ТАНЛАНМА КУЗАТИШНИ СТАТИСТИКА АМАЛИЁТИДА ҚЎЛЛАШ ЗАРУРИЯТИ

Исмоилов Ғайрат

Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлар маркази “Макроиқтисодий статистика ва миллий ҳисоблар” кафедраси доценти

Бозор иқтисодиётига ўтиш жараёни бошқа кўп сонли ҳамда чуқур оқибатларни келиб чиқишига сабаб бўлиши билан бир қаторда, режали иқтисодиёт шароитларида ташкил қилинган статистик ахборотларни шакллантириш амалиётини ҳам бозор муносабатлари талабларига мос келадиган тамойилларига ўтказиш заруриятини тақозо этади. Маълумки, режали иқтисодиёт шароитларида бошланғич статистик маълумотларни тўплаш учун ёппасига кузатиш ҳисоботларидан кенг фойдаланишни олдиндан белгилаб берган.

Бозор иқтисодиёти шароитларида турли мулкчилик асосида хўжалик юритувчи субъектларнинг мустақиллиги ортиши ишончли статистик маълумотларни тўплашда бир қатор қийинчиликлар пайдо қилади, хусусан, бошланғич маълумотлар эскириб қолмаслиги ҳамда самарали бошқарув қарорларини қабул қилишда муҳим амалий аҳамият касб этиши учун уни ўз вақтида олишга эҳтиёж кескин ортади. Бундай шароитларда бошланғич статистик маълумотларни тўплаш учун ёппасига кузатиш ҳисоботларидан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди, кўпчилик ҳолларда эса уни умуман амалга ошириб бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам бошланғич статистик маълумотларни тўплашда қисман кузатиш усулларидан фойдаланишга қизиқиш ортади.

Қисман кузатиш турларининг ичида танланма кузатиш энг кенг тарқалган бўлиб, уни қисман кузатишни бошқа турларидан принципиал афзаллиги шунда кўринадики, танланма кузатишнинг назарий асослари бевосита эҳтимоллар назариясини фундаментал теоремаларига таянади.

Маълумки, статистки маълумотларни тўплаш учун танланма кузатишдан статистика амалиётида фойдаланиш тўғрисидаги фикр анча илгари пайдо бўлган[1]. Агар танланма кузатиш тарихига қаралса, унда икки хил ривожланиш йўналишлари яққол кўзга ташланади. Бу йўналишлар танланма кузатиш олдида турган вазифалари бўйича ҳам, улар таянадиган тамойиллар бўйича ҳам бир-биридан кескин фарқланган. Бунда биринчи йўналиш танланма кузатиш назариясининг ривожланиш тарихига тегишли бўлса, иккинчиси эса асосан, статистик тадқиқотларда танланма кузатишни қўллаш амалиётига хос бўлган.

Танланма кузатиш назарияси танланма тўплам натижаларини баҳолаш учун ишончли усулларни яратиш йўналишида ривожланган. Хусусан танланма кузатиш назарияси олдида ўрганилаётган тўплам параметрларини танланма тўплам кўрсаткичлари бўйича баҳолаш пайтида пайдо бўладиган хатолик чегараларини аниқлаш масаласи турган.

Назариядан фарқли ўлароқ, танланма кузатиш амалиёти олдида ўрганиладиган тўпламнинг муҳим жиҳатларини мумкин қадар аниқроқ ва тўлароқ намоён қиладиган танланмани шаллантириш кўндаланг турган. Чунончи, танланма кузатиш амалиётининг асосий мақсади, репрезентатив танлаш усулларини ишлаб чиқаришдан иборат бўлган. Репрезентатив танланма тўпламни шакллантиришда, аваламбор уч хил масалани ечиш тақозо қилинади:

  • ўрганиладиган тўплам бирликларидан танланмага қайси бирликларни киритиш кекрак?
  • ўрганиладиган тўплам бирликларидан танланмага қанча бирликларни киритиш керак?
  • ўрганиладиган тўпламнинг ноъмалум параметрларини танланма кузатиш натижалари бўйича қандай баҳолаш керак?

Хусусан, биринчи масала репрезентатив танланма тўпламни ташкил этишда алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Бу масаланинг ечими буюк рус олими П.Л.Чебышевни “Ўртача миқдорлар ҳақида”ги асарида ўз ифодасини топган: яъни, танланма тўплам ҳажми етарлича катта бўлганда деярли бирга яқин эҳтимол билан таъкидлаш мумкин бўладики, танланма ва бош тўплам ўртачалари ўртасидаги фарқ холаганча кичик бўлиши мумкин[2]. Бундан кўринадики, Чебышев теоремаси танланма кузатишни статистика амалиётида қўллашнинг принципиал мумкинлигини кўрсатади. Албатта Чебышев теоремаси ўринли бўлиши учун репрезентатив танланма тўпламни шакллантиришда тасодифий танлаш усулидан фойдаланиш талаб қилинади. Тасодифий танлашни амалга ошириш учун бош тўпламнинг барча бирликларини танланмага кириш имконияти(эҳтимоли) бир хил бўлиши зарур ҳисобланади.

Демак хулоса қилиб айтганда, ёппасига кузатиш ҳисоботлари ўрнига танланма кузатиш ўтказилганда унинг бир қатор афзалликлари кўзга яққол ташланади:

  • биринчидан, маълумотларни тўплашда ҳамда унга ишлов беришда пул маблағлари, меҳнат ва вақт сарфлари тежалади;
  • иккинчидан, кузатиш объектини кенгроқ дастур асосида ўрганиш мумкин бўлади. Чунки бевосита текшириладиган тўплам ҳажмини қисқариши ҳисобига кузатиш дастурини янги муҳим белгилар билан бойитиш ҳамда ҳар бир бирлик тўғрисида тўла ва батафсилроқ маълумотларни тўплаш имконияти туғилади;
  • учинчидан, ишончли ва аниқ маълумотларни тўплашга эришилади. Хусусан кузатиш ўтказилганда йўл қўйиладиган қайд қилиш хатосининг пайдо бўлиш эҳтимоли кескин камаяди;
  • тўртинчидан, бош тўплам ҳажми етарлича катта бўлганда пул маблағлари ва меҳнат сарфларини етишмаслиги оқибатида, ёппасига кузатишни мақсадги мувофиқ бўлмай қолади, шунингдек, маҳсулотларнинг сифатини текширишда уларнинг сифати бузилса, фақат, танланма кузатишни ўтказиш имкониятигина қолади, холос.

[1] Морозова Б.И. Акты хозайства. М: Наука, 1940, с.100

[2] Чебышев П.Л. Полное собрание сочинений. М: Наука, 1946, с.431-437.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *