Коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг ликвидлик ва кредитлаштириш имкониятларини ошириш муаммолари

Шухрат Абдусаломов

ТДИУ талабаси

Бугунги кунда коронавирус пандемияси сабабли жаҳон иқтисодиётида глобал инқироз даври кечмоқда. Мазкур ҳолатнинг вужудга келиши  коронавирус пандемияси туфайли жаҳоннинг деярли барча мамлакатларида “иқтисодий таътил”ларнинг шакллантирилиши, карантин даврида эса, иқтисодий  фаолиятнинг умуман тўхтатилиши билан изоҳланади.

Тарихий нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, жаҳон иқтисодиёти охирги ярим асрлик даврда, тўрт маротаба ташқи қарзнинг ошишига оид инқирозий тўлқинни бошидан кечирди. Шундан, дастлабки учтаси инқирозлар билан якунланди.

Бугунги кунга келиб, ривожланаётган мамлакатларда қарз тўлқини 2010 йилдан кейинги даврдаги ўзининг энг юқори чўққисига чиқди. 2018 йилда  жами қарз  54  фоиз  пунктга  ошиб, ЯИМга нисбатан 170 фоизни  ташкил  этди.

Бугунги кунга қадар иқтисодий инқирозлар турли молиявий инструментларнинг нобарқарорлиги туфайли вужудга келган бўлса, коронавирус пандемияси туфайли рўй берган инқирознинг асноси тамомила ўзгачадир. Мазкур инқирознинг бундай ўзига хослиги, иқтисодий хусусиятга эга бўлмаган омилга, яъни карантинга асосланганлигидир.

Жаҳон ҳамжамиятидаги деярли барча мамлакатлар миқёсида карантиннинг эълон қилиниши бир –бирига занжирсимон боғлиқ турли омиллар негизида инқирозий ҳолатни келтириб чиқарди. Инқирозий занжирнинг якуний ва қайсидир маънода асосий белгиси сифатида у ёки бошқа сабаблар туфайли ялпи талаб (истеъмол даражасининг) ҳажмининг кескин тушиб кетишини кўрсатиш мумкин.

Миллий иқтисодиётда ялпи талаб ҳажмининг камайиши (тушиб кетиши) ўз ўрнида ялпи таклиф ҳажмининг унга мос равишда пасайишига олиб келди.

Коронавирус пандемияси шароитида инқирозий ҳолатнинг шаклланиши қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:

  • карантин ҳолатининг жорий этилиши туфайли “иқтисодий таътил”ларнинг шакллантирилиши;
  • миллий субъектлар иқтисодий ривожланиш манбаъларининг чекланганлиги;
  • миллий иқтисодиётда ялпи талаб ҳажмининг кескин пасайиши ва унинг таркибида ҳам сезиларли силжишлар рўй бериши;
  • аҳоли реал даромадларининг тушиб кетиши, ишсизлик ва камбағалликнинг ортиши;
  • аҳолининг истеъмол маҳсулотларига бўлган талабининг пасайиши, узоқ муддатли фойдаланишга асосланган товарларга билдириладиган талабнинг кейинга қолдирилиши;
  • тадбиркорлик субъектлари реал даромадларининг кескин пасайиши, молиявий оқимлар (поток) ҳажми ва таркибидаги кескин ўзгаришлар;
  • корхоналар фойдасининг камайиши, харажатларнинг ортиши ва қўшилган қиймат устамаси ҳажмининг пасайиши, реал даромадлар салмоғининг камайиши;
  • миллий иқтисодий субъектлар рақобатбардошлигининг пасайиши;
  • ташқи талабнинг пасайиши ва иқтисодий алоқаларнинг узилиши ҳисобига миллий маҳсулотлар экспорти ҳажмининг қисқариши;
  • миллий иқтисодий субъектлар томонидан ишлаб чиқариш ва хизматлар ҳажмининг пасайиши;
  • ялпи талаб ҳажмининг камайиши суръатларига мос ялпи таклиф ҳажмининг (кескин) камайиши.

1-расмда коронавирус пандемияси инқирозининг кетма-кет босқичлари ифода этилди. 

1-расм. Коронавирус пандемияси инқирозининг босқичлари

 

Коронавирус пандемияси инқирози мамлакат банк тизимини ҳам четлаб ўтмайди. У айниқса тижорат банкларининг ликвидлилигига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг банкротликка орлиб боради. Тижорат банклари ликвидлилигининг пасайиши ва кредитлаштириш имкониятларининг сустлашиши қуйидаги омиллар негизида амалга ошади:

  • маҳаллий иқтисодий субъектлар фаолиятининг чекланиши ҳисобига тижорат банкларига тушадиган маблағлар тушумининг камайиб кетиши;
  • тижорат банклари айланма маблағлари ҳажмининг камайиши асносида кредит бериш имкониятининг пасайиши ва ўз ўрнида даромад олиш имкониятининг сусайиши;
  • карантин муносабати билан аҳоли даромадларининг кескин тушиб кетиши негизида депозит маблағларини тижорат банкларидан олишнинг ортиши;
  • маҳаллий иқтисодий субъектлар томонидан пул маблағларига бўлган талабнинг кўпайиши, даромад олмаган ҳолда корхоналар ишчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида компенсация маблағларини ажратиши;
  • марказий ва маъмурий-ҳудудий бирликларининг бошқарув аппарати томонидан маҳаллий иқтисодий субъектларга кредитлар ажратиш бўйича босимнинг кучайтирилиши ва ҳоказо.

Ўзбекистон Республикасида тижорат банкларининг ликвидлилигини ошириш ва кредитлаштириш имкониятларини кучайтириш масаласи коронавирус пандемияси инқирозий ҳолатининг бугунги босқичида долзарб аҳамият касб этмоқда. Бизнинг назаримизда, республика тижорат банкларининг ликвидлигини ошириш ва кредитлаштириш имкониятларини кучайтириш учун қуйидаги ишларни бажариш мақсадга мувофиқ:

  • муддати тугаган омонатларнинг вақтинча (пандемия тугагунга қадар) муддатини узайтириш;
  • Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига  депозит маблағи учун ўтказадиган мажбурий  захира  миқдорига нисбатан ўртачалаш коэффициентини ошириш;
  • Марказий банк пул-кредит сиёсатининг асосий инструменти бўлган қайта молиялаш сиёсатидан оқилона фойдаланиши ва тижорат банкларининг вакиллик ҳисоб рақамларини тўғридан-тўғри офердрафт кредитлаш усули асосида, қайта молиялаш кредитларини тақдим этиш;
  • республика тижорат  банкларининг  активлари  ва депозитлари ўртасидаги оптимал нисбатни шакллантириш;
  • халқаро молия институтлари ва хорижий банклар ресурсларини республика  тижорат  банклари тизимига жалб қилиш ва уларни қапйта молиялаштириш;
  • мамлакатимиз тижорат банкларининг  капитал базасини кенгайтиришга кўмаклашиш ва ҳоказо.

Бизнинг наздимизда, юқорида масалаларнинг республика пул-кредит тизимида ижобий ҳал этилиши тижорат банкларининг ликвидлик даражаларини оширишга ҳамда уларнинг кредитлаштириш имкониятларини кучайтиришга олиб келади ҳамда коронавирус пандемияси инқирозини юмшатиш ва уни кечиб ўтишга хизмат қилади.

 

Фойдаланилган адабиётлар 

  1. Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2020 йил 22 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида  аҳоли,  бюджет,  базавий инфратузилма  ва  тадбиркорлик  субъектларини қўллаб-қувватлаш  учун  ташқи  ёрдам  маблағларини  жалб  қилиш  чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4691- сонли қарори
  2. Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2020 йил 19 мартдаги  “Коронавирус пандемияси ва глобал  инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ПФ-5969-сонли фармони.
  3. Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2020 йил 3  апрелдаги “Коронавирус  пандемияси  даврида аҳоли,  иқтисодиѐт  тармоқлари  ва  тадбиркорлик  субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5978 сонли фармони.
  4. Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2020 йил 18 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5996 сонли Фармони.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *