Ўзбекистон республикаси банк тизими ривожланишининг замонавий ҳолати ва истиқболлари

Рахматов Темур Сотиболдиевич

ТДИУ докторанти

Мазкур мақолада мамлакатимизда банк тизими ва унинг замонавий холатининг ўзига хос хусусиятлари ёритиб берилган. Мақолада халқаро банк фаолиятида қиёсий таҳлил усули асосида Ўзбекистонда тижорат банкларининг  операцияларини такомиллаштиришга муаллифлик баҳоси берилган.

Калитли сўзлар: Банк, банк тизими, актив операциялар, пассив операциялар, анъанавий операциялар, ноанъанавий операциялар, замонавий технологиялар.

В данной статье рассмотрены особенности банковской системы и ее современного состояния в нашей стране. В статье дана авторская оценка совершенствования деятельности коммерческих банков в Узбекистане на основе методики сравнительного анализа зарубежной банковской деятельности.

  Ключевые слова: Банк, банковская система, активные операции, пассивные операции, традиционные операции, нетрадиционные операции, современные технологии.

This article examines the features of the banking system and its current state in our country. The article provides the author’s assessment of the improvement of the activities of commercial banks in Uzbekistan based on the method of comparative analysis of foreign banking activities.

Key words: Bank, banking system, active operations, passive operations, traditional operations, non-traditional operations, modern technologies.

 

Тижорат банклари миллий иқтисодиётда товарлар ва хизматларнинг тижорат айланмасининг фаолият кўрсатишини таъминлайдилар. Улар хўжалик фаолияти иштирокчилар ўртасида тузилган шартномалар асосида банк тизимининг тўлов дастаклари ёрдамида ҳисоб – китобларни амалга оширадилар. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, банк тизими миллий иқтисодиётнинг ликвидлигини манбаи ҳисобланади ва улар хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини доимий ҳамда тўхтовсиз амалга оширишларини таъминлайдилар. Шунинг учун самарадор банк тизимисиз миллий иқтисодиётнинг мунтазам фаолият кўрсатиш имконияти чекланади. Ҳар бир тижорат банкининг молиявий барқарор фаолияти кўрсатиши нафақат алоҳида олинган тижорат банки учун, балки бутун миллий банк тизими ва иқтисодиётнинг барқарорлиги учун зарурдир.

Тижорат банкларининг моҳияти, улар олиб борадиган операцияларни таҳлил этиш фаолияти ва ундаги мавжуд муаммоларга хорижлик етакчи иқтисодчи олимлардан Е.Ф.Жуков, С.Питер Роуз, Г.Г.Коробова, В.И.Колесников, О.И.Лаврушин,  Фредрик Мишкин, З.Г.Ширинская кабиларнинг илмий изланишларида ўз аксини топган. Ўзбекистонда иқтисодчи олимлардан Ё.А.Абдуллаев, Ш.З.Абдуллаева, Ф.М.Муллажонов, А.А.Омонов, Т.М.Қоралиев, И.Р.Тоймухаммедов  ва бошқаларнинг илмий изланишларида банк тизимида тижорат банкларининг фаолиятини бошқариш ва уларни таҳлил этиш бўйича фаолиятига доир умумий фикр мулоҳазалар асослаб берилган. Биз мазкур мақоламизда мамлакатимизда банк тизимининг моҳиятини, унда фаолият юритаётган тижорат банкларининг операцияларининг таснифи ва уларни самарадорлигини ошириш бўйича  фаолияти узвий боғлиқликда ҳамда қиёсий таққослаш асосида очиб беришга харакат қиламиз.

Ўзбекистон Республикасида дунёнинг кўплаб ривожланган давлатлардаги каби, икки поғонали банк тизими шакллантирилди. Унинг биринчи поғонасини бошқа турли мулкчилик шаклидаги тижорат банклари фаолиятини тартибга солиб турувчи, хукуматнинг «банкчиси» вазифасини ўтайдиган ва мамлакатда пул муомаласини тартибга солиб турувчи, «банклар банки» ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки бошқариб туради. Банк тизимининг иккинчи поғонасини хўжалик юритувчи субъектларга кредит – ҳисоб-китоб юритиш хизматларини кўрсатадиган, актив ва пассив ҳамда воситачилик операцияларини амалга оширадиган турли мулкчилик шаклига асосланган тижорат банклари ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли фармонида банк тизимини ислоҳ қилишни чуқурлаштириш ва барқарорлигини таъминлаш, банкларнинг капиталлашув даражаси ва депозит базасини ошириш, уларнинг молиявий барқарорлиги ва ишончлилигини мустаҳкамлаш, истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлашни янада кенгайтириш кўзда тутилган. Шунинг учун иқтисодиётда банк тизимининг аҳамиятини ошириш мақсадида бир томондан банк тизими фаолиятини пул-кредит воситалари орқали тартибда солишнининг турли тамойиллари, ёндашувлар ва аниқ шакллари муҳим аҳамиятга эга бўлса, бошқа томондан, Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳозирги шароитида банк тизими операцияларидан самаралироқ фойдаланиш орқали мамлакат иқтисодиётидаги ислоҳотларни янада ривожлантириш имкониятларини ошириш ҳамда уни Ўзбекистон шароитига мослаштириш бугунги кунда замон талабидир. Мамлакатимизда кейинги йилларда банк тизимида эришилган ижобий натижаларга қарамай ўз ечимини кутаётган муаммолар  юзага чиқди. Мазкур муаммолар ва уларнинг илдизига ўз диққат эътиборини қаратган Ўзбекистон Республикаси Президенти  Ш.М.Мирзиёев қуйидагиларни алоҳида  таъкидлаб ўтди “Учинчидан, банк ва молия тизимида ислоҳотларни жадал давом эттириш, соҳага замонавий бозор механизмларини кенг жорий этиш зарур. Бугунги кунда банк тизимидаги энг асосий муаммо – улар капиталининг асосий қисми, яъни, 83 фоизи давлатга тегишли эканидир. Бу, ўз навбатида, банк секторида соғлом рақобатга тўсиқ бўлиб, хизмат кўрсатиш сифатига салбий таъсир қилмоқда. Ҳукумат ва Марказий банк халқаро молия институтлари кўмагида банк-молия тизимини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқиши лозим. Бунда банк тизимига хусусий ва хорижий капитал кириб келиши ҳисобидан биз давлат банклари улушини босқичма-босқич камайтириб борамиз. Бу эса соҳада рақобат муҳитини яхшилашга, тижорат банклари фаолиятини, кредитлаш сифати ва маданиятини ҳар томонлама оширишга хизмат қилади.[1]»
            Мамлакатимизда замонавий шароитда банк тизимини тартибга солиш ва иқтисодиётни мунтазам ривожланишидаги фаолиятини кенгайтириш, ундаги муаммоларни аниқлаш ва  уларни ижобий ҳал қилиш учун  ҳал  қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Энг асосийси 2019 йил 5 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг  “ Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”(янги таҳрири)ЎРҚ-580-сонли қонуни қабул қилинди.  Мазкур қонун аввал  1996 йил 25 апрелда  қабул қилинган қонунга нисбатан тижорат банкларининг операцияларини тўлиқ белгилаб берган. Янги қонуннинг 5-моддасида тижорат  банклари томонидан амалга ошириладиган молиявий операциялар жумласига қуйидагилар киради:

  • пулмаблағлариниомонатларга (депозитларга) жалб этиш;
  • тўловларни амалга ошириш, шу жумладан банк ҳисобварақларини очмасдан амалга ошириш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг банк ҳисобварақларини, шу жумладан банкларнинг вакиллик ҳисобварақларини очиш ҳамда юритиш;
  • кредитларни уларнинг қайтарилиши, фоизлилиги ва муддатлилиги шарти билан ўз номидан ўзининг маблағлари ҳамда жалб этилган маблағлар ҳисобидан бериш;
  • чет эл валютаси билан нақд ва нақдсиз шакллардаги операциялар;
  • жисмоний ёки юридик шахс билан тузилган шартнома бўйича мол-мулкни ишончли бошқариш;
  • инкассациява касса хизматларини кўрсатиш;
  • учинчи шахслар номидан уларнинг мажбуриятлари бажарилишини назарда тутувчи кафолатлар бериш ва бошқа мажбуриятларни қабул қилиш;
  • учинчи шахслардан пул шаклидаги мажбуриятларнинг бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқини олиш (факторинг);
  • қимматли қоғозларни чиқариш, харид қилиш, сотиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларни сақлаш, мижоз билан тузилган шартномага биноан қимматли қоғозларни бошқариш, улар билан бошқа операцияларни бажариш;
  • аффинланган қимматбаҳо металлар сотиб олиш ва сотиш, шу жумладан металларни масъул сақлаш ҳисобварақларини ҳамда металларнинг эгасизлантирилган (жисмоний бўлмаган) ҳисобварақларини юритиш;
  • қимматбаҳо металлардан ясалган тангаларни сотиб олиш ва сотиш;
  • ҳосилавий молия воситалари (деривативлар) билан операцияларни амалга ошириш;
  • ҳужжатларни ёки қимматликларни сақлаш учун махсус биноларни ёки уларнинг ичидаги сейфларни ижарага бериш;
  • лизинг бериш;
  • қонун ҳужжатларида назарда тутилган шаклларда қарзлар бериш;
  • молиявий операциялар билан боғлиқ маслаҳат хизматлари кўрсатиш;
  • активлар мажмуини (портфелини) бошқариш;
  • электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва тўлаш;
  • банк карталарини бериш ва тўловларга ишлов бериш, банк карталарига бошқа ташкилотлар, жумладан бошқа молия институтлари билан биргаликда хизмат кўрсатиш.

Банклар банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа молиявий операцияларни ҳам амалга оширади. Банклар банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияда кўрсатилмаган молиявий операцияларни амалга оширишга ҳақли эмас.

Халқаро амалиётда тижорат банклари томонидан олиб бориладиган операциялар анъанавий ва ноанъанавий  гурухларга ажратилади. Фақатгина тижорат банклари томонидан олиб бориладиган операциялар ( депозитлар жалб этиш, кредитлар бериш,воситачилик хизматлари ва бошкалар) анъанавий операциялар гурухига киритилади. Тижорат банклари билан бир вақтда ихтисослашган компаниялар  (суғурта, лизинг, форфейтинг, инвестиция компаниялари ва бошқалар)  олиб борадиган операциялар ноанъанавий операциялар ҳисобланади.

Ҳар қандай хўжалик субъектлари каби тижорат банкларининг фаолиятини пировард мақсади даромад топишдан иборатдир. Ҳалқаро амалиётда тижорат банкларининг маълум  даромад топиш учун олиб борадиган фаолияти актив операциялар деб номланади. Ўз моҳиятига асосан тижорат банкларининг ўзлик ва юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг вақтинча бўш турган пул маблағларини жалб этилган маблғларидан ўз номидан маълум даромад топиш учун олиб борадиган фаолияти актив операциялар ҳисобланади. Тижорат банкларининг барча кўринишлардаги даромадларини уч гуруҳга бўлиш мумкин:

-фоизли даромад;

-фоизсиздаромад,

— комиссион (воситачилик) кўринишда.

Иқтисодиётдаги (шу жумладан банк фаолияти соҳасида ҳам) ва ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги бўлаётгн жуда кўп ўзгаришлар тижорат банклари фаолияти асосида оладиган фойданинг хажмига ўз таъсирини кўрсатмоқда.  Маълумки, тижорат банклари фаолиятининг пировард мақсади олинаётган фойдани максималлаштиришдан иборат бўлиб. ушбу мақсадига эришиши банк активларининг даромадлилигини барқарор тарзда ошириб боришни тақозо этади. Мазкур жараёнда банк активлари даромадлигини оширишнинг сифат жиҳатига эътибор қаратиш муҳим ахамиятга эгадир. Яъни тижорат банкларининг ялпи даромади таркибида фоизли фойдаларнинг юқори салмоғини таъминлаш ва унинг барқарор тарзда ўсишига эришиш тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.Барча кўриб ўтилган даромадлар чиқимларни қоплай олиши, хавфни бартараф этиши ва фойда келтириши зарур. Уларнинг умумий хусусияти шундан иборатки, баҳоланиш тавсилоти бозор шароитидан келиб чиқиб, талаб ва таклифга мутаносибдир. Шу билан бир қаторда даромаднинг хар бир кўриниши ўзининг алоҳида хусусиятига эга.

Даромад манбалари шаклланишига кўра барқарор ва нобарқарор гуруҳларга бўлинади. Нисбатан барқарор даромад манбасига фоизли даромад ва фоизсиз кўрсатилган хизматлардан келадиган даромадлар киради. Нобарқарор даромадга қимматли қоғозлар нккиламчи бозоридаги операциялардан келадиган даромадлар ва кўзда тутилмаган ҳолатлардан олинадиган даромадлар киради. Бизнинг шароитда кўпгина тижорат банклари қўшиши мумкин бўлган нобарқарор даромадлар гуруҳига-валюта операциялари даромадларини киритиш мумкин. Банклар ривожланишининг маъқул йўналиши бўлган барқарор даромадлар ҳисобига фойдани ошириш ва нобарқарор даромадлар манбасининг кам даражада бўлишини таъминлаш бугунги куннннг зарурий талабларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Дунёнинг турли мамлакатларида тижорат банкларининг қимматли қоғозлар бозорида тутган ўрни ва ахамияти турличадир. Масалан, АҚШда тижорат банкларининг мамлакат қимматли  қоғозлар бозорида бeвосита опeрацияларни амалга ошириши хамда фонд биржаларига расман аъзо бўлиши қонунан таъқиқланган. 1933 йилдаги қабул қилинган «Гласс-Стигол» қонунига мувофиқ, тижорат банклари саноат ва савдо компанияларининг акциялари ва облигацияларини муомалага чиқаришни ташкил этишда иштирок эта олмайди. Тижорат банклари ўз маблағларини саноат ва савдо компанияларининг акцияларига инвeстиция қилиши ман этилган бўлиб, қарз олувчи-мижознинг тўловга ноқобилиятлилиги билан боғлиқ бўлган йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида сарф қилинадиган инвeстициялар бундан мустаснодир. Дунёнинг бир қатор ривожланган давлатлари (Буюк Британия, Канада, Франция, Япония ва бошқалар)нинг қонунчилигида эса сўнгги вақтларгача тижорат банкларига фонд биржалари фаолиятида бeвосита қатнашиш ман этилган эди.

Иқтисодий жихатдан ривожланган Гeрманияда эса бунинг акси, бу мамлакатда фонд бозорларида қимматли қоғозлар билан амалга ошириладиган опeрацияларда тижорат банкларининг бeвосита фаол қатнашишига хамда  қимматли қоғозлар билан боғлиқ барча турдаги опeрацияларни амалга ошириш учун фақат тижорат банкларига рухсат бeрилган. Гeрманияда қимматли қоғозлар бозорида инвeстиция институтлари томонидан амалга ошириладиган барча фаолиятни тижорат банклари олиб боради. У eрда бошқа мамлакатлардаги каби соф кўринишдаги брокeрлик фаолияти билан шуғулланадиган инвeстиция институтлари мавжуд эмас, чунки тижорат банклари муомалага энг кўп миқдорда турли облигациялар чиқаради, улар энг йирик сармоядорлар хисобланади ва бундан ташқари фонд бозорида давлат қимматли қоғозларини андeррайтeрлари сифатида фаолият кўрсатади. Тижорат банклари,шунингдeк ўз мижозларининг хисобидан ва уларнинг топшириқига асосан хамда ўз хисобидан ва ўз номидан битимларни амалга оширар экан улар фонд бозорида воситачилик опрeацияларини хам бажаради. Гeрманияда асосан тижорат банклари фонд биржалари аъзоларининг умумий таркибини шакллантиради.

Ўзбeкистон Рeспубликасида фонд бозорининг шакллана бориши билан бу фонд бозорининг «Eвропача» аралаш модeли мавжуд бўлиб, бунда тижорат банклари хам бошқа нобанк ташкилотлар хам (инвeстиция муассасалари) тeнг хуқуқларда фаолият кўрсатиши қонунларда бeлгилаб қўйилган. Тижорат банклари амалда инвeстиция институтларининг маълум вазифаларини бажариши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 7 ноябрдаги “Банк тизимини янада ривожлантириш ва бўш пул маблағларини банк айланмасига жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 726-сонли қарорига асосан тижорат банклари қимматли қоғозлар бозорида касб фаолиятини амалга ошириши учун лицензия олиниши талаб қилинмаслиги белгиланган.  Ўзбeкистонда тижорат банклари амалдаги қонунчиликка асосан фонд бозорида қимматли қоғозлар билан опeрацияларнинг маълум турлари билан мустақил равишда фаолият кўрсатиш хуқуқига эга бўлишига қарамасдан, улар буни ўзларининг шуъбалари, яъни бу фаолиятни олиб боришга ихтисослаштирилган махсус таъсис этилган инвeстиция институтлари орқали амалга оширмоқдалар. Тижорат банкидаги қимматли қоғозлар бозорида ҳам эмитент, ҳам инвесторлар сифатида иштирок этиши, шунингдек, ўз мижозларига профессионал иштирокчилар сифатида хизмат кўрсатишлари мумкин.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

 

  1. С.ПитерРоуз. Современное банковское дело. –М.: ПРОСПЕКТ. 2009.
  2. Е.В.Жуков. Основы организаций деятельности  коммерческого банка.
  3. Учебник. – М.: КНОРУС, 2011.Банковские операции: учебное пособие / кол. авторов; под.ред. О.И. Лаврушина. – М.: КНОРУС, 2010.
  4. Банковское дело.Учебник под ред. проф.Г.Г.Коробовой. — М.: “Экономистъ”
  5. Банковские операции: учеб. пособ. для средн. Проф. Образования / под ред. В.И. Колесникова. – М.: Финансы и статистика, 2012.
  6. Frederic Mishkin“The Economics of Money, Banking and Financial Markets (Global edition 11th Edition)” Pearson, United Kingdom, 2015
  7. Абдуллаева Ш. «Банк иши» — Т.: “Молия”
  8. Абдуллаев Ё. Банк иши. Т.:Молия. 2014.
  9. Каралиев Т.М., Омонов А.А. Пул, кредит вабанклар. –Т.: Молия. 2012.
  10. Алимов И.И., Тоймухамедов И.Р., Тожиев Р.Р. Пул, кредит ва банклар. –Т.: Чўлпон. 2011.
  11. Муллажонов Ф.М. ва бошқалар. Ўзбекистон Республикаси банк тизими. Т.”Ўзбекистон” 2011.

[1]Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг  2019 йил учун мўжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақидаги Олий Мажлисга мурожаатномаси.

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *