранти

Артиков Р.Р.

Мақолада республика иқтисодиётининг тармоқ тузилмасидаги таркибий ўзгаришлар баҳоланган, мазкур таркибдаги саноат ялпи қўшилган қиймати йиллик ўсиш суръатининг республика ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) йиллик ўсиш суръатига таъсири эмпирик тадқиқ этилган. Шунингдек, қайта ишловчи саноатнинг технологик тузилмаси таркибидаги қуйи ва ўрта-юқори тармоқларнинг ЯИМ динамикасига таъсирлари аниқланган.

Таянч сўз ва иборалар: қайта ишлаш, иқтисодий ўсиш, қўшилган қиймат, меҳнат унумдорлиги, миллий иқтисодиётнинг тармоқ тузилмаси, қайта ишловчи саноатнинг технологик тузилмаси.

 

  1. Кириш

 

Кўпгина экспертларнинг фикрларига кўра, жаҳон иқтисодиётидаги чуқур таркибий номутаносибликнинг мавжудлиги сўнгги глобал инқирознинг асосий сабабларидан бири сифатида эътироф этилди[1].Бироқ, олиб борилган кўп сонли тадқиқотлар шуни кўрсатадики,“таркибий номутаносиблик” нафақат сўнгги глобал инқирознинг асосий сабабларидан бири бўлган, балки у ўтган глобал инқирозларнинг ҳам асосий сабабларидан бири сифатида қайд этилган. Хусусан, Г.Меншнинг фикрига кўра, айнан 1971-1974 йилларда ГФР иқтисодиётидаги таркибий беқарорлик 1975-1976 йиллардажуда кучли ишлаб чиқариш инқирозини келтириб чиқарган ва бошқа мамлакатларда ҳам мазкур ҳолат кузатилган[2].

Иқтисодиёт тармоқлари ўртасидаги тўғри мутаносибликнинг мавжуд эмаслиги иқтисодий инқирозларни келтириб чиқарса, мутаносибликнинг бузилишига эса, давлатнинг фискал сиёсати, пул хўжалиги ва банк соҳасидаги камчиликлари сабаб бўлиши мумкинлигиқайд этилган. Илмий манбаларга кўра, Кондратьев катта циклларининг “дивигател”лари бу — таркибий катта силжишлар ва баҳолар мутаносиблигидаги кескин ўзгаришлар бўлиб, айнан талаб ва таклиф номутаносиблигига давлат бюджетининг камомадлиги, инвестиция ҳажмининг иқтисодиёт имкониятидан ўсиб кетиши, ишлаб чиқариш ҳажми ва меҳнат унумдорлиги ўсишидан иш ҳақининг ўсиши олдин кетиб қолиши, давлат нархларининг турли сабабларга кўра оширилиши оқибатида талаб ҳажми ва тузилмасининг бузилиши каби омиллар олиб келиши мумкинлиги аниқланган[3].

Бугунги кунда миллий иқтисодиётимизнинг шаклланган тармоқ ва технологик тузилмаларини тадқиқ этиш, мазкур тузилмаларга баҳо беришда шу тузилмалардаги тармоқлар улушининг шаклланиш қонуниятларини аниқлаш республикамиз иқтисодиёти учун ҳам муҳим ўрин тутади ҳамда тармоқлар ўртасида мақбул мутаносибликни шакллантириш миллий иқтисодиётда самарали таркибий сиёсат олиб боришнинг асосий шарти ҳисобланади.

Ҳозирги иқтисодий вазиятда жаҳон бозорларида рақобат шиддат билан кучайиб бораётган бир пайтда миллий иқтисодиётнинг тармоқ ва технологик тузилмаларини такомиллаштириш,ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан узлуксиз янгилаб бориш, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, тармоқларни модернизация ва диверсификация қилишни изчил давом эттириш масалалари иқтисодий сиёсатимизда тобора муҳим аҳамият касб этиб, бу каби вазифаларни амалга оширишда тузулмавий ўзгаришларни чуқур тадқиқ этиш масаласи долзарб илмий муаммо бўлиб қолмоқда.

Юқоридаги фикр ва мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда қуйида республикамиз иқтисодиётининг тармоқ ва қайта ишловчи саноатининг технологик тузулмаларидаги ўзгаришлар эмпирик тадқиқ этилади ҳамда республика миллий иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришлар миқдорий жиҳатдан баҳоланади.

 

  1. Адабиётларга тавсиф: назарий ёндашув ва мулоҳазалар

 

Иқтисодиётнинг таркибини такомиллаштириш ҳамда таркибий ўзгаришлар борасида жуда кўплаб тадқиқотлар олиб борилган ва олиб борилмоқда ҳам. Бироқ, шунга қарамасдан таркибий ўзгаришларнинг моҳиятини ёритиб берувчи ва доимий давогарлик қилувчи устун назария ва тариф мавжуд эмас. Бу эса, таркибий ўзгаришларни тадқиқ этишни қийинлаштирибгина қолмасдан, балки таркибий ўзгаришларни амалга оширувчи субъектларнинг амалий фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли таркибий ўзгаришлар тушунчасининг моҳиятини очиб беришга қаратилган назарий қарашлар ва услубий ёндашувларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш талаб этилади.

Одатда ўзгаришлар маълум бир тизим доирасида амалга ошади. “Тизим (юн.systeme — қисмлардан иборат бутун) — ўзаро муносабат ва алоқада бўлган, муайян яхлитликни ҳосил қилувчи кўп қисмлар (элементлар) мажмуи” бўлиб ҳисобланади[4]. Муайян тизим ўз тузилма ёки таркибигаэга бўлиб, ундаги силжишлар, тузилмавий ёки таркибий силжишларни келтириб чиқаради. Ўз навбатида миллий иқтисодиётдаги тузилмавий силжишларни таҳлил қилиш ва баҳолашдан олдин “тузилма” ва “тузилмавий силжиш” тушунчаларининг моҳиятини аниқлаштириш талаб этилади.

Илмий адабиёт ва манбаларда “тузилма” атамасига нисбатан турли хил ёндашувлар мавжуд бўлиб, масалан, фалсафа луғатида тузилмага “тузилма (лот. structura — тузилма, тузилиш жойлашиш, тартиб) — тизим унсурлари орасидаги барқарор ўзаро алоқалар бирлиги сифатида намоён бўлувчи, тизим ташкил этилишининг ички шакли ва тузилишидир” деб таъриф берилади [5]. Шунингдек, “тузилма” тизимнинг ички тузилишини тавсифлайди ҳамда уни ташкил этувчи унсурларнинг жойлашиш шакли ва хусусиятларини ўзида акс эттиради.

В.И.Свидерский, “тузилма — бу қонун, унсурлар ўртасидаги муносабатлар тизими” [6] деб ҳисобласа, О.Красильниковнинг фикрича, “иқтисодиёт тузилмаси аниқ иқтисодий бутунликни ташкил қилувчи қисмлар, унсурлар муносабатлари тўпламининг тузилишидир” деб ҳисобланади [7].

Кейинги йилларда “тузилма” тушунчасига нисбатан статистик ёндашувлар жуда кенг тарқалиб борди. Жумладан, бундай ёндашувлар Л.С.Казинец, К.Гатев, А.Салаи, В.Рябцев, С.В.Куришева асарларидан муҳим ўрин эгаллади. Бунинг асосий сабаби шундаки, иқтисодий ҳодисаларнинг вақт мобайнидаги ўзгаришларини таҳлил қилиш ва баҳолаш статистик таҳлилнинг энг муҳим жиҳатларидан бири эканлигидадир.

Иқтисодиёт тузилмасининг табиати барқарор эмас. Уни ташкил этувчи унсурларнинг макон ва замондаги тартиби узлуксиз ўзгариб боради, бунинг натижасида тизим хусусиятларини янги сифат даражасига олиб келувчи силжишлар ҳосил бўлади. Л.С.Казинецнинг фикрича, тўплам алоҳида унсурларини ифодаловчи улушларнинг вақт мобайнида ўзгариши, тузилманинг ўзгаришини, яъни тузилмавий силжишларни билдиради [8]. Бундан кўринадики, “тузилма” — улушларда ифодаланган статистик тўплам бўлиб, ундаги улушларнинг замонда ўзгариши силжишларни келтириб чиқаради ҳамда улушларнинг ўзгариши тизим унсурларининг нотекис динамикаси натижасида содир бўлади.

Таркибий ўзгаришлар мураккаб, кўп қиррали ва зиддиятли жараёндир. Тор маънода иқтисодиёт таркиби такрор ишлаб чиқариш тизимининг хўжалик унсурларидан ташкил топади. Бунда у энг аввало, ишлаб чиқариш, истеъмол, тақсимот ва айирбошлаш тизимида у ёки бу тармоқнинг улуши ва салмоғига мувофиқ миқдорий кўрсаткичларни тавсифлайди.

Таркибий ўзгариш назарияси иқтисодиётда муҳим ўрин тутганлиги ва иқтисодий ўсишнинг негизини ташкил этганлиги боис бу муаммога Нобель мукофоти лауреатлари Л.Кантарович[9], П.Самуэльсон[10], В.Леоньтев[11], С.Кузнец[12] ва бошқалар ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшганлар.

Хусусан, 1971 йилда “иқтисодий ўсишни эмпирик асослаганлиги учун” С.Кузнецга Нобель мукофотилойиқ кўрилди. У узоқ муддатли таркибий ҳамда саноат тармоқларида кечадиган турли туман омиллар ўзгаришларининг иқтисодий ўсиш жараёнига таъсирларини кўрсатиб берди. Кузнец эмпирик тадқиқотларининг бош хулосасини “мамлакатдаги миллий маҳсулотнинг ўсиши — иқтисодиётдаги чуқур таркибий қайта ўзгартиришлар билан бевосита боғлиқ” эканлиги тўғрисидаги илмий хулоса ташкил этади. Ишлаб чиқаришнинганиқ секторларида банд бўлганлар ва улар даромадларидаги ўзгаришлар Кузнецнинг диққат марказида бўлиб, шунинг учун ҳам у “замонавий иқтисодий ривожланишнинг бош манбаи илмий техник тараққиёт ва инновацион технологиялар” деган энг муҳим илмий хулосага келади.

С.Кузнец томонидан эришилган юқоридаги илмий хулосага анча илгарироқ айнан инглиз иқтисодчиси К.Кларк келган бўлиб, унинг фикрига кўра, иқтисодий ривожланиш даражаси бевосита саноатнинг технологик тузилмаси билан тўғридан-тўғри боғлиқлидир[13]. Кларк тадқиқотлари шуни кўрсатадики, юқори ривожланишга эга бўлган мамлакатларда (АҚШ, Ғарбий Европа мамлакатлари ва Япония) юқори технологияли (металлургия, машинасозлик, транспорт ва алоқа воситаларини ишлаб чиқариш, кимё ва нефт-кимё ишлаб чиқариш) ишлаб чиқаришларнинг улуши юқори бўлиб, мазкур кўрсаткич 50 фоиздан ортиқни ташкил этади.

Иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни асослашда Э.Энгел қонунларининг ўрни ниҳоятда юқори бўлиб, унинг биринчи қонунига кўра, аҳоли жон бошига даромадларнинг ўсиб бориши билан, истеъмол талаби таркибидаги озиқ-овқатга қилинадиган харажатлар улуши камайиб боради. Энгелнинг иккинчи қонуни, саноат истеъмол товарлари ва қимматбаҳо буюмларга тааллуқли бўлиб, унга кўра аҳоли жон бошига бўлган даромадлар ошиб борган сари уй хўжаликларининг мазкур товарлар гуруҳига харажатларнинг улуши ҳам ортиб боришини тасдиқлайди[14].

Энгел қонунларининг аҳамияти шундаки, у қайсидир маънода истеъмол талаби тузилишидаги ўзгаришларни тадқиқ қилиш орқали микро даражадаги таркибий ўзгаришларнинг макро даражадаги таркибий ўзгаришларга таъсири юқори эканлигини кўрсатиб берди. Кейинчалик инглиз иқтисодчиси К.Кларк янги эмпирик маълумотлар асосида Энгел хулосаларини тасдиқлади ва у аграр соҳа улушининг камайиши бошида саноат улушининг кўпайиши ҳисобидан, сўнг саноат улушининг камайиши хизмат кўрсатиш соҳаси улушининг ўсиши ҳисобидан содир бўлаётганлигини қайд этди. Шунингдек, у хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишлаб чиқаришни ривожлантириш харажатларининг эластиклик коэффициенти ЯИМнинг ўсишига боғлиқ равишда 1 дан юқори бўлишини ва бу ЯИМ ўсишига боғлиқ ҳолда хизмат кўрсатиш соҳасидаги харажатлар иқтисодиётнинг бошқа соҳаларидаги харажатларга нисбатан тез суръатлар билан ўсишини тасдиқлади.

Таркибий ўзгаришларни тадқиқ этишда А.Льюис тадқиқотлариҳам муҳим ўрин тутади. А.Льюис модели иқтисодиётнинг аграр ва саноат секторларини ҳисобга олган ҳолда қурилади. Аграр секторда меҳнат ресурсларининг таклифи чекланмаган, меҳнат унумдорлиги жуда паст, чегаравий маҳсулот эса нолга тенг деб тахмин қилинади. Бу эса қишлоқ хўжалигидан ишчи кучининг олиниши ишлаб чиқаришни қисқаришига олиб келмаслигини англатади. Қишлоқ хўжалигидаги ишчиларнинг иш ҳақи яшаш минимуми даражасида бўлганлиги сабабли, бу ишчи кучидан саноатда фойдаланиш ҳеч қандай муаммо туғдирмайди ҳамда бу сектордаги меҳнат унумдолиги аграр сектордагидан анча юқори деб ҳисобланади[15].

А.Льюис тадқиқотларининг асосини меҳнат ресурсларининг бир қисмини қишлоқ хўжалигидан саноатга қайта тақсимлаш ва бу билан иқтисодий ўсиш суръатини тезлаштиришга эришиш ғояси ташкил этади. Бу жараёнда асосий механизм бўлиб тармоқлараро бозор хизмат қилади.Саноат ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириб, ўз ишчиларининг даромадлари ўсишини таъминлайди, бу эса ички талабни ошишига кўмаклашади. Бунда тадбиркорлар ўсиб бораётган даромадларини ишлаб чиқаришни кенгайтиришга йўналтирадилар. Бу даромадлар кейинчалик иқтисодий ўсишга динамик таъсир кўрсатади деб ҳисобланади.

Юқоридаги илмий тадқиқотларининг мантиқий давоми сифатида қуйида республика ЯИМнинг тармоқ таркибидаги ўзгаришлар баҳоланади ва қайта ишловчи саноатнинг технологик тузилмасидаги таркибий ўзгаришларнинг ЯИМга таъсири аниқланади.

 

  1. Таркибий ўзгаришларнинг ЯИМга таъсирини баҳолаш усуллари

 

Кўп сонли эмпирик тадқиқотларнинг кўрсатишича, мамлакатдаги қайта ишловчи тармоқлар ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш суръати, узоқ муддатли иқтисодий ўсиш суръатининг аргументи ҳисобланади. Мазкур гипотеза биринчи маротаба британиялик иқтисодчи Н.Калдор томонидан билдирилган бўлиб, унга кўра мамлакатдаги қайта ишловчи тармоқлар ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш суръати ва иқтисодий ўсиш суръати ўртасида ижобий корреляция мавжуд [16].

Юқоридаги гипотетик муносабат Калдорнинг биринчи қонуни бўлиб, кейинчалик у қатор илмий тадқиқотларда “manufacturing is the engine of growth”, яъни “қайта ишлаш саноати иқтисодий ўсишнинг двигатели” ибораси остида тадқиқ этила бошланди:

бунда  — ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати ва  — қайта ишловчи тармоқлар ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш суръати.

Калдор “ўсиш гипотезаси”нинг ишончли аргументларини келтирар экан, кейинчалик аксарият тадқиқотлар унинг мазкур илмий хулосаларига таяна бошладилар. Калдор тадқиқотларининг кўрсатишича, қайта ишлаш саноати, динамик ўсувчи даромадни таъминлаш ва юқори меҳнат унумдорлигини юзага келтириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини мунтазам кўпайтириш имкониятига эгалиги жиҳатидан иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига нисбатан ажралиб туради.

Калдор изланишларидан фарқли равишда, тадқиқотимизда қайта ишловчи саноатнинг технологик тузилмасидаги қуйи ва ўрта-юқори технологик тармоқлар базис ўсиш суръатларининг ЯИМ базис ўсиш суръатига таъсирлари қуйидаги функциялар ёрдамида тадқиқ этилади:

бунда GDP— ялпи ички маҳсулотнинг базис ўсиш суръати, low-tech ва medium-high-techмос равишда қуйи ва ўрта-юқори технологияли тармоқлар маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг базис ўсиш суръатлари.

  1. Дастлабки таҳлиллар ва эмпирик натижалар

 

Республика ЯИМнинг тармоқ тузилмасидаги таркибий ўзгаришлар таҳлили шуни кўрсатадики, мазкур таркибда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 2010-2020 йиллар давомида мунтазам пасайиш характерига эга бўлиб, ушбу йиллар давомида унинг ўртача улуши 18,9 фоизни ташкил этди. Мазкур тузилмада 2010-2020 йиллар давомида саноатнинг улуши ўртача 26,1 фоизни, қурилиш 6,7 фоизни ҳамда хизматлар 48,3 фоизни ташкил этди
(1-жадвал).

1-жадвал

ЯИМнинг тармоқ таркиби динамикаси

(жамига нисбатан фоизда)

 

Тармоқларнинг ялпи қўшилган қиймати 2010 2011 2012 2013 2014 2015 2016 2017 2018 2019 2020
Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 19,8 19,4 19,2 19,0 18,9 18,3 17,6 34,0 31,5 28,1 28,2
Саноат 26,7 26,6 26,2 25,9 25,8 25,7 25,7 22,2 26,5 30,0 28,5
Қурилиш 6,6 6,2 6,2 6,5 6,8 7,3 7,2 5,7 6,1 6,4 7,0
Хизматлар 46,9 47,8 48,4 48,6 48,5 48,7 49,5 38,1 35,9 35,5 36,3
Жами 100,0 100,0 100,0 100,0 100,0 100,0 100,0 100,0 100,0 100,0 100,0

 

Манба: [17].

 

Албатта, ЯИМ тармоқ тузилмасидаги бундай пасайиш нисбий характерга эга бўлиб, қатор йиллар давомида мазкур тармоқларда мутлақ ўсиш динамикаси кузатилади.Тадқиқотда 2010-2020 йиллар оралиғида республика ялпи ички маҳсулотининг тармоқ тузилмасидаги умумтаркибий ўзгаришлар аниқланган бўлиб, унга кўра мазкур кўрсаткич тузилмавий ўзгаришларнинг мумкин бўлган максимал даражасига нисбатан ўртача 1,5 фоизни ташкил этганлигини кўрсатади.

Таҳлилларга кўра, тадқиқот даври давомида (1995-2020) мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўртача йиллик ўсиш суръати 6,23 фоизга ҳамда саноат ялпи қўшилган қийматининг ўртача йиллик ўсиш суръати эса 3,99 фоизга эга бўлди. Мазкур давр оралиғида ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръати ва саноат ялпи қўшилган қийматининг йиллик ўсиш суръати ўртасидаги жуфт корреляция коэффициенти 0,824 қийматни ташкил этди (1-расм).

Омиллар ўртасидаги жуфт корреляция коэффициенти ҳодисаларнинг боғланиш меъёрини ўлчайди холос, лекин уларнинг сабабларини очиб бера олмайди. Бундай мақсадга регрессия коэффициенти хизмат қилади. Олинган эмпирик таҳлилларнинг кўрсатишича, саноат ялпи қўшилган қиймати йиллик ўсиш суръатининг 1 фоизга ортиши республика ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръатининг қўшимча равишда 0,997 фоизга ўсишини таъминлаш имкониятини беради:

(4)-регрессия тенгламасида келтирилган айлана қавс ичидаги қийматлар мос параметрларнинг стандарт хатолигини, тўртбурчак қавс ичида келтирилган қийматлар эса, Стьюдентнинг ҳақиқий қийматларини ифода этади. Шунингдек, детерминация коэффициенти (R2) ва Фишернинг ҳисобланган ҳақиқий қийматлари (F) нисбатан паст кўрсаткичларни ташкил этган бўлсада, бироқ эҳтимоллик билан мазкур қийматлар статистик жиҳатдан аҳамиятли эканлигини кўрсатади.

 

 

1-расм. Саноат ялпи қўшилган қийматининг ўсиш суръати ва ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати ўртасидаги ўзаро боғлиқлик

 

Изоҳлар ва манбалар: (1)тадқиқот даври 1995-2020 йиллар; (2) ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан фоизда; (3) stat.uz маълумотлари асосида муаллиф ҳисоб-китоблари.

Кейинги эмпирик тадқиқотларимиз шуни тасдиқлайдики, қайта ишловчи саноатнинг технологик тузилмасидаги қуйи технологияли тармоқлар базис ўсиш суръатининг 1 фоизга ортиши, республика ЯИМ базис ўсиш суръатини қўшимча равишда 0,86 фоизга ўсишини таъминлаш имкониятини беради:

Қайта ишловчи саноатнинг технологик тузилмасидаги ўрта-юқори технологияли тармоқлар базис ўсиш суръатининг 1 фоизга ортиши, республика ЯИМ базис ўсиш суръатини қўшимча равишда 1,115 фоизга ўсишини таъминлаш имкониятини беради:

(5)-(6) регрессия тенгламаларида келтирилган айлана қавс ичидаги қийматлар мос параметрларнинг стандарт хатолигини, тўртбурчак қавс ичида келтирилган қийматлар эса, Стьюдентнинг ҳақиқий қийматларини ифода этади. Шунингдек, Иккала регрессия тенгламаларидаги детерминация коэффициентлари (R2), Фишернинг ҳисобланган ҳақиқий қийматлари (F) ҳамда регрессия коэффициентлари (а0 дан ташқари) эҳтимоллик билан статистик жиҳатдан аҳамиятли эканлигини кўрсатади.

Демак, кутилганидек, қайта ишловчи саноатнинг технологик тузилмасидаги ўрта-юқори технологияли тармоқларнинг республика ЯИМга таъсири мазкур тузилмадаги қуйи технологияли тармоқларнингЯИМга таъсирига нисбатан юқори эканлиги ўз тасдиғини топди.

 

  1. Хулоса

 

  1. Назарий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, миллий иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар мамлакатдаги иқтисодий ўсишнинг негизини ташкил этади. Хусусан, қайта ишловчи саноат технологик тузилмасидаги таркибий ўзгаришларнинг ЯИМ динамикасига таъсири юқори ҳисобланади.
  2. Республика ЯИМнинг тармоқ тузилмасидаги таркибий ўзгаришлар таҳлили шуни кўрсатадики, мазкур таркибда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 2010-2020 йиллар давомида мунтазам пасайиш характерига эга бўлиб, ушбу йиллар давомида унинг ўртача улуши 18,9 фоизни, саноатнинг улуши ўртача 26,1 фоизни, қурилиш 6,7 фоизни ҳамда хизматлар 48,3 фоизни ташкил этди.
  3. Таҳлилларга кўра, 1995-2020 йилларда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўртача йиллик ўсиш суръати 6,23 фоизни ҳамда саноат ялпи қўшилган қийматининг ўртача йиллик ўсиш суръати эса 3,99 фоизни ташкил этди. Мазкур давр оралиғида ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръати ва саноат ялпи қўшилган қийматининг йиллик ўсиш суръати ўртасидаги жуфт корреляция коэффициенти 0,824 қийматни ташкил этиб,олинган эмпирик таҳлилларга кўра, саноат ялпи қўшилган қиймати йиллик ўсиш суръатининг 1 фоизга ортиши республика ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръатининг қўшимча равишда 0,997 фоизга ўсишини таъминлаш имкониятини бериши аниқланди.
  4. Эмпирик тадқиқотларнинг кўрсатишича, республика қайта ишловчи саноатининг технологик тузилмасидаги қуйи технологияли тармоқлар базис ўсиш суръатининг 1 фоизга ортиши, республика ЯИМ базис ўсиш суръатини қўшимча равишда 0,86 фоизга ўсишини, ўрта-юқори технологияли тармоқлар базис ўсиш суръатининг 1 фоизга ортиши эса, республика ЯИМ базис ўсиш суръатини қўшимча равишда 1,115 фоизга ўсишини таъминлаш имкониятини бериши аниқланди.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

 

  1. Акаев А., Михайлушкин А., Сарыгулов А., Соколов В. Анализ динамики отраслевой и технологической структуры экономик стран ОЭСР. // Экономическая политика, №2. 2009, 116-с.
  2. Акаева С.А., Соколов В.Н. Об отраслевых и технологических структурных сдвигах, необходимых для модернизации Российской экономики. МИР (Модернизация. Инновации. Развитие). 2016. Т. 7. № 3. С. 38-48.
  3. Ҳамроев Ҳ.Р. Макроиқтисодиёт. Маъруза матнлари. Бухоро. 2000. — 115 б.
  4. Фалсафа: қомусий луғат / Тузувчи ва масъул муҳаррир Қ.Назаров. — Т.: Шарқ, 2004. — 398 б.
  5. Философский энциклопедический словарь. — М.: Инфра, 1999. — 576 с.
  6. Перстенёва Н.П. Понятия “система” и “структура” как фундаментальная основа статистических исследований. // Журнал “Экономика”. — 312 с.

7.Красильников О.Ю. Структурные сдвиги в экономике современной России. — Саратов: Изд-во Научная книга, 2000. — 183 с.

  1. Казинец Л.С. Измерение структурных сдвигов в экономике. — М.: Экономика, 1969. — 27 с.
  2. Канторович Л.В. Математические модели организации и планирования производства. — Л.: ЛГУ, 1939.
  3. Samuelson P.A. Foundations of Economic Analysis, Harvard, 1947.
  4. Leontief W.W. The Structure of American Economy, 1919-1939, Oxford, second ed., 1951.
  5. Kuznets S. Modern Economic Growth: Rate, Structure and Spread. Yale University Press, 1966.
  6. Clark C. The Conditions of Economic Progress. London, Macmillan & co LTD, New York: St Martin’s press, 1957.
  7. Пиндайк Р., Рабинфельд Д. Микроэкономика. / Пер.сангл. СПб.: Питер, 2002. С. 112-113.
  8. Lewis A.W. “The Dual Economy Revisited” the Manchester School, Vol. 47, No.3, pp. 211-229.
  9. Kaldor, N. (1966). Causes of the Slow Rate of Economic Growth of the United Kingdom: An Inaugural Lecture. Cambridge University Press.

17.Ўзбекистон Республикаси йиллик статистик тўплами 2010-2020. Тошкент-2021. 35-б.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *