ЎЗБЕКИСТОНДА ИЖТИМОИЙ СОҲАДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ЎЗГАРИШЛАРНИНГ МАЗМУН ВА МОҲИЯТИ

Рахимова Шохиста Шавкат қизи

Чирчиқ давлат педагогика институти

“Мактаб менежменти” йўналишининг 1-курс талабаси

Бугунги кунда Ўзбекистонда ижтимоий соҳада самарали ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида бир қатор Президент қарорлари қабул қилинган бўлиб, “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурлари асосида ижтимоий соҳага татбиқ этилмоқда.

“Пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун давлат томонидан жами 82 триллион сўмлик комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилиб, коронавирусга қарши курашиш, аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирларга бюджетдан 16 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Шунингдек, давлат корхоналарига ва 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ҳамда қарийб 8 миллион фуқарога жами 66 триллион сўмлик солиқ имтиёзлари, кредит муддатларини узайтириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ёрдамлар берилди.”[1]

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ҳам амалга оширилиши ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Бу бешта устувор йўналишдан тўртинчисида айнан ижтимоий соҳани ривожлантириш кўзда тутилган. У қуйидагича баён этилган:

Ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимояси ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш.

Бу борада белгиланган вазифаларни ўқиган ҳар бир фуқаро кўз олдида биринчи галда ана шу йўналишлар бўйича мустақиллик йилларида амалга оширилган улкан ишлар гавдаланади, албатта.

Ўтиш даврининг Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган, жаҳонда “Ўзбек модели” деб ном қозонган бешта тамойилнинг тўртинчиси айнан аҳолининг мураккаб демографик таркибини ҳисобга олган ҳолда кучли ижтимоий сиёсат юритишдан иборат қилиб белгиланган эди. Ҳатто, мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар моҳияти халқаро экспертлар тарафидан айнан “ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига ўтиш” деб ҳам номланди. Бу бежиз эмас эди.

Чунки бир ижтимоий-сиёсий тузумдан бошқасига, айниқса, унга моҳиятан тамоман зид бўлган ижтимоий-сиёсий тузумга ўтиш ҳамиша мураккаб кечади. Бу аҳолининг муайян қисми ҳаётида кескин тарзда акс этади. Бир тузумдан иккинчи тузумга ўтаётганда, хусусан, эски ишлаб чиқариш тизими, мавжуд иқтисодий интеграция табиий равишда издан чиқади, уларнинг барини янгидан шакллантиришга тўғри келади. Шунингдек, мулкка эгалик қилишнинг шакли ўзгаради, давлат корхоналари, ҳатто, экин ерлари эгалари ўзгаради, ишчи кучи ҳам бевосита бозор иқтисодиёти қонуниятлари асосида қайта тақсимланади. Демак, ижтимоий ҳимояга мухтожлар сафининг ўзгариб, яъни камайиб-кўпайиб туриши ҳам табиий ҳолдир.

Шунинг учун бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида аҳолининг ҳимояга муҳтож қисмини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг кафолатли тизими яратилмас экан, бу оғир ижтимоий мушкулотларга олиб келиши мумкин. Мустақил Ўзбекистонда аввал-бошдан бу борада оқилона йўл тутилди. Ўзбекистон халқининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда илғор жаҳон тажрибаларини мужассамлаштирган бу тараққиёт модели негизида кучли ижтимоий сиёсат юритиш мақсади ҳам ётади.

Ҳаёт — ҳамиша ҳаракатда. Уни бир зум тўхтатиб туриш ёки тарих ғилдирагини орқага айлантиришнинг асло иложи йўқ. Жамият доимо олдинга интилаверар экан, у билан бирга онг ҳам тинимсиз ўзгариб бораверади. Лекнн ҳеч бир замон онгни бир тузумдан батамом воз кечиб, иккинчисига ўтиш давридагидек ўзгартиришга муҳтож бўлмайди.

Ахир, тузумни ким ўзгартиради? Инсон. Ислоҳот ким учун? Одамлар учун. Шундай экан, ўзгаришлар моҳияти ҳам шахс, унинг манфаатлари билан бевосита боғлиқ, ислоҳотлар масъулияти ҳам тўғридан-тўғри фуқаро зиммасига тушади. Кўриниб турибдики, кучли ижтимоий ҳимоя доимо мустақил Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келди. Мамлакатимизда давлат бюджетининг асосий қисми айнан ижтимоий соҳага йўналтирилган ва бу қатъий қоидага изчил амал қилиб келиняпти.

Ислом Каримовнинг 1993 йили чоп этилган “Ўзбекистон — бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос йўли” китобида мазкур беш тамойилдан ҳар бирини шарҳлаш учун биттадан махсус боб ажратилган. Жумладан, “Кучли ижтимоий сиёсат — иқтисодий ўзгартиришларнинг ишончли кафолати” деб номланган еттинчи бобда тўртинчи тамойил ҳар тарафлама ва батафсил таҳлил этиб берилган.

Бу беш тамойил Ислом Каримов таълимотида ўз-ўзидан ёки бирданига шаклланиб қолмаган. Бу — унинг давлатчилик борасидаги тадрижий тафаккури маҳсули янглиғ юзага келди. Бунинг исботи шуки, унинг 1992 йили ёзилган “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” асарида илгари сурилган айрим қатъий позицияларнинг ана шу тамойиллар билан бевосита алоқадорлиги бор.

Демак, ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад — халқ ҳаётини яхшилаш, фуқароларнинг эмин-эркин яшаши, ривожланиши, бунёдкорлик ишлари билан фаол шуғулланиши, умрни унумли ўтказиши, турмуш мазмунининг бойишига эришишдан иборат.

1997 йилдан йилларни муайян йўналиш бўйича номлаш анъанаси йўлга қўйилди. Ўша йили “Инсон манфаатлари йили” бўлган. Инсон манфаатлари деганда эса, аввало, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш маъноси кўзда тутилган. Эътибор қилинса, ўшандан буён ҳар бир йилнинг йўналишида у ёки бу тарзда айнан ижтимоий масала ўртага қўйилади. Эсингизда бор, 2007 йил эса махсус равишда “Ижтимоий ҳимоя йили” бўлди. 2017 йил ҳам “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб элон қилинди.

“Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу ўзгаришларнинг дастлабки натижалари аҳолимиз ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда, эл-юртимизнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи ўсиб бормоқда.

Биз мамлакат ҳаётига доир ҳар бир қарорни халқимиз билан маслаҳатлашиб, бевосита мулоқот асосида қабул қилмоқдамиз. “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя бу борада фаолиятимиз мезонига айланмоқда.”[2]

Чиндан ҳам, истиқлол йилларида ижтимоий муҳофаза муайян тизимга айланди. Муҳтож қатлам ва гуруҳларга моддий ёрдам кўрсатишнинг ўзига хос, яъни милий механизми ишлаб чиқилди. Буни адолатли амалга оширишда қишлоқ, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг масъулияти оширилди. Инфляцияни инобатга олган ҳолда ҳар йили бир неча маротабадан давлат бюджетидан ажратиладиган маошлар, пенсия ва стипендиялар ошириб бориляпти. Муҳтож қатлам ва гуруҳларга нодавлат ва жамоат ташкилотлари тарафидан моддий ёрдам кўрсатишнинг ҳам турли-турли шакллари пайдо бўлди ва бу жараён тобора такомиллашиб боряпти.

2017 йилнинг айнан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши амалда давлат сиёсатининг изчиллигидан далолат беради.

Бугунга келиб мамлакатимиз ўз тараққиётининг муҳим босқичига кирди. Ижтимоий сиёсат борасида истиқлол йилларидаги катта тажрибаларга суянган, мавжуд анъаналарни изчил давом эттирган ҳолда янги-янги қадамлар ташланяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу 2017 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги Фармони билан 94 нафар шахс давлатимиз фуқароси бўлди. Ундан кейин қабул қилинган бир неча Фармонлар асосида яна қанчадан-қанча кишилар фуқароликка ўтди. Бу ҳам мамлакат тарихида муҳим ижтимоий воқелик сифатида баҳоланади албатта.

Ҳаракатлар стратегияси асосида ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар кўлами эса ҳар кандай кишини мамнун этади. “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармойишида муайян маънода ҳозиргача амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Жумладан, ижтимоий соҳадаги энг муҳим ишлар ҳам ўз аксини топган. Унда қайд этилишича, “фақатгина жорий йилнинг биринчи ярмида 2,7 минг километр автомобиль йўллари қурилди ва таъмирланди, 84 минг 300 та иш ўрни яратилди. 2017 — 2020 йилларда шаҳарларда энергия жиҳатдан самарадор арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастури амалга оширилди, унинг доирасида 50 минг 286 та хонадондан иборат 1 минг 136 та кўп қаватли уйларни, бундан ташқари, намунавий лойиҳа асосида қишлоқ жойларида 75 минг турар жойлар қурилди.

Ижтимоий соҳага эътиборнинг кўламини тасаввур қилиш учун, лоақал, шу йилнинг ўзида бу борада қабул қилинган қонуности ҳужжатларнинг муҳим-муҳимларини санаш керак. Кўриб ўтилганидек, Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳани ривожлантириш учун айнан нималарни амалга ошириш аниқ-тиниқ қилиб белгилаб берилган.

Агар Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингандан буён ўтган даврга назар ташласак, бу борада ана шу қисқа фурсат ичида мамлакатимизда қанчалар катта ишлар ҳаётга татбиқ этилганининг гувоҳи бўламиз. Бунинг учун ана шу тўртинчи устувор йўналиш ҳисобланмиш ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича белгиланган етти вазифанинг ижроси юзасидан қилинган ишларга яна бир карра назар ташлашга тўғри келади.

Аҳоли бандлиги ва реал даромадларни изчил ошириб боришни олиб кўрайлик. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштири ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (24.05.2017 й) Фармони қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республика Президентининг “Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплексни ҳудудий органлари раҳбарларини шахсий масъулиятини ошириш чора тадбирлари тўғрисида” (06.05.2017 й), “Касаначиликни янада ривожлантириш учун кулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” (24.05.2017 й), “Маданият санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” (14.08.2017 й), “2018 — 2019 йиллар, туризм соҳасики ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” (16.08.2017 й) ва бошқа Қарорлари чиқди.

Айниқса, аҳоли ижтимоий ҳимояси ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам кўп иш қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” (16.03.2017 й), “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштири чора-тадбирлари тўғрисида” (18.04.2017 й), “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясини ташкил этиш тўғрисида” (18.04.2017 й), “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида” (21.04.2017 й), “Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” (01.06) ва бошқа Фармонлари қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” (01.04.2017 й), “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида” (04.04.2017 й), “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” (04.04.2017 й), “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирри тўғрисида” (04.04.2017 й), “2017 — 2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида” (20.04.2017 й), “2018 — 2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантир дастури тўғрисида” (20.04.2017 й), “2017 — 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” (24.04.2017 й), “2017 — 2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” (04.05.2017 й), “Тошкент шаҳри аҳолисига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда унинг самарадорлиги учун раҳбарлар ва мутахассисларнинг касбий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” (06.06.2017 й), “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” (20.06.2017 й), “Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” (17.07.2017 й) бошқа Қарорлари ҳамда “Ногиронларни давлат томонидан кўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” (01.08.2017 й) Фармойиши чикди.

Арзон уй-жойлар барпо этиш мамлакатимизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишларнинг инсонпарварлигини кўрсатиб турибди. Уй-жойлар арзон нархларда қурилса, уни сотиб олувчилар сони кўпаяди. Энг муҳими, бу биринчи галда аҳолининг уй-жойга ўта муҳтож қатламининг манфаатларини ўйлаган ҳолда йўлга қўйилди. Ҳозирги пайтда мамлакатимиз барча минтақаларида икки сотихли намунали қишлоқ уйларини, шунингдек, икки-уч хонали кўп қаватли уйларни қуриш жадал давом эттириляпти. Бу борада, айниқса, имтиёзли кредитлар жорий этилганидан аҳоли бағоят миннатдор.

Бугунги кунда пойтахтимиз катта уй-жой курилиши майдонига айланди. Хусусан, Сергели тумани ҳудудида жадал суръатлар билан бунёд этилаётган ҳар тарафлама шинам, замонавий қулайликларга эга арзон кўп қаватли уйлар пешма-пеш битказиляпти. Йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш йўналишига ҳам жиддий эътибор бериляпти.

Сергели туманини шаҳарнинг асосий қисми билан боғлашга хизмат қилиши мўлжалланган ер усти метросининг қурилиб, фойдаланишга топширилганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Метрога параллел равишда Сергелини метронинг Олмазор бекатини боғлайдиган автомобиль йўли ҳам курилди. Шунингдек, Сергелини бир томони шаҳар катта Ҳалқа йўлига боғлайдиган, иккинчи томони эса Бектемир тарафга йўналган янги магистраль йўлга улайдиган йўл қурилиши ҳам жадаллик билан давом эттириляпти. Шаҳримизнинг йўл ва кўчаларига янгидан асфалът ётқизиляпти.

Таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш ижтимоий соҳанинг муҳим йўналишини ташкил этади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” (20.04.2017 й), “2017/2018 ўкув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида” (05.05.2017 й), “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” (03.06.2017 й), “Маъданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” (14.08.2017 й) ва бошқа Қарорлари чиқарилганини алоҳида кайд этиш лозим.

Ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш борасида туб бурилиш юз берди. Хабарингиз бор, 2017 йилнинг 30 июнь куни “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойи бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қатнашиб, нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари ёшлар сиёсатини чуқур таҳлил этиб, бу борада янгича ишлаш принципларини баён қилиб берди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Ёшлар иттифоқига айлантирилди. Бундан буён 30 июнь Ёшлар куни сифатида байрам қилинадиган бўлди.

Кўп ўтмай Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги (05.07.2017 й) Фармони қабул қилинди. Бошқа кўп қонуности ҳужжатларида ҳам ёшларни ижтимоий фаолликка ундайдиган, улар ҳаётини яхшилашга қаратилган тартиб-қоидалар белгиланди.

Сиёсатдаги барқарорлик ва изчиллик ҳар қандай давлатда ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади. Ҳозир пойтахтимизнинг қайси маҳалласига кирманг, аҳолининг бахтли яшаши учун қулай шароитлар яратишга киришилганига гувоҳ бўласиз. Кўп қаватли уйларнинг фасадлари таъмирланяпти. Бу уйлар орасидаги йўл ва йўлакларга цемент ётқизиляпти. Болалар учун ўйингоҳлар янгидан жиҳозланяпти. Шаҳарнинг бўш турган иншоотларида янги-янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этиляпти. Бу кўплаб янги иш ўринларини ташкил этиш имконини беряпти.

Буларнинг бари — ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини кўтаришни кўзлаб амалга ошириляпти. Жамият — бир бутун тана. Унинг айрим жойлари гуллаб-яшнаб кетсаю, бошқалари қуриб қолса, адолатдан бўладими? Йўқ! Бу йилдан эътиборан мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимининг ҳуқуқий асослари тубдан янгиланди.

Демак, хулоса қилишимиз мумкинки, ижтимоий ҳимоя иборасини, умуман олганда, саховат эгаларининг муҳтожларга қайишуви деб тушуниш мумкин. Бу қатъият — умуминсоний қадриятлардан бири. Бу қатъият — муқаддас ислом динининг ҳам ўзак масалаларидан бири ҳисобланади. Бу қатъият — демократиянинг ҳам асосий талабларига тўла жавоб беради. Бу қатьият — ўзбек миллий менталитетининг ҳам мағзи-мағзига сингиб кетган.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. –Т.: Ўзбекистон, 2020 й.
  2. O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining «2017-2021 yillarda O‘zbekiston Respublikasini rivojlanishining beshta ustuvor yo‘nalishlari bo‘yicha Harakatlar strategiyasini kelgusida amalga oshirish chora-tadbirlari to‘g‘risida» gi 2017 yil 15 avgustdagi №3-5024 sonli Qarori.
  3. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури, манба: www.uz, 2017 й.
  4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. Интернет манба «prezident.uz». 2020 йил 29 декабрь.
  5. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. Интернет манба «prezident.uz». 2017 йил 22 декабрь.
  6. Ш.М.Мирзиёев. “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлиги гарови” мавзусидаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси. – Т.: “Ўзбекистон”. 2017. – 48 б.

[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. Интернет манба «prezident.uz». 2020 йил 29 декабрь.

[2] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. Интернет манба «prezident.uz». 2017 йил 22 декабрь.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *