Саноатда ишлаб чиқаришни ривожлантириш истиқболлари

                       Эрназаров  Ғулом  Бекбоевич

Кадрлар малакасини ошириш  ва статистик тадқиқотлар  институти катта ўқитувчиси

Мамлакат иқтисодиётини оқилона ташкил этиш иқтисодий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Минтақалар табиий-иқтисодий ва меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланиш иқтисодий мустақилликка эришиш ва иқтисодий ўсишни таъминлаш, мамлакатимиз аҳолиси турмуш даражасини яхшилашнинг асосий шартларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти М.Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Иқтисодиётдаги тизимли ўзгаришлар натижасида ялпи ички маҳсулот таркибида саноатнинг улуши жорий йилда 35 фоиздан 37 фоизга ортиши кутилмоқда. Бироқ айрим шаҳар ва туманларда бу ўта муҳим масалага етарлича эътибор берилмаяпти.

Оқибатда, республиканинг 27 та туманида саноатнинг улуши вилоят кўрсаткичининг 1 фоизига ҳам етмайди. Шу сабабли, ҳар бир туман ва шаҳар саноатини ривожлантириш бўйича ўрта ва узоқ муддатли дастурлар ишлаб чиқиш керак. Бу масалани, аввало, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар раҳбарлари алоҳида назоратга олиши керак”.1

Дастлабки  маълумотлар  бўйича  2018  йилда республика корхоналари томонидан  228,9  трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан ўсиш суръати  114,4  % ни, саноат ишлаб чиқариш индекси эса 110,6 % ни ташкил этди.

Жами саноат ишлаб чиқариш ҳажми ўсишининг  асосий омили бўлиб, ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноатида ишлаб чиқариш ҳажмининг  13,2  % га (жами саноат ишлаб чиқариш ҳажми ўсишига қўшган ҳиссаси 10,5 ф.п.), тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлашнинг – 25,4 % га (3,4 ф.п.), электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялашнинг  4,1  % га (0,3  ф.п.) ва сув билан таъминлаш, канализация тизими,  чиқиндиларни  утилизация  қилишнинг  –  22,6  %  га   (0,2  ф.п.)  ўсиши ҳисобланади[1].

Мамлакатимизнинг миллий маҳсулот ишлаб чиқариш соҳасидаги асосий тармоқларидан бири-саноатдир. Саноат ўзининг қўшимча қиймат яратиши, аҳоли эҳтиёжини қондиришдаги ўрни ва юқори даражага эга бўлган ишлаб чиқариш имкониятлари билан бошқа соҳа ва тармоқлардан ўз афзаллиги билан тубдан фарқ қилади. Саноат моддий ишлаб чиқаришнинг асосий ва етакчи тармоғи бўлиб, унинг ривожланиши миллий иқтисодиётнинг барқарор суръатлар билан ривожланишига олиб келади.

Мамлакатимиз саноат тармокларини жадал ва баркарор  ривожлантириш , уларнинг экспорт салохиятини устириш,ишлаб чиқариш корхоналарини техник ва технологик жихатдан қайта куроллантириш, ички бозорни миллий корхоналарда ишлаб чикарилган махсулотлар билан таъминлаш ,мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш, фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш асосида саноатниг самарадорлиги ва рақобатбардошлигини янада оширишга эришиш мумкин.

Бу борада юртимизда қабул қилинган 2011-2015 йилларда саноатни устувор даражада ривожлантириш дастури ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга доир тармоқ дастурларининг изчил амалга оширилиши натижасида саноат таркибида юқори қўшимча қийматга эга бўлган, рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаётган қайта ишлаш тармоқларининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 78 фоиздан ортиғи айнан ана шу тармоқлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Маълумки, саноатдаги иқтисодий ўсиш меҳнат, капитал ва фан-техника тараққиёти каби омилларга бевосита боғлиқ. Иқтисодий ўсишнинг меҳнат ва капитал омилларига корреляцион боғлиқлик даражаси юқори ҳисобланади. Мамлакатимизда ўтган даврда саноат ишлаб чиқариши ҳажми, соҳага жалб қилинган инвестициялар ҳажми ва тармоқда банд бўлганлар сони ўзгариши натижасида таркибий силижишлар рўй берди.

1-диаграмма

2018 йил январь-декабрь ойларида асосий иқтисодий фаолият    турлари бўйича саноат ишлаб чиқариш таркиби  (жами саноат махсулотлари ишлаб чиқариш хажмига нисбатан %)

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида тузилган

Тоғ-кон саноати ва очиқ  конларни ишлаш корхоналари томонидан  2018 йил январь-декабрь ойларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 36,9 трлн.сўмни ёки жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 16,1 % ни ташкил этди.

Тоғ-кон  саноатида  ишлаб  чиқарилган  маҳсулотлар  тури  бўйича  чақиқ  тош қазиб олиш  ўтган йилнинг тегишли даврига  нисбатан  –  1,2  мартага, газ конденсати –  9,9  %  га,  табиий  газ  –  6,1  %  га,  кўмир  қазиб  олиш  ҳажмининг  –  3,4  %  га ошганлигини,  шу  билан  бирга  шағал  –  12,3  %  га  ва  нефть  қазиб  олиш  –  8,2  %  га камайганлигини кузатиш мумкин. (1-диаграмма)

Саноатдаги инвестицион фаолликнинг ўтган даврда барқарор бўлмаганлиги, саноатнинг сармоя жамғариш ва умумий ички инвестициялардаги  улушининг 2018  йилгача ошиб бориши ва кейинги даврда, 2000 йилгача кескин пасайган бўлиб, фақат 2012 йилдан бироз яхшиланганлиги кўринади. Миллий саноат тараққиётидаги бундай ўзгариш пахта ва нодир металлар нархининг тушиши ва унга мос равишда ташқи савдо балансининг, хусусан, экспорт тушумларининг камайиши билан изоҳланади.

Ўзбекистон саноатида 2013 йилда 29,6 минг ўрта ва йирик ишлаб чиқариш бирлашмалари ва корхоналар ишлаган бўлиб, бу корхоналарда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар салмоғи умумий ишлаб чиқриш ҳажмининг қарийб 97 фоизини ташкил этди. Шу йили саноат корхоналари томонидан 460 га яқин турдаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Ҳозирда саноат тармоқларидаги корхоналар жами сонида 4,6 фоизи давлат, 95,4 фоизи эса нодавлат саноат корхоналари ҳисобланади. Шунингдек, саноат ишлаб чиқариш ходимларининг 20,5 фоизи давлат ва 79,5 фоизи нодавлат корхоналарида фаолият кўрсатмоқда. Ялпи саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмида давлат корхоналари 22,6 фоиз, нодавлат  корхоналари эса 77,4 фоиз улушга эга ҳисобланади.

Миллий саноат ва унинг соҳалари иқтисодиётнинг динамик ўзгаришда бўлган ҳамда ишлаб чиқариш суръатлари жадал ошаётган тармоқлари ҳисобланади. Айниқса, саноатнинг қора металлургия, нефт ва нефт кимёси, машинасозлик, қурилиш материаллари, енгил ва озиқ-овқат соҳаларида ишлаб чиқариш  ҳажми сўнгги йилларда тез ўсмоқда.

Хусусан, 2000-2013 йилларда ўртача йиллик қўшимча ўсиш суръатлари қора металлургияда 14,5 фоизни, рангли металлургияда қарийб 3,0 фоизни, кимё ва нефт кимёсида 8,1 фоизни, машинасозликда 18 фоизни, енгил саноатда 9,8 фоизни ва озиқ-овқат саноатида 9,4 фоизни ташкил этди.           

                                                                                      1-жадвал

2018 йилда Ўзбекистон Республикасида тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлашда йирик саноат корхоналари томонидан натура кўринишида айрим турдаги саноат  маҳсулотларини ишлаб  чиқариш

 

Кўрсаткичлар

Ўлчов  бирлиги 2018 йил 2017 йилга нисбатан, % да
Нефть  минг. т 746,4 91,8
Газ конденсати  минг. т 2143,6 109,9
Табиий газ млн. куб. м 59842,2 106,1
Кўмир  минг. т 4174,4 103,4
Шағал минг. т 401,4 87,7
Чақиқ тош минг. т 1191,1 119,8

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида тузилган

2018 йилда ишлаб чиқарадиган саноат  корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 175,4 трлн. сўмни ёки жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 76,6 % ни ташкил этди.  Ишлаб чиқарадиган саноат таркибида юқори технологияли тармоғнинг улуши 1,6 % ни (2017 йил январь-декабрь ойларида – 1,9 %), ўрта-юқори технологиялини  – 29,7 % (21,7 %), ўрта-қуйи технологиялини – 29,8 % (27,0 %) ва қуйи технологиялини – 38,9 % (49,4 %) ташкил этди. (1-жадвал)

Умуман олганда, саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг йиллик қўшимча ўсиши суръати бу йилларда ўртача 7-8 фоиздан иборат бўлди. Иқтисодиётни модернизация килиш шароитида мамлакатимизда чуқур таркибий силжишлар ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётган даврда саноат ишлаб чиқаришини янада жадалроқ ривожлантириш имкониятлари айниқса, енгил, ёқилғи-енергетика, киме ва нефт кимёси, озиқ-овқат ҳамда машинасозлик соҳаларида мавжуд.

Хулоса қилиб айтганда Республикамиз ҳудудларида саноат тармоқларини янада такомиллаштириш ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун, аввало, қуйидаги ишларни амалга ошириш зарур:

мамлакатимизда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш;

бугунги кунда тўхтаб турган ишлаб чиқариш қувватларини тиклаш;

 янги моддий-техника базасини барпо этиш;

янги ташкил этилаѐтган корхоналар фаолияти учун қўлай шарт-шароитлар яратиш;

саноат тармоғи ривожланишида кичик корхоналар сонини янада кўпайтириш ва уларни ташкил этиш чора-тадбирларини рағбатлантириш.

— импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган маҳаллийлаштириш дастурини жадал суръатлар билан ривожлантириш.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. Т.: «Ўзбекистон», 2017.
  2. Ўзбекистон Республикасини «Давлат Статистикаси тўғрисида»и қонуни. 2002 йил 12-декабрь №441-ИИ // Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлар тўплами, 2002, №24, 26-31 б
  3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар лойиҳаси тўғрисида» ги Фармони. «Халқ сўзи» газетаси. 2017 йил 8 феврал. 28-(6722)-сон.
  4. Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар  Маҳкамасининг  “Ўзбекистон  Республикаси Инвестициялар  бўйича  давлат  қўмитаси  муҳитини  ташкил  этиш  чора-тадбирлари тўғрисида” 04.04.2017 йилдаги ПҚ-2868-сон Қарори. лех.уз.
  5. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий  Мажлисга Мурожаатномаси. “Халқ сўзи” газетаси.  12.2018 йил, №271-272 (7229-7230).
  6. Харченко Н.М. Экономическая статистика: учеб.– М.:Дашков и К, 2010. – 368 с.
  7. Н.М.Соатов, Х.Набиев, Д.Набиев, Г.Н.Тиллахўжаева. Статистика. – Т.: ТДИУ, 2009 .
  8. Х.Набиев, Д.Набиев. Иқтисодий статистика. – Т.:ТДИУ, 2009.
  9. Ўзбекистон Республикаси  Давлат  статистика  қўмитаси.  Ўзбекистон Республикасининг статистик ахборотномаси. 2011-2018 йй.

          Интернет сайтлари

  1. http://www.ceep.uz «Ўзбекистон иқтисодиёти» таҳлилий шарҳ
  2. http://www.tseu.uz ТДИУ сайти
  3. http: //www.jsae@cemi.rssi.ru . «Общество и экономика» журнали
  4. http: vopstat@mtv-net.ru. «Вопросы статистики» журнали
  5. http:// search.ebscohost.com/ – Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси.

1 Ўзбекистон Республикаси Президенти  Шавкат Мирзиёевнинг Олий  Мажлисга Мурожаатномаси. “Халқ сўзи” газетаси.  29.12.2018 йил, №271-272 (7229-7230).

[1] www.stat.uz маълумотлари.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *