Кичик бизнесни ривожланишини таҳлил этишда математик моделларни қўллаш усуллари

Исмоилов Ғ.Э.

Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти

Ўзбекистонда  барқарор  иқтисодий  ўсишга  эришишда  кичик  бизнес  ва хусусий  тадбиркорликни  ривожлантириш,  тадбиркорликда  қулай ишбилармонлик  муҳитини  яратиш  бугунги  куннинг  долзарб  масалаларидан бири ҳисобланади. Кичик бизнесни ЯИМдаги улушини математик  моделларни  қўллаш  орқали  ишончли  ва  таъсир  этувчи  омилларни ҳисобга олган ҳолда оптимал даражада тўғри прогнозлаш муҳим аҳамият касб этади.  Мазкур  ишда  прогноз  қилишнинг  назарий  асослари  ва  усуллари, кичик  бизнесни  ЯИМдаги  улушига  таъсир  қилувчи  омилларнинг  регрессион таҳлили амалга оширилган ҳамда эконометрик моделлар орқали прогноз қилиш услубияти кўриб чиқилган.

Республикамизда  олиб  борилаётган  иқтисодий  ислоҳотлар  натижасида кичик  бизнес  ривожланиши  йилдан-йилга  ўсиш  тенденциясига  эга  бўлиб,  ЯИМдаги  улуши  ортиб  бормоқда.  Ўзбекистон  Республикаси Президенти  Ш.Мирзиёев  таъкидлаб  ўтганларидек:  Хусусий  мулк  ва тадбиркорликни  ҳар  томонлама  қўллаб-қувватлаш  ва  ҳимоя  қилиш  бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши 2016-йилда 32 мингтага яқин ёки 2015-йилга нисбатан 18 фоизга кўп кичик бизнес субъектлари ташкил қилинишига туртки  бўлди. Кичик  бизнеснинг  мамлакат  ялпи  ички маҳсулотидаги  ҳиссаси 56,9 фоиз, саноатда эса 45 фоиз ошди[1].

Таъкидлаш  жоизки,  2016  йилнинг  25  октябрида  эълон  қилинган  Жаҳон банкининг  “Бизнесни  юритиш  2017:  бошқарув  сифатини  ва  самарадорлигини баҳолаш” ҳисоботига кўра, Ўзбекистон дунёнинг 190 давлати ичида 87-ўринни эгаллаб  (DB-2016  йилда  189  та  давлат  ичида  ҳам  87  ўрин),  ўтган  йилдаги мавқеини  сақлаб  қолди.  Жаҳон  банки  экспертлари  ҳисоботнинг  индикаторидан  5  тасида  Ўзбекистон  позициясини  яхшилаганлиги  эътироф этилган[2].

Ўзбекистон  Республикасининг  биринчи  Президенти  И.Каримов томонидан  2030-йилга  бориб  мамлакатимизда  ялпи  ички  маҳсулот  ҳажмини камида  2  баробар  ошириш  вазифаси  белгилаб  берилган.  Мамлакатимиз  ялпи ички маҳсулотининг 2016-2030-йилларда 2 баробар кўпайишига эришиш учун ўртача  йиллик  ўсиш  суръатлари  4,8  фоиз  даражасида  бўлишини  таъминлаш зарурлиги белгиланган[3].

Мамлакатимизда  2017  —  2021  йилларда  Ўзбекистон  Республикасини ривожлантиришнинг  бешта  устувор  йўналиши  бўйича  тасдиқланган Ҳаракатлар  стратегиясининг  «Иқтисодиётни  янада  ривожлантириш  ва либераллаштириш»  деб  номланган  учинчи  йўналишида,  макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш,  миллий  иқтисодиётнинг  рақобатбардошлигини  ошириш,  қишлоқ хўжалигини  модернизация  қилиш  ва  жадал  ривожлантириш,  иқтисодиётда давлат  улушини  камайтириш  бўйича  институционал  ва  таркибий ислоҳотларни давом эттириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор  мавқеини  янада  кучайтириш,  кичик  бизнес  ва  хусусий  тадбиркорлик ривожини  рағбатлантириш,  ҳудудлар,  туман  ва  шаҳарларни  комплекс  ва мутаносиб  ҳолда  ижтимоий-иқтисодий  тараққий  эттириш,  инвестициявий муҳитни  яхшилаш  орқали  мамлакатимиз  иқтисодиёти  тармоқлари  ва ҳудудларига  хорижий  сармояларни  фаол  жалб  этиш  каби  чора-тадбирлар белгиланган[4].

Ҳаракатлар  стратегияси  2017  —  2021  йилларда  умумий  қиймати  40 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 649 та инвестиция лойиҳасини назарда тутувчи  тармоқ  дастурларини  рўёбга  чиқариш  режалаштирилган  бўлиб, натижада  кейинги  5  йилда  саноат  маҳсулотини  ишлаб  чиқариш  1,5  баравар, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33,6 фоиздан 36 фоизгача, қайта ишлаш тармоғи улуши 80 фоиздан 85 фоизгача ошиши кўзда тутилган[5].

Бугунги  кунда  мамлакат  ЯИМда  кичик  тадбиркорлик  субъектлари улушининг  қай  даражада  бўлиши  уларда  банд  бўлган  аҳолининг  салмоғи,тижорат  банклари  томонидан  ажратилаётган  кредитлар  хажми  ва  солиқ имтиёзларидан фойдаланаётган кичик бизнес субъектлари сонига ҳам бевосита боғлиқ.  Шуни  ҳисобга  олган  ҳолда,  ушбу  кўрсаткичларни  математик усуллардан  фойдаланган  ҳолда  истиқбол  даврга  мўлжалланган  илмий прогнозлар  ишлаб  чиқиш  зарурати  бугунги  куннинг  долзарб  масалаларидан бири ҳисобланади.

Прогнозлаштириш  –  бошқаришнинг  иқтисодий  усулларидан  бири бўлиб,  иқтисодий  тизимнинг  келгусидаги  ҳолатини  аниқлаб  берувчи  режалар ишлаб  чиқиш  ва  амалга  ошириш  йўллари,  усуллари  ва  воситалари йиғиндисидир[6].

Ушбу  ишда  республикамиз  ва  хорижий  мамлакатлар  иқтисодчи олимларининг  иқтисодий  кўрсаткичларни  математик  моделлар  орқали прогнозлаштиришга  бағишланган  илмий  асарлари  ўрганилган.  Мамлакат ЯИМда  кичик  тадбиркорлик  субъектлари  улушининг  ўсишига  таъсир  этувчи омиллар уларда банд бўлган аҳолининг салмоғи, тижорат банклари томонидан ажратилаётган  кредитлар  хажми  ва  солиқ  имтиёзларидан  фойдаланаётган кичик бизнес субъектлари сонининг регрессион таҳлили ҳамда ЯИМда кичик тадбиркорлик  субъектлари  салмоғини  келгуси  беш  йилга  эконометрик моделлар орқали илмий прогнози амалга оширилган.

Маълумотларни  таҳлил  қилишда  регрессион  таҳлил  энг  кенг тарқалган  усуллардан  бири  бўлиб  ҳисобланади.  Тушумларни  таҳлил  ва прогнозлашда  рақамли  маълумотлар  билан  жуда  кўп  иш  кўрилади  ва  турли кўрсаткичлар  орасидаги  боғлиқликни  кузатиш,  таҳлил  қилиш  зарурияти туғилади.

Берилган  маълумотларни  таҳлил  қилишда  эркли  ўзгарувчи  ( X )  ва эрксиз  (Y )  ўзгарувчилар  қаралади.  Регрессион  таҳлил  эрксиз  ўзгарувчилар қийматларинининг ўзгаришини тушунтириб беради.

Регрессион таҳлилнинг иккинчи вазифаси ҳодисалар (ўзгарувчилар) ўртасидаги  боғланиш  зичлигини  аниқлашдан  иборатдир.  Бу  корреляцион индекси  ва  чизиқли  корреляция  коэффициент ларнинг   қийматларини ҳисоблаш йўли билан текширилади. Агар R=l (r=1) бўлса, унда ўрганилаётган  омиллар  ўртасида  функционал  боғланишлар  мавжуд  бўлади.

Агар R=0 (r=0)бўлса, бу ҳолда омиллар ўзаро боғланмаган бўлади.

Чизиқли  боғланишлар  зичлигини аниқлашда  корреляция  коэффициентидан  фойдаланиш  мумкин.

Корреляция коэффициенти r нинг манфий қиймати ҳодисалар ўртасида тескари боғланиш мавжуд эканлигидан далолат беради[7].

Давлат  статистика  қўмитаси  ва  Давлат  солиқ  қўмитасининг маълумотлари  асосида  кичик  бизнес  ва  хусусий  тадбиркорликни  ЯИМдаги улушига (Y) таъсир этувчи омилларнинг (X1  ,  X2.  X3  )  регрессион  таҳлилини  кўриб  чиқамиз.   (3.1-жадвал):

3.1-жадвал 

Кичик бизнес субъектларини мамлакат ЯИМ даги улушига таъсир этувчи омиллар таҳлили*

3.1-жадвал маълумотлари таҳлилида Таъсир  этувчи омиллар сифатида: кичик бизнесда аҳоли бандлиги улуши (X1), кичик бизнесга ажратилган  кредитлар  миқдори  (X2)  ва  солиқ  имтиёзларидан  фойдаланган кичик  бизнес  субъектлари  сони  (X3)  олинди.  Жадвал  маълумотларини компьютер  Microsoft  Excel  дастури  ёрдамида  ёрдамида  қайта  ишлаш  асосида қуйидаги регрессион таҳлил натижалари олинади (3.2-жадвал):

3.2-жадвал 

Дастлабки регрессион таҳлил натижаси

3.2-жадвалдаги  олинган  таҳлил  натижалардан   кўриниб  турибдики,  кичик  бизнесда  аҳоли  бандлиги  улушини  1  фоиз  ошиши  бошқа  омиллар  ўзгармаганда  кичик  бизнесни  ЯИМдаги улушини  ўртача  0,75  фоиз  ошишига,  кичик  бизнесга  берилган  кредитлар миқдорининг 1 млрд. сўмга ошиши кичик бизнесни ЯИМдаги улушини ўртача 1,19  фоиз  ошишига,  солиқ  имтиёзларидан  фойдаланган  кичик  бизнес субъектлари  сонининг  1000  тага  ошиши  кичик  бизнесни  ЯИМдаги  улушини ўртача 0,11 фоиз кўпайишига  олиб келади.

Ҳисобланган  R2 = 0,989; Fхисоб = 91,664  Fжадв = 0,001  мезонлар қонуниятининг  X= (x1,x2,x3.) омил кўрсаткичлар мажмуи орқали ҳаққоний ва ишончли  ифодаланганини  кўрсатади.

Кичик  бизнесни  ЯИМдаги  улушига  таъсир  этувчи  омилларнинг  ҳар бирини  алоҳида  якка  ҳолда  таҳлил  этганда  қолган  омиллар  ўзгаришсиз,  деб қаралганда энг катта таъсир этувчи омил кичик бизнесдаги аҳоли бандлиги ва берилган кредитлар миқдорига тўғри келмоқда.  Бунда, натижавий омил билан таъсир  этувчи  омиллар  ўртасидаги  корреляцион  боғланишни  ифодалайдиган регрессиянинг  тенгламасини  “Энг  кичик  квадратлар”  усулидан  фойдаланиб қуйидагича акс эттиришимиз мумкин бўлади:

Y1 = -6,11 Х0 + 0,75 Х1 + 1,19 Х2 + 0,11 Х3            (1);

Демак,  эконометрик  модел  таҳлилининг  кўрсатишича,  кичик  бизнесдаги аҳоли  бандлиги,  берилган  кредитлар  миқдори  ва  солиқ  имтиёзларидан фойдаланаётган  кичик  бизнес  субъектлари  сонининг  ошиши,  кичик  бизнесни ЯИМдаги улушини камайтирмайди, аксинча оширади.

Мамлакатимизда 2030 йилга бориб ЯИМ ҳажмини 2 баробарга ошириш вазифасидан  келиб  чиқиб,  кичик  бизнесни  мамлакат  ЯИМдаги  улушини истиқбол даврларга прогнозланиши муҳим рол ўйнайди. Шундан келиб чиқиб, юқорида  келтирилган  (3.1-жадвал)  маълумотлар  асосида  кичик  бизнесни мамлакат  ЯИМдаги  улушини  келгуси  даврларга  мўлжалланган  башоратининг сценарийларини ишлаб чиқамиз. Дастлаб, кичик бизнесни мамлакат ЯИМдаги улушини  ўзгариш  динамикаси  графигига  тўғри  чизиқли  ва  полиномиал трендларнинг таҳлилини кўриб чиқамиз (3.1-расм).

Юқоридаги 3.1-расмдаги  иккита  тренддан юқори  детерминация  коэффициентига  (R2=0,988)  эга  бўлгани  полиномиал тренд ва (R2=0,938) эга бўлгани тўғри чизиқли тренд ҳисобланади ва қуйидаги формула билан изоҳланади:

Y = -0,095 х2 – 1,476 х + 51,21                 (2)

Y = 0,714 х + 52,35                                   (3)

Бу ерда: Y –  Кичик бизнесни ЯИМ улуши;     х – таҳлил этилаётган давр.

3.1-расм. Кичик бизнесни ялпи ички махсулотдаги улуши ўзгариш динамикаси  графиги ва  тренд чизиғлари[8]

Шундан келиб чиқиб биз, таъсир этувчи омилларнинг башорати асосида натижавий ўрта муддатли башорат кўрсаткичини топамиз. Ушбу башорат икки хил  вариантда  аниқланди,  биринчи  вариант  сценариясида  ўзгариш тенденциясига  асосланиб  чизилган  графикка  нисбатан  берилган  полиномиал тренд чизиғининг энг юқори детерминация коэфициентига эга бўлган регрессия тенгламасига  асосланиб  топилган  башорат  кўрсаткичлари,  иккинчи  вариант сценариясида  муқобил  равишда  чизилган  тўғри  чизиқли  тренд  чизиғининг регрессия  тенгламаси  асосида  ҳисоблаб  чиқилган  башорат  кўрсаткичлари келтирилган.  Аниқланганган  башорат  кўрсаткичлари  натижаси  қуйидаги 3.3-жадвалда акс эттирилди:

3.3-жадвал 

Кичик бизнени ЯИМдаги улушини 2017-2021 йиллар даврига мўлжалланган башорат кўрсаткичлари сценарийлари[9]

 

Жадвал  маълумотларидан  кўриниб  турибдики,  таъсир  этувчи  асосий омиллардан  бири  бўлган  кичик  бизнесда  аҳоли  бандлигини  оширилиши  ёки кредит миқдорининг оширилиши натижасида кичик бизнесни ЯИМ даги улуши 2017 йилда 1-сценарийда 56,9 фоизни ташкил этса, 2-сценарий вариантда 58,1 фоизни  ташкил  этмоқда.  Демак  биринчи  вариантидаги  ўсиш  суръатларига нисбатан иккинчи вариант сценарий вариантда ўсиш суръатлари анча юқори.

 

3.2-расм: Кичик бизнени ЯИМдаги улушини ўрта муддатли даврга ишлаб чиқилган прогноз кўрсаткичлари (%)[10].

3.2-расмда  кўриниб  турибдики,  2-вариант  башорат  сценарийсида  кичик бизнесни  ЯИМдаги  улушининг  юқори  ўсиш  тенденциясига  эга  бўлиб,  1-вариант башорат сценарийсида эса пасайиш суръатига эгадир. Яъни, 2-вариант сценарийсида  2017  йил  башорат  кўрсаткичларида  кичик  бизнесни  ЯИМдаги улуши  58,1  фоизни  ташкил  этган  бўлса,  бу  кўрсаткич  2021  йилга  келиб  60,9 фоизни  ташкил  этиши  прогноз  қилинмоқда.  Буни  ҳар  икки  вариант сценариялари  бўйича  ўтган  чизиқларнинг  орасидаги  фарқни  ифодаловчи ўзгариш  оралиғи  коридори  ҳам  кўрсатиб  турибди.  Ушбу  фикр-мулоҳазаларимиздан  келиб  чиқиб  биз,  иккинчи  вариант  сценарийсини инерцион,  оптимистик  вариант  сифатида  ва  биринчи  вариант  сценариясини пессимистик вариант деб баҳолашимиз мумкин.

Энди  (1)  формула  ва  1-жадвал  маълумотларидан  фойдаланиб  чизиқли регрессия учун ўртача коэффициентлар эластиклигини аниқлаймиз[11]:

Кичик бизнесда аҳоли бандлиги улушининг ўртача сони (Х1)нинг 1 % кичик бизнесни ЯИМдаги улушининг ўртача қиймати (У)нинг ўртача қийматидан 1,038 % ортишини, кичик бизнесга ажратилган кредитлар миқдорини (Х2)нинг 1 млрд.сўмга ортиши эса кичик бизнесни ЯИМдаги улушининг ўртача қиймати У нинг ўртача қийматидан 173 % ортишини, солиқ имтиёзларидан фойдаланган кичик бизнес субъектлари сонининг (Х3)нинг 1 мингтага ортиши эса кичик бизнесни ЯИМ улушининг ўртача қиймати У нинг ўртача қийматидан 0.063 %  ортишини билдиради.

Кичик бизнесни ривожлантиришнинг иқтисодий кўрсаткичларини эконометрик моделлар орқали прогноз қилиш бўйича амалга оширган тадқиқотларимиз натижасида қуйидаги хулосалар шакллантирилди:

— иқтисодий кўрсаткичларни эконометрик моделлар ёрдамида тадқиқот қилишда унга тасир қилувчи асосий омилларни апниқ белгилаш керак ва боғлиқлик даражасини аниқлаб регриссион таҳлилларни амалга ошириш лозим;

— кичик тадбиркорлик субъектларига берилган солиқ имтиёзлар миқдори улардан фойдаланувчилар сонини ҳам ҳисобга олган ҳолда кўрсаткичлар қанчалик аниқ эҳтимолликда прогноз қилинса мамлакатда инвестицион муҳитнинг ривожланишига ижобий таъсирини кўрсатади;

— кичик бизнесни ривожлантиришнинг иқтисодий кўрсаткичларини прогноз қилишда илмий асосланган ва жаҳоннинг ривожланган давлатлари амалиётида қўлланиладиган усулларни қўллаган ҳолда ягона методикасини ишлаб чиқиш лозим;

— иқтисодий кўрсаткичларни статистик маълумотлар асосида таҳлил қилишда натижага таъсир этувчи қанчалик кўпроқ омиллар ўрганилса, келгуси давр учун прогноз кўрсаткичи шунчалик аниқроқ бўлишига эришилади;

–   регрессион  моделлар  орқали  прогнозлаш  энг  кенг  тарқалган усуллардан  бири  ҳисобланади  ва  таҳлил  амалга  оширилганда  аниқроқ кўрсаткичга  эга  бўлиши  учун,  кўп  йиллик  маълумотлардан  фойдаланиш мақсадга мувофиқдир;

–  эконометрик таҳлилларнинг кўрсатишича кичик бизнесда банд бўлган аҳолини  ошиши,  ажратилаётган  кредитлар  миқдорини  ошиши  ва  солиқ имтиёзлари  кўламини  оширилиши  кичик  бизнесни  ЯИМдаги  улуши  ҳамда  солиқ тушумларини камайтирмайди, аксинча иқтисодий ўсишини таъминлайди.

Хулоса  ўрнида  шуни  айтиш  мумкинки,  кичик  бизнесни ривожлантиришнинг  иқтисодий  кўрсаткичларини  таҳлил  қилиш  ва истиқболини аниқ прогноз қилиш, мамлакатимизда иқтисодий барқарорликни таъминлашга,  тадбиркорликка  қулай  ишбилармонлик  муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.

 

[1]  Каримов И.А. Бош мақсадимиз – мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, олиб бораётган ислоҳотларни, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни изчил давом  эттириш,  хусусий  мулкчилик,  кичик  бизнес  ва  тадбиркорликка  янада кенг  йўл  очиб  бериш  ҳисобидан  олдинга  юришдир.–  Т.:  Халқ  сўзи  газетаси, 2016. 16 январь.

[2]  http://www.worldbank.org/  —  Doing  Business  2017  Equal  Opportunity  for All

[3] Мирзиёев Ш.М. “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик — ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” – Тошкент.: Халқ сўзи газетаси,  2017, 15 январ.

[4] Ўзбекистон  Республикаси  Президентининг  2017  йил  7  февралдаги “Ўзбекистон  Республикасини  янада  ривожлантириш  бўйича  ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармони

[5] Ўзбекистон  Республикаси  Президентининг  2017  йил  7  февралдаги “Ўзбекистон  Республикасини  янада  ривожлантириш  бўйича  ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармони .

[6] Абдуллаев Х., Жўраев А. Солиқларни прогноз қилиш. – Т.: ТМИ, 2005. 241-б.

[7] Насритдинов  Г.  Эконометрика.  Ўқув  қўлланма.  –  Т.:  «IQTISOD-MOLIYA», 2008. – 252 б.

[8] Компьютер дастури ёрдамида муаллиф томонидан ҳисобланди ва тузилди

[9] Компьютер дастури ёрдамида муаллиф томонидан ҳисобланди ва тузилди

[10] Компьютер дастури ёрдамида муаллиф томонидан ҳисобланди ва тузилди

[11] Насритдинов  Г.  Эконометрика.  Ўқув  қўлланма.  –  Т.:  «IQTISOD-MOLIYA», 2008. – 252 б.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *