БАНКЛАРНИНГ ТРАНСФОРМАЦИЯ ЖАРАЁНИНИ ФАОЛЛАШТИРИШДА БАНК ХИЗМАТЛАРИ МАСАЛАЛАРИ

Рахматов Темур

ТДИУ таянч докторанти

Ўзбекистон банк тизимида сўнгги йилларда банк хизматларини сифатини ва кўламини ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Лекин, жаҳонда бўлаётган ўзгаришлар, глобаллашув жараёни, рақобатбардошликни ҳаддан зиёд ривожланиши,  тижорат банкларининг трансформация жараёнини янада фаоллаштириш, мижаозларга кўрсатилаётган банк хизматларини янги босқичга олиб чиқиш заруратини юзага келтиради.

Бу жараёнда, банк тизимидаги ислоҳотларнинг асосий мақсади – тижорат банкларини мижоз учун ишлашга ўргатишга қаратилган. Шу жихатдан, банк тизимини трансформациялаш борасидаги ислоҳотларни амалга ошириш, замонавий, билимли кадрларга боғлиқ бўлиб,  банк соҳаси вакилларининг банк тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини ва мазмун-моҳиятини яхши ўзлаштирганлиги асосий омиллардан саналади.

Ҳаракатлар стратегиясининг 71-бандида барча хизмат кўрсатиш соҳаларида рақамли транформацияни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.  Давлат улушига эга бўлган банклар трансформацияси бўйича «йўл харита»ларини 2020 йил 1 июндан бошлаб амалга ошириш, шу жумладан аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга кўрсатилаётган банк хизматлари сифатини ошириш ҳамда замонавий чакана банк хизматлари турларини кўпайтириш чоралари белгиланган.

Шу мақсаддан келиб чиқиб, жорий йилда банк тизими фаолиятини кенг трансформациялаш, шунингдек, банк бизнесини юритишнинг замонавий моделларини жорий қилиш борасидаги белгиланган вазифалар ижроси Марказий банк ва тижорат банклари ўзаро ҳамкорлигининг амалий ва самарали шаклларини қўллашни тақозо этмоқда. Бундай ёндашув, пандемия шароитида аҳолида банк тизимига бўлган ишончни шакллантиришга  ва уни оширишга хизмат қилмоқда.

Рақамли трансформация — бу дунё бизнесининг рақамли иқтисодиёт жамиятининг янги шартлари ва афзалликларига мослаша бошлаган муқаррар жараён бўлиб,  унга кўра рақамли технологияни татбиқ этиш орқали жамиятда инсонларнинг турмуш даражасини яхшилаш, қулайликлар яратиш ва сифатини оширишга хизмат қилувчи восита ҳисобланади.

Банкларни трансформация қилиш жараёнида мижозларнинг талаблари ортиб бориши муқаррар ва бу борада илғор инновацион банк хизматларини сифатли кўрсатилмаслиги натижасида банк мижозларининг  ўз банкига бўлган  ишончининг  камайишига олиб  келиши мумкин.  Натижада, банк мижозлари  банкларини  алмаштиришга  ёки  бошқа  банк  хизматларидан фойдаланишга харакат қилади. Шунинг учун банклар мижозларининг талабларига биноан  фаолиятини трансформацияқилиши, яъни банк маҳсулотлари ва хизматларини замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда янги банк хизматларни яратишни тақозо этади.

Шу нуқтаи назардан, тижорат банклари ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиши асносида уни халқаро стандартларга мослаб такомиллаштириш, кредитлаш шартларини соддалаштириш муҳим жихатлардан саналади. Шу билан бирга, бизнесга йўналтирилган корпоратив бошқарув ва кузатув кенгашларини жонлантириш, замонавий банк хизматларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши зарур.

Республикамиз банк соҳасидаги ҳозирги ҳолатнинг таҳлили банк тизимида давлатнинг юқори даражадаги аралашуви, давлат иштирокидаги банкларда менежмент ва таваккалчиликларни бошқариш сифатининг етарли эмаслиги, иқтисодиётда молиявий воситачиликнинг паст даражаси каби банк секторини иқтисодий янгиланишлар ва жамият эҳтиёжларига мос равишда ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Ҳозирги COVID 19 короновирус пандемияси билан боғлиқ ноодатий шароитда банкларнинг кредит портфели ва лойиҳалар сифатини ошириш масаласи ҳам алоҳида эътибор талаб этади. Бу борада Марказий банк томонидан ўтказилган стресс-тестлар натижаларига кўра, муаммоли кредитлар улуши бир неча баробар кўпайиши мумкинлиги аниқланган, бу эса ўз навбатида банк тизими учун жиддий хатар ҳисобланади.

Ҳозирда молия вазирлигига банклар устидан кузатув кенгашида акциядор сифатида назоратни кучайтириш вазифаси юклатилган. Давлат улуши бор банкларнинг кузатув кенгашида жами 14 та хорижий мустақил экспертлар жалб қилинган, ҳамда йил якунига қадар, Молия вазирлиги ўз олдига чет эллик мустақил экспертларни давлат банкларининг кузатув кенгашидаги улушини 30 % га етказишни мақсад қилиб қўйган.

Бундан кўзланган мақсад, банкларнинг бизнесдаги ҳар қандай сиёсатларини (кредит сиёсати , валюта сиёсати ва б.ш) самарали бошқариш ва банк рахбарияти томонидан коррупция холатларини олдини олишга қаратилган тизимни яратиш ҳисобланади.

Шу муносабат билан муаммоли кредитларни ҳудудлар кесимида батафсил таҳлил қилиб, кредит портфели сифатини сақлаб қолиш бўйича таъсирчан механизм ишлаб чиқиш асносида Марказий банкка барча тижорат банкларининг кредит портфелларини хатловдан ўтказилгач, қийин аҳволга тушиб қолган ҳар бир мижознинг молиявий имкониятларини тиклаш бўйича аниқ чораларни ишлаб чиқиши бўйича вазифалар юклатилган.

Хусусан, банклар томонидан , ҳар бир худудлар ва тармоқлар кесимида пандемия шароитида қийин молиявий аҳволга тушиб қолган айланма маблағларга эҳтиёжи бор хўжалик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун маблағлар ажратиш орқали уларни фаолиятини тиклаш борасида тизимли чора тадбирлар йўлга қўйилиши белгиланган. Бундан кўзланган мақсад, иш ўринларини тиклаш, янги иш ўринларини яратиш ва натижада мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш ҳисобланади.

Ҳозирги кунда, бундай кредитлар улуши Қишлоқ қурилиш банкда 41 фоизни, Ипотека банкда 32 фоизни ташкил этади. Ўтган йили банкларга давлат кафолати остида қарийб 600 миллион долларлик кредит линиялари жалб қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 570 миллион долларни ташкил қилади. Шу билан бир қаторда, аҳолининг жамғарма ва муддатли депозитлари улуши йирик банкларда ўртача 5 фоизни ташкил этади, холос. Шу муносабат билан Марказий банкка тижорат банкларига аҳоли омонатларини жалб этиш бўйича қўшимча таклифлар ишлаб чиқиш топшириғи берилган.

Маълумки, «2020–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги Президент фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида, банк соҳасида ўрта муддатли ислоҳотларнинг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар белгилаб олинган:

-секторни қайта қуриш – банкларни ўзгартириш ва хусусийлаштириш;

-банк назорати бўйича Базель қўмитаси стандартларини, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини ва бошқаларни жорий этган ҳолда қонунчилик базасини такомиллаштириш;

-мижозларга йўналтирилган хизматлар, кредитлаш механизмлари ва бизнес жараёнларини автоматлаштириш орқали хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва кенгайтириш;

-кадрлар малакасини ошириш.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясининг мақсади  2025 йилга бориб қуйидаги вазифаларни ижросини таъминлашни  кўзда тутади:

банк тизими активларининг жами ҳажмида давлат улуши бўлмаган банклар активлари ҳиссасини жорий 15 фоиздан 2025 йилга келиб 60 фоизгача ошириш;

банклар мажбуриятларининг умумий ҳажмида хусусий сектор олдидаги мажбуриятлар ҳиссасини жорий 28 фоиздан 2025 йил якунига 70 фоизгача ошириш;

2025 йилга келиб давлат улуши мавжуд камида учта банк капиталига зарур тажриба, билим ва нуфузга эга камида учта стратегик хорижий инвесторларни жалб қилиш;

умумий кредитлаш ҳажмида нобанк кредит ташкилотлари улушини жорий 0,35 фоиздан 2025 йилга келиб 4 фоизгача ошириш.

Дунё миқёсида ҳар бир давлат ўз имкониятлари ва вазиятидан келиб чиққан ҳолда короновирус пандемиясига қарши турли ечимларни жорий этмоқда. Бу таклиф этилаётган йўналишларнинг қайси бири энг самарали эканини аниқлаш осон иш эмас. Шу сабабли, мамлакатимиз хукумати томонидан жаҳон тажрибасини кузатиш билан бирга ўз имкониятларимиз доирасида, инқирозни тез ва самарали енгиш мақсадида қуйидаги беш йўналишда ишлашларни амалга ошириш самарали бўлади:

  1. Пандемия салбий оқибатларини бартараф этиш;
  2. Хусусий сектор учун шошилинч ёрдам;
  3. Иқтисодий фаолликни жонлаштириш;
  4. Давлат харажатлари манбаларини қайта кўриб чиқиш;
  5. Маъсулиятли фуқаролик ташаббусларига очиқ бўлиш.

Короновирус пандемияси шароитида корпоратив қарз олувчиларнинг дефолтга учраши эҳтимоли ошмоқда, шунингдек, истеъмол кредитлари портфели сифати ҳам ёмонлашмоқда. Бу эса, ўз навбатида, берилган кредитларнинг қайтмаслиги муаммоларини янада жиддийлашишига сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, короновирус пандемияси  шароитида ишлаб чиқариш суръатларининг пасайиши, меҳнат ҳақи ва аҳолининг бошқа даромадларининг пасайиши банк кредитларининг барча турлари бўйича кредит рискининг ошишига олиб келади.

Юзага келган мураккаб вазият ҳар бир тижорат банкидан кредит рискини бошқариш усуллари ва воситаларини мувофиқ қўллашни, ўз капитали миқдоридан келиб чиқиб қулай риск даражасини ўз зиммасига олиш ва уларни самарали тартибга солишни тақозо этади.

Кредитлар банк активларида салмоқли ўрин тутар экан, кредит рискини самарали бошқариш тижорат банки молиявий барқарорлиги, рақобатбардошлигини, бошқача айтганда, унинг фаолияти муваффақитяини таъминлаш омили бўлиб хизмат қилади. Бинобарин, Базель қўмитаси томонидан кредит рискини молиявий рискнинг асосий тури сифатида эътироф этилиши ҳам бежиз эмас, албатта.

Кредит риски категориясига нисбатан илмий адабиётларда ва меъёрий ҳужжатларда турлича ёндашувлар кўзга ташланади. Шунга қарамай кўпчилик муаллифлар кредит рискини кредит операциялари бўйича юзага келиши мумкин бўлган зарарлар ва йўқотишлар билан боғлашади. Уларнинг фикрича, кредит риски – бу:

а) дебитор, битим бўйича контрагент ёки қимматли қоғоз эмитенти молиявий ҳолатининг ёмонлашиши билан боғлиқ йўқотишлар рискидир[1];

б) битим бўйича бир томоннинг мажбуриятини бажармаслиги ва бунинг оқибатида битимнинг иккинчи томонида молиявий зарарларнинг юзага келиши рискидир[2];

в) қарз олувчи томонидан олинган ссуданинг сўндирилмаслиги хатаридир[3].

Бундан ташқари, кредит рискини экзоген (ташқи) ва эндоген (ички) омиллар ҳаракатининг ноаниқлиги оқибатида кутилаётган натижанинг (рискли ҳолатнинг юзага келиши) ҳақиқатдагисидан пул ўлчовида фарқланиши сифатида ҳам талқин қилиш мумкин. Бунинг сабаби шундаки, кредит риски тушунчаси молиявий оқибатлар(зарар, йўқотиш, банкротлик)га асосланган прогнозларнинг ҳақиқатдагисидан фарқланиши эҳтимолининг пулдаги ифодаси билан чекланмайди, балки қўшимча режалаштирилмаган фойда (даромад) олиш жабҳаларини ҳам қамраб олади.

Кредит рискини юзага келишига паст сифатли активлар, муаммоли кредитларни ўз вақтида аниқланмаслиги ва улар бўйича захираларни ташкил қилмаслик, кредит назоратининг сустлиги каби омиллар сабаб бўлади. Бундан ташқари,  жаҳон хўжалигининг глобаллашуви, молия бозорларини тартибга солиш тизимининг эркинлаштирилиши банк тизимида кредит рискининг ошишига хизмат қилди.

Шунингдек, кредит рискини бошқаришдан кўриладиган манфаатдорликнинг ошиши қуйидаги омиллар билан ҳам белгиланади:

– қарз, хусусан, банклар томонидан молиялаштириш ҳажмининг ортиши;

– молия бозорида паст рейтингга эга бўлган юқори даромад келтирувчи – “чиқинди облигациялар”нинг (junk bonds) пайдо бўлиши;

– банк рентабеллигининг пасайиш тенденциясига эга бўлиши;

– ссудалар бўйича сезиларли даражада юқори зарар ҳолатларининг кўпайиши.

Кредит рискини баҳолаш борасидаги ютуқлар уларни бошқариш усулларини ривожланиши ва такомиллашишига ўз таъсирини кўрсатди. Натижада пул маблағларини қайтарилишини таъминлайдиган молиявий операцияларнинг таркибий тузилиши ўзгарди (масалан, қарз олувчининг активлари билан таъминланган қимматли қоғозлар[4]ни муомалага чиқариш); молиявий операцияларни амалга оширишда махсус воситачилар пайдо бўлди (биржа ва ҳисоб-китоб-клиринг тизимлари кўринишида); кредит рискини камайтириш имконини берувчи кредит ҳосилалари ривож топди.

Концептуал жиҳатдан кредит рискини бошқариш жараёни қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

          – рискни идентификация қилиш;

          – риск юзага келиши оқибатларини баҳолаш;

          – бошқариш бўйича қарор қабул қилиш;

          – назорат (мониторинг, ҳисобга олиш, ҳисобот ва жавобгарлик).

Юқоридаги босқичлар уларда қўлланиладиган усуллар ва воситалар билан биргаликда кредит рискини бошқариш методологиясини ташкил қилади.

Алоҳида тижорат банки даражасида эса кредит рискини бошқариш жараёнини қуйидаги босқичларга ажратиш мумкин:

– банк кредит сиёсатининг мақсад ва вазифаларини ишлаб чиқиш;

– кредит рискини бошқаришнинг маъмурий тузилмаси ва қарор қабул қилиш тизимини ташкил қилиш;

– қарз олувчининг молиявий ҳолатини ўрганиш;

– қарз олувчининг кредит тарихи ва бизнес алоқаларини ўрганиш;

– кредит келишувини ишлаб чиқиш ва имзолаш;

– кредитнинг қайтмаслиги рискини таҳлил қилиш;

– қарз олувчи кредити ва умумий кредит портфелини мониторинг қилиш;

– муддати ўтган ва шубҳали кредитларни қайтарилишини таъминлаш ва гаровни реализация қилиш бўйича чоралар кўриш.

Одатда тижорат банклари кредит рискини бошқаришда қуйидаги усуллардан фойдаланишади:

  1. Кредитга лаёқатлиликни баҳолаш. Кредит инспекторлари айнан шу усулга алоҳида устуворлик берадилар. Бунинг сабаби шундаки, бу усул кредитнинг қайтмаслиги билан боғлиқ йўқотишларни олдини олиш имконини беради. Кредитга лаёқатлиликни баҳолашга нисбатан турлича ёндашувлар мавжуд. Бироқ сўнгги пайтларда хорижий банклар амалиётида ссуда олувчини балли баҳолашга асосланган усул кенг фойдаланилмоқда.

Бунда қарз олувчининг кредитга лаёқатлилиги ва тўловга қобиллигини таҳлил қилиш учун банкка қуйидаги маълумотлар зарур бўлади:

– йиллик, чораклик ва ойлик молиявий ҳисоботлар;

– товар-моддий қимматликлар, дебиторлик ва кредиторлик қарзларнинг таркиби тўғрисида камида сўнгги 18 ой учун маълумот;

– корхонанинг бизнес режаси;

– маркетинг, ишлаб чиқариш ва бошқарув режалари;

– қарздор тааллуқли бўлган тармоқ таҳлили;

– кредит сўндириладиган даврга қарз олувчининг мижозлари ва контрагентлари билан пул оқими прогнози.

2. Бир қарз олувчига бериладиган кредитлар ҳажмини қисқартириш. Бу усул мижознинг кредитга лаёқатлигига тўлиқ ишонч бўлмаган шароитда қўлланилади. Ажратиладиган кредит ҳажмининг камайтирилиши ўз навбатида унинг қайтмаслиги билан боғлиқ йўқотишларни ҳам мутаносиб равишда камайтиради.

3. Кредитларни суғурталаш. Бу усул кредит рискининг трансформацияланишига олиб келади.

4. Етарли даражадаги таъминотни жалб этиш. Ушбу усул банк томонидан ажратилган кредитлар бўйича асосий қарз ва фоиз тўловларини ўз вақтида банкка қайтарилишини тўлиқ кафолатлайди. Шу боис, ссуда таъминотини талаб қилишда унинг нафақат асосий қарзни қоплашига, балки фоиз тўловлари бўйича мажбуриятларни ҳам қоплай олишига алоҳида эътибор қаратилади.

5. Кредит деривативлари. Бу ҳосила воситалари ёрдамида кредит рискларини самарали бошқариш мумкин. Уларга кредит дефолт своплари, кредит рискига боғланган ҳосила қимматли қоғозлари (credit linked notes) кабилар тааллуқлидир.

Бундан ташқари, банк фаолиятида кредит рискини бошқаришнинг қўшимча усуллари сифатида қуйидагиларни ажратиб кўрсатиш мумкин:

– прогнозлаш методлари ёрдамида кўрилиши мумкин бўлган йўқотишларни олдиндан баҳолаш. Бунинг учун тижорат банкида риск даражасини мунтазам таҳлил қилиш, маркетинг тизими доирасида рискларни бошқариш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи махсус бўлимларни очиш зарур бўлади;

– гэпни бошқариш: фоиз ставкаси ўзгаришига таъсирчан активлар ва пассивлар ўртасидаги фарқни бошқариш мақсадида кредитлар ва депозитлар бўйича фоиз сиёсатини мувофиқ қўллаш;

– рискни диверсификациялаш. У қуйидаги кўринишларда намоён бўлади: а) кредитлашнинг умумий ҳажмини сақлаб қолган ҳолда кредитни кичик миқдорда кўп сонли қарздорларга ажратилишини таъминлаш; б) йирик миқдордаги кредитларни концорциум асосида бир неча банклар билан бирлашган ҳолда бериш; депозитларни кичик суммаларда кўп сонли омонатчилардан жалб этиш.

Хулоса қилиб айтганда, банк фаолияти доимо риск билан боғлиқ бўлиб, кредит риски банк рисклари орасида сезиларли даражада юқори аҳамиятга эга. Айни пайтда, кредит рискини бошқариш бўйича банк ташкилий бўлинмаси фаолияти йўналишлари ва вазифаларини белгилаб олиш, банкнинг кредит сиёсатида кредит рискини бошқаришнинг асосий тамойиллари ва мезонларини ифода этиш, шунингдек, рискни бошқариш усуллари ва воситаларини тўғри қўллаш мураккаб иқтисодий вазият – инқироз шароитида банкларнинг мавқеини сақлаб қолиш ва инқироздан кейинги даврда унинг муваффақиятини таъминлашга хизмат қилади.

Фойдаланилган адабиётлар рўйҳати: 

  1. https://sof.uz/uz/tag/koronavirus
  2. https://uz.sputniknews.ru/economy/20200729/14649037/Summa-kreditov-vydelennykh-Uzbekistanu-na-borbu-s-COVID-19-prevysila-1-mlrd.html
  3. Алиев Б. “Коронавирус-жиловланмаган офат. У дунё иқтисодиётига қай даражада таъсир этмоқда?” “Халқ сўзи” газетаси.
  4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағаликни қисқартириш вазирлигининг республика иқтисодиётидаги жорий ҳолат ва кутилаётган тенденциялар 2020 йил апрел ойи бўйича ҳисоботидан.
  5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳисоботи. 2010-2020 йиллар.
  6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги 2020 йил 12 майдаги ПФ–5992-сонли Фармони.

[1] Словарь финансовых терминов. — М.: Нимфа – М, 2018. — С. 67

[2] Glossary (2017). EDI-Press, p. 55.

[3] Синки Дж. Управление финансами в коммерческих банках. — М.: Catallaxy, 1994.

[4] Asset­ — backed securities  (ABS).

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *