ЎЗБЕКИСТОНДА КОРОНАВИРУС ПАНДЕМИЯСИ ДАВРИДА БАНКЛАРНИ ИНҚИРОЗДАН ЧИҚИШИ ВА УНДА ХАЛҚАРО МОЛИЯ ИНСТИТУТЛАРИНИНГ ЎРНИ

Тоймухамедов Иброхим Рихсибоевич

ТДИУ “Банк иши ва инвестициялар” кафедраси доценти

Тожиев Раҳматилла Раҳмонович

ТДИУ “Банк иши ва инвестициялар” кафедраси доценти

Аннотация. Ушбу мақолада пандемия, яъни CОВИД-19 даврида жаҳонда ва мамлакатдаги иқтисодий ҳолатлар, иқтисодий-молиявий инқирозлар туфайли банклардаги ҳолат ҳамда уни бартараф этишда халқаро молиявий институлар, шу жумладан, Жаҳон банкининг мамлакат банкларига кўмаги ҳақида муҳокама қилинган ва таклифлар келтирилган.

 

Таянч сўзлар: CОВИД-19, рақамли иқтисодиёт, тўлов тизими, компютер технологиялари, ахборот технологиялари, электрон пуллар, электрон тижорат, кредит таътили, пандемия, электрон ҳукумат.

 

Аннотация. В этой статье обсуждаются и даются рекомендации об экономическом положении в мире и в стране во время пандемии, а именно во время CОВИД-19, ситуации в банках из-за экономического и финансового кризиса и помощи международных финансовых институтов, в том числе Всемирного банка, банкам страны.

 

Ключевые слова: COVID-19, цифровая экономика, платежная система, компьютерные технологии, информационные технологии, электронные деньги, электронная коммерция, кредитные каникулы, пандемия, электронное правительство.

 

Абстраcт. This article discusses and provides recommendations on the economic situation in the world and in the country during a pandemic, namely during COVID-19, the situation in banks due to the economic and financial crisis and assistance from international financial institutions, including the World Bank, to banks country.

 

Keywords: COVID-19, digital economy, payment system, computer technology, information technology, e-money, e-commerce, credit holidays, pandemic, e-government.

 

 

Кириш

Жаҳон миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда, шу жумладан инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритиш ва корхоналар фаолиятини тўхтатиш йирик иқтисодиётга эга мамлакатларда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг издан чиқиши, дунё молия бозорларида хом ашё товарлари нархининг пасайиши ва конъюнктуранинг ёмонлашувини келтириб чиқарди.

Глобал иқтисодиёт тизимининг бир қисми бўлган Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам мазкур омиллар таъсир қилмоқда, бу эса ўз навбатида ушбу ҳолатнинг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича самарали олдини олувчи чоралар кўришни талаб қилади. Ҳаммага маълумки, инқирозлар доимо бир неча сабабларга кўра содир бўлади, баъзан ташқи, баъзан ички; баъзилари тўсатдан пайдо бўлади, бошқалари вақт ўтиши билан шаклланади; баъзилари бутун иқтисодиётга, бошқалари фақат алоҳида бўлимга ёки маълум бир компанияга таъсир қилади ва ҳ.к.

Халқаро молия корпорацияси, бозор шароитида ишлайдиган компанияларни турли хил рискларга бўйсунадилар, инқирозий вазият — бу чуқур ва таҳдид солиши мумкин бўлган салбий оғишдир ва у компаниянинг бўлғусидаги фаолиятига таъсир кўрсатади деб таърифлайди. Демак, барча инқирозларнинг жуда ёмон хусусияти бор. Инқирозлар камдан-кам ҳолларда якка ҳолда пайдо бўлади, нима бўлишидан қатъи назар, улар бошқа соҳаларга ҳам тез тарқалади. Шунинг учун инқирозни бошқаришда тезкорлик катта аҳамиятга эгадир.

Мамлакатимизда ишлаб чиқариш соҳасини инқирозга учраши аниқ, аммо уни катта талофат келтирмаслигини олдини олиш мақсадидиа мамлакатда  интенсив чора-тадбирлар кўрилмоқда. Аҳолининг пандемия даврида омон қолиши учун етарли маблағга эга бўлиши, одамлар ўз ишларини сақлаб қолишлари, кичик бизнесни тўлиқ тугатишдан сақлаб қолиш, ишлашга қайтишлари учун давлат «охирги тўловчи»ни бошқармоқда.

Бундай инқирозли даврда давлатга ёрдамчи куч сифатида Жаҳон банки ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлар катта ёрдам бермоқдалар. Жаҳон банки гуруҳи қатор мамлакатларга пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатишга ва уни яхшилашга ёрдам бериш учун кенг кўламли тезкор чораларни кўрмоқда, тиббий тадбирлар, зарур маҳсулотлар ва ускуналар билан узлуксиз таъминотни таъминлашда ва хусусий секторга ўз бизнеси ва иш жойларини сақлашга кўмаклашмоқда.

Пандемия туфайли юзага келаётган банк инқирозлари, банкларда риск менеджментига катта эътибор бериш талаб этилади. Чунки чуқур инқирозга юз тутмаслик учун банкларда риск менежменти актив ишлаши, ҳоҳ у банк ҳодими бўлсин ҳоҳ банк томонидан ёлланган эксперт бўлсин, у банк тизимида инқироз жадаллашиб кетмаслигини олдини олиб керакли интенсив чораларни кўриши керак.

 

Мавзуга оид адабиётлар таҳлили

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш таҳлилига бағишланган жуда кўплаб илмий тадқиқот натижалари эълон қилинган. Жорий йилнинг бошидан Хитойда бошланган, 2020 йил 1 май ҳолатига кўра, дунёнинг 214 дан ортиқ мамлакатларига тарқалишга улгурган ва коронавирус пандемияси даражасига чиққан ижтимоий муаммо ва унинг иқтисодий оқибатларига оид бир қатор илмий тадқиқотлар амалга оширилиб келинмоқда.[1]

Мавзу юзасидан манбаларга янада яқинроқ назар соладиган бўлсак, ушбу мавзу доирасида ҳозирда жуда кўп тадқиқотлар олиб борилаётганлиги гувоҳи бўламиз. Жумладан, профессор А.Бекмуродовнинг “Яна бир глобал иқтисодий инқироз эшик қоқмоқда” номли[5], профессор Н.Жумаевнинг “Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни нима учун керак?” номли[6], профессор Б.Бегаловнинг “Мустақил Ўзбекистон илк бор ўз аҳолисини рўйхатдан ўтказмоқда” номли[4], иқтисодчи А.Умировнинг “Пандемия оқибатлари қандай бартараф этилади” номли[13], профессор Б.Алиевнинг “Коронавирус-жиловланмаган офат. У дунё иқтисодиётига қай даражада таъсир этмоқда?” номли[3], илмий мақолаларида пандемияни юмшатиш ва унинг дунё ва миллий иқтисодиётимизга салбий таъсири ҳамда унинг кейинги ижтимоий-иқтисодий оқибатлари билан боғлиқ илмий таҳлиллар ва хулосалар қилинган.

Тарихда пандемия туфайли келиб чиққан инқирозлар бўлмаса-да, банклар олдида юзага келиши мумкин бўлган рискларни кўра билиш, ҳар қандай муаммога дуч келиш юқори бошқарув ва ўрта менежерлар, раҳбарият ва ижрочилар ўртасида масъулиятни қайта тақсимлашни талаб этади.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг жорий йил биринчи ярмида коронавирус пандемияси кенгайишининг тўхтатилиши ва иккинчи ярим йилдан бошлаб иқтисодий фаолликнинг босқичма-босқич тикланиши бўйича тахминларига асосланган базавий прогнозларига кўра 2020 йилда жаҳон иқтисодиёти -4,2 фоизга қисқариши кутилмоқда. Бунда, иқтисодий пасайиш ривожланган давлатларда 6,1 фоизни (шу жумладан, АҚШ -5,9 фоиз, Еврозона мамлакатлари -7,5 фоиз) ва ривожланаётган мамлакатларда -1 фоизни, шунингдек, Россияда -5,5 фоизни ва Қозоғистонда -2,5 фоизни ташкил этиши, Ўзбекистонда эса 1,8 фоизлик иқтисодий ўсиш прогноз қилинмоқда[8].

Юқоридагилардан шуни айтиш мумкинки, коронавируснинг таъсир даражаси ва давомийлиги ноаниқлиги шароитида кўплаб мамлакатларда бир қатор давомли иқтисодий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Уларга ҳамоҳанг равишда халқаро ташкилотлар ҳам муҳим қарорларни қабул қилишмоқда.

 

Тадқиқот методологияси

Илмий ишни амалга оширишда пандемия даврида нафақат банк балки бошқа молия ташкилотлари дуч келадиган муаммоларни ҳал қилишда жаҳон экспертлари тажрибасини ўрганиб,  иқтисодчи-олимлар ва соҳа вакиллари билан суҳбат, уларнинг ёзма ва оғзаки фикр-мулоҳазаларини таҳлил қилиш, эксперт баҳолаш, жараёнларни кузатиш, иқтисодий ҳодиса ва жараёнларга тизимли ёндашув, муаллиф тажрибалари билан қиёсий таҳлил ўтказиш орқали тегишли йўналишларда хулоса, таклиф ва тавсиялар берилган.

 

Таҳлил ва натижалар

Ҳар бир нарса иқтисодиётда бир-бирига боғланган ва умуман, банк тизими ҳам ва бошқа тармоқлар ҳам иқтисодиётдан ажралиб чиқмайди, алоҳида олинган ҳолда фаолият юрита олмайди. Уларнинг ривожланиши турли омилларга боғлиқ.

Банк соҳасида ҳам кутилаётган инқирозлардан бири бу жаҳон экспертлари томонидан кредит таътили дея ном олаётган жараён билан боғлиқдир. Чунки кредит таътили туфайли банк ликвидлилиги пасаяди, корхоналар маблағлари ва фуқароларнинг омонатлари жиддий босимга дуч келади. Шу билан бирга ўзгаришларга бой бўлган жорий ҳолат банклар томонидан кредитларни реструктризация қилиш зарурлигини келтириб чиқармоқда.

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича барча чоралар кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 март ва 3 апрель кунлари қабул қилинган фармонларида бу борада кўплаб имтиёз ва преференциялар белгиланди.

Хусусан, тадбиркорлар ва аҳолининг жами 19,5 триллион сўмлик кредит қарзларини тўлаш муддати 1 октябргача кечиктирилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон Фармони ижроси доирасида юридик шахсларнинг кредитлари бўйича 7,9 трлн сўм ҳажмдаги қарздорлиги кечиктирилган эди.

Ўзбекистонда ва бошқа мамлакатларда коронавирусга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралар ва иқтисодий фаолликнинг кескин пасайиши сабабли молиявий қийинчиликларга дуч келган ташкилотларнинг кредитлари бўйича қўшимча реструктуризация қилинадиган тўловлар ҳажми қўшимча равишда 7 трлн сўмни ташкил этмоқда;

-жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 2020 йилнинг навбатдаги 6 ойи мобайнида сўндирилиши лозим бўлган кредитлар бўйича муддати узайтириладиган тўловлар ҳажми 4,7 трлн сўмни ташкил этмоқда.[11]

Албатта, бу уларга карантин шароитида катта мадад бўлади. Лекин, шу билан бирга, молия-кредит муассасаларига тушадиган маблағнинг камайишини ҳам назардан қочириб бўлмайди. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан мажбурий захиралар бўйича талабларни енгиллаштириш ҳисобига тижорат банкларини 2,6 трлн сўм ҳажмидаги қўшимча ликвидлик ресурслари билан таъминлаш ҳамда уларга 3 йил муддатгача 2 трлн сўмгача миқдорда ликвидлик тақдим этишнинг махсус механизмини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.[3]

Ушбу маблағлар кўплаб янги лойиҳаларга асос бўлади. Президентимиз биринчи навбатда озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, кичик бизнес ва ҳунармандчилик лойиҳаларига устувор аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Карантин даврида ҳам аграр соҳадаги ишлар тўхтамаганини ҳисобга олиб, қишлоқ хўжалиги тармоқларига бириктирилган тижорат банклари ҳозирнинг ўзида янги лойиҳаларни кўпайтиришлари лозимлиги қайд этилган.

Шу айтиш лозимки, мамлакатимизда коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чоралар ўз ижобий натижасини бермоқда.

Хусусан, 2019-йилдан буён Жаҳон банки томонидан ҳар ойда ўтказиладиган сўровномаларга кўра, Ўзбекистонда 1500 та оилалар орасида 2020-йил июн ойидан бошлаб меҳнат бозорини қайта тиклашга муваффақ бўлгани аниқланди.

Аввалроқ, 2020-йил 2-июлида, давлатимиз раҳбарининг Жаҳон банки иштирокида “Ўзбeкистонда коронавирус CОВИД-19 инфeкциясига қарши шошилинч чоралар кўриш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги ПҚ-4772-сон қарори қабул қилинган эди.

Умуман олганда, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, пандемияга қарши курашиш учун турли халқаро ташкилотлар ва фондлар томонидан ажратилган кредитларнинг умумий миқдори 1,075 миллиард долларни ташкил этди.[2]

1-жадвал

Ўзбекистон Республикасига халқаро ташкилотлар ва фондлар томонидан ажратилган кредитлар миқдори

Ташкилот номи Ажратилган сумма, млн.АҚШ доллари Кредит муддати, йил Кредит фоизи
1. Жаҳон банки 200,0 30 1,2
2. Халқаро валюта фонди 125,0 10 0
3. Халқаро валюта фонди 250,0 5 1,05
4. Осиё тараққиёт банки 500,0 15 0,84
Жами 1075,0

 

Жадвал маълумотларидан кўриниб турибдики, Жаҳон банки томонидан Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш лойиҳасини қўшимча молиялаштириш сифатида 200 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратилган. Маблағлар 30 йил муддатга (5 йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда) 1,2% ўзгарувчан ставка билан берилган. Халқаро валюта фонди томонидан коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсирини камайтириш учун умумий миқдорда 375 миллион доллар ажратилди. Ушбу имтиёзли кредитнинг 125 миллион доллари 10 йиллик фоизсиз тезкор кредит линияси кўринишида((Rapid Credit Facility)(5 йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда) фоизсиз, 250 миллион доллари эса ва тезкор молиялаштириш воситаси сифатида(Rapid Financing Instrument) 1,05% ўзгарувчан ставка билан 5 йил муддатга (3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда) ажратилган. Олинган кредитларнинг 500 миллион долларини Осиё тараққиёт банкининг республика бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 0,84% ставкаси билан 15 йиллик муддатлик (3 йиллик имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда) берган кредитлари ташкил қилган. Барча кредит маблағлари Инқирозга қарши курашиш фондига йўналтирилган.

Юқорида кўриб ўтилган қарорда бунга қўшимча сифатида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда халқаро молия институтларининг қарзлари ва ҳукумат ташкилотларининг халқаро қарзлари ҳисобидан олиб кириладиган товарлар божхона тўловларидан ҳамда улар ҳисобидан харид қилинадиган товарлар қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, ҳозирги замонавий технологиялар ривожланган даврда пандемия иқтисодиётни янги даражага олиб чиқади. Бунга яққол мисол қилиб, дунёда газетани инқирозга учраганини келтиришимиз мумкин. Германияда ва АҚШда пандемия туфайли одамлар шахсий гигиенага риоя қилган ҳолда қоғоз газеталардан воз кечиб, электрон маълумотларни ўқишни танлагани қоғоз газетани инқирозига олиб келди. Бу пандемияниниг фойдали томони деб қарашни тақазо этади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, айнан бир соҳага келган инқироз бошқа соҳага зарарини етказмай қўймайди. Аммо инқироздан кейинг майдонга чиқадиган муаммолар ечими 1-жадвалда кўрсатилганидек электрон хизматларга эришишимизга катта туртки бўлади. Бу жараён Адам Смитни “Кўринмас қўл” назарияси кабидир.[7] Юзага келган муаммо автоматик тарзда бошқа бир муаммони ечимига айланмоқда. Албатта, А.Смитнинг ушбу метафораси алоҳида манфаатларнинг таъсири деб тушунилса, инқироз вазиятни тез фурсатда бозор шароитида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш масаласининг ечими сифатида кўришимиз мумкин бўлади.

Агар бу ҳолатга мамлакат банк тизимининг ривожланиш ҳолати билан қарайдиган бўлсак, рақамли иқтисодиётга ўтиш автоматик тарзда банк фаолиятида ҳам ўз ўрнини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши электрон пуллар муомаласини, жумладан, электрон пулларни чиқариш, фойдаланиш ва уларни қоплаш бўйича амалга ошириладиган фаолиятнинг ҳуқуқий асосини яратиб берди.[12] Ушбу қонун асосида “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларни чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари” ишлаб чиқилиб, 2020 йил 29 апрелда 3231-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

 

 

2-жадвал.

Банк депозиторлари миллий ахборотлар базасида рўйхатга олинган мижозлар ва улар ҳисобварақларининг сони бўйича маълумот (1 январ ҳолатига) [9]

Йиллар Мижозлар сони Ҳисобварақлар сони
1. 2000 йил 313204 301861
2. 2005 йил 656137 2007607
3. 2010 йил 1100541 3612506
4. 2015 йил 1432849 5030704
5. 2016 йил 1515004 5364838
6. 2017 йил 1638673 5809172
7. 2018 йил 1755492 6469921
8. 2019 йил 1880634 7263621
9. 2020 йил 2094262 7740964

 

2-жадвалдан кўриниб турибдики, 01.01.2020 йил давомида Миллий маълумотлар базасида рўйхатдан ўтган мижозлар сони 2094262 донани, ҳисобварақлар сони эса 7740964 донани ташкил этди. Сўнги йилларда уларнинг ўсиши мос равишда 111,4% ва 106,6% ни ташкил этди. Бу ўз навбатида маълумотлар базасининг марказлашган тизимларини шаклланаётганлигидан дарак беради.

 

Хулоса ва тавсиялар

Пандемия туфайли келиб чиққан молиявий-иқтисодий инқироз кўпгина соҳаларга ўз зарарини етказиб улгурди. Хусусан, банк-молия соҳасидаги инқирозлар жаҳон экспертлари томонидан “banking shock” деб аталаётган жараён ҳақиқатдан ҳам банк соҳасини саросимага туширмоқда. Бироқ умумий изоляция туфайли, масофавий банк хизматларидан фойдаланиш оммалашиб, халқаро пул ўтказмалар, электрон савдо-сотиқ, коммунал тўловлар ва ҳоказолар жадаллик билан ривожланиб, виртуал ҳамёнлар бозори ривожланди. Албатта бу жараённи биз ижобий томондан кўришимиз мумкин.

2020 йил 12 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–5992-сонли “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.[10]

Фармон билан 2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси, Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ислоҳ қилиш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда стратегияни амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

Мазкур Стратегияни ишлаб чиқиш жараёнидаги Жаҳон банки билан ҳамкорлик, хусусан, ислоҳотлар жараёнидаги асосий таваккалчиликлар ва уларни минималлаштиришга қаратилган чораларни ишлаб чиқиш мақсадида бошқа давлатларда амалга оширилган банк тизимидаги ислоҳотларнинг ижобий ва салбий томонларини ўрганишга қатарилган ва муҳим хулосалар шакллантирилган.

Стратегия доирасида кейинги беш йилликда банк-молия тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг тўртта устувор йўналишлари белгиланган. Жумладан:

  1. Банк тизимининг самарадорлигини ошириш;
  2. Банкларнинг молиявий барқарорлигини ошириш;
  3. Банк хизматлари оммабоплигини ошириш;
  4. Банк тизимида давлат улушини қисқартириш.

Мамлакат банк-молия сектори ривожланиш даражаси ва барқарорлигини баҳолаш мақсадида 2024 йилнинг якунига қадар Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг дастури (FSAP) асосида молиявий сектор ҳолатини баҳолаш назарда тутилмоқда.

Булардан келиб чиқиб, таъкидлаш лозимки, кўпгина банкдан ташқари аммо унга алоқадор бўлган давлат хизматларини рақамлаштириш, банк-молия ходимларини ҳамда у билан бевосита боғлиқ тармоқлар хизматчиларини дастурий саводхонлигини ошириш, ягона интерактив дастурий порталларни пуҳта ва соддалаштириш, электрон пуллар ва электрон имзони жаддаллик билан муомалага киритиш зарурияти пайдо бўлмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, юқорида келтирилганлардан кўриш мумкинки, мамлакатимизда пандемия шароитида аҳолини ва умуман иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш тизими мувофаққиятли ривожланиб, уларнинг ўсиш суръатлари яхшилаб келмоқдалар. Шунингдек, кўриб ўтилган муаммоларни ҳал этиш, молиявий маблағлардан фойдаланишни мамлакатимиз тижорат банклари орқали амалга ошириш, улар орасидаги рақобатбардошликни янада кучайтиришга ва банклар фаолиятининг барқарорлигини оширишга ёрдам беради.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйҳати:

  1. https://sof.uz/uz/tag/koronavirus
  2. https://uz.sputniknews.ru/economy/20200729/14649037/Summa-kreditov-vydelennykh-Uzbekistanu-na-borbu-s-COVID-19-prevysila-1-mlrd.html
  3. Алиев Б. “Коронавирус-жиловланмаган офат. У дунё иқтисодиётига қай даражада таъсир этмоқда?” “Халқ сўзи” газетаси.
  4. Бегалов Б. “Мустақил Ўзбекистон илк бор ўз аҳолисини рўйхатдан ўтказмоқда” “Халқ сўзи” газетаси.
  5. Бекмуродов А. “Яна бир глобал иқтисодий инқироз эшик қоқмоқда” “Халқ сўзи” газетаси.
  6. Жумаев Н. “Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни нима учун керак?” “Халқ сўзи” газетаси.
  7. Смит А. Исследование о природе и причинах богатства народов. Кн.1//Антология экономической классики: Петти, Смит, Риккардо. М.: Эконов-ключ,1993.
  8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағаликни қисқартириш вазирлигининг республика иқтисодиётидаги жорий ҳолат ва кутилаётган тенденциялар 2020 йил апрел ойи бўйича ҳисоботидан.
  9. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳисоботи. 2010-2020 йиллар.
  10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги 2020 йил 12 майдаги ПФ–5992-сонли Фармони.
  11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПФ-5969-сон Фармони.
  12. Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонуни. 2019 йил 11 октябрь.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *