Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ошириш имкониятлари

Жўраев С. — Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси,Ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси бошқармаси, бош мутахассис

Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг устувор йўналиши унинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳисобланади. Харакатлар стратегиясининг беш устувор йўналишида тармоқлар ва соҳаларни қайта қуриш, модернизациялаштириш ва диверсификациялаштириш негизида миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш, 2018-2021 йилларда экспорт фаолиятини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Кўпгина экспертларнинг фикрича Ўзбекистон ўзининг экспорт салоҳиятини ошириш ва келажакда дунё ҳамжамиятида ўзига хос ўринга эга бўлиш имкониятига эга. Бу мамлакатда мавжуд табиий ва минерал хом-ашё ресурслари, бугунги кунгача шаклланган ишлаб чиқариш салоҳияти, туризмни тараққий эттириш имкониятлари ҳамда юқори малакага эга кадрлардир. Юқорида санаб ўтилган салоҳиятлардан ташқари, Ўзбекистоннинг аграр салоҳияти ҳам залворли ҳисобланади. Ўзбекистоннинг йирик халқаро лойиҳалардаги иштироки, хусусан, “Ипак йўли”ни тиклашга қаратилган “бир камар ва бир йўл” лойиҳаси, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ўз ўрнида республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш имкониятини беради.

Мустақиллик йилларида мамлакат экспортини кенгайтириш ва рағбатлантириш борасида тизимли чора-тадбирларни олиб бориш негизида бугунги кунга келиб дунё бозорида миллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишда сезиларли натижаларга эришилди. Хусусан, мамлакат экспорти ҳажми барқарор ошиб бормоқда, унинг маҳсулоти турлари ва географияси кенгаймоқда, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар (товар ва хизматлар) салмоғи ошмоқда.

2017 йилда Ўзбекистон экспорти 13953.8 млн. АҚШ долларини ташкил етди. Экспорт қилинган машина асбоб-ускуналар ҳажми 353.3 млн. АҚШ долларга тенг бўлиб, у 2016 йилга нисбатан 160.1 фоизга ошди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон экспортида кейингши йилларда қора ва рангли металлар салмоғи ошиб бориш тенденциясига эга. 2017 йилда 2016 йилга нисбатан қора ва рангли металлар экспорти 129.5 фоизга ошди. Шунингдек, кейинги йилларда экспортда хизматлар соҳасининг салмоғи ҳам кескин ошди. 2017 йилда мамлакат ялпи экспорти ҳажмида унинг улуши 6.6 фоизга етди ва у ўтган даврга нисбатан 112.3 фоизга ошди.

1-жадвал

Ўзбекистон Республикаси экспорти ҳажми ва ўсиш суръатлари

Манба: Ўзбекистон Республикаси статистика қўмитаси маълумотлари

Кейинги йилларда мамлакатда олиб борилган оқилона сиёсат негизида мева ва сабзавот экспорти ҳажми ҳам ортди. Хусусан, 2017 йилда мева ва сабзавот экспорти жорий йилга нисбатан чорак қисмга ошди. Мамлакатда кўп йиллар давомида пахта толасини етиштириш қишлоқ хўжалиги тизимида гегемонлигига аста секин барҳам берилмоқда. Буни пахта етиштироишга ажратилаётган ер майдони ва етиштирилган пайта хом-ашёси ҳажмидан ҳам кўришимиз мумкин.

Агар 1990 йилда барча экспорт маҳсулотларининг 60 фоизи пахта толаси улушига тўғри келган бўлса, 2017 йилда унинг салмоғи 3.4 фоизни ташкил этди (1-диаграмма)..

1-диаграмма. 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси экспорти таркиби.
Манба: Ўзбекистон Республикаси статистика қўмитаси маълумотлари

Бу мамлакат экспорти ҳажмида пахта толаси ўз ўрнини хизматлар соҳасига бўшатиб берганлигидан даракдир. Агар 2000 йилда хизматлар соҳасининг салмоғи 13.8 фоизга тенг бўлган бўлса, 2017 йилда у 25.1 фоизни ташкил этди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакат аграр соҳа экспорти йилдан йил ортгани билан у тўлиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини ўрнини боса олгани йўқ. Муайян қишлоқ хўжалиги импорти товарлари мамлакатимиз иқлими шароитида етиштириб бўлмайдиган маҳсулотлар эканлиги туфайли мамлакат ичкарисига аҳоли эҳтиёжини қондириш учун уларнинг киритилганлигини тушуниш мумкин. Аммо, ўзимизда етиштириш мумкин бўлган қишлоқ хўжалиги товарлари, хусусан, пишлоқ ёки сариёғ ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари импортининг катталиги, мана шу маҳсулотларни фермер ёки деҳқон хўжаликлари наҳотки ишлаб чиқариша олмайди деган фикр кишини ўйлантириб қўяди.

2-жадвал

Ўзбекистон Республикаси импорти ҳажми ва ўсиш суръатлари

Манба: Ўзбекистон Республикаси статистика қўмитаси маълумотлари

2017 йилда Ўзбекистон импорти 1272,7 млн. АҚШ долларини ташкил этди (2-жадвал). Кўриниб турибдики, бу аграр давлат ҳисобланган мамлакатимиз экспорти ҳажмига деярли тенгдир. Бироқ, айтиш керакки, Ўхзбекистон импортида озиқ –овқат маҳсулотлари ҳажми пасаймовда. У 2017 йилда аввалги даврга нисбатан 11.6 фоиз пунктига камайган.

Мамлакатимиз импортидаги ижобий жиҳат бу машина, асбоб-ускуналар салмоғининг ортаётганлигидир. Бу миллий иқтисодиёт тармоқларида қайта қуриш ва модернизация жараёни кечаётганлигидан даракдир. 2017 йилда машина, асбоб-ускуналарнинг Ўзбекистон импортидаги салмоғи 38.9 фоизни ташкил этди (2-диаграмма).

12-диаграмма. 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси импорти таркиби.
Манба: Ўзбекистон Республикаси статистика қўмитаси маълумотлари

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакат ичкарисига киритилган маҳсулот ва хизматлар импорти эртанги кунда янги импорт ўрнини босувчи ва экспорт маҳсулоти ишлаб чиқариш учун асос бўлади. Шундай экан Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо сиёсатини тўғри юритиш ва унинг негизида миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини таъмин этиш мамлакат ижтимиоий-иқтисодий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакат ташқи савдосига оид яна бир ижобий жиҳатлардан бири шундаки, унда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг экспортдаги салмоғининг ортганлигидир. 2017 йил якунлари бўйича кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши мамлакат ялпи экспортининг чорак қисмидан ортди.

Ташқи бозорда миллий брендни мустаҳкамлаш ва истиқболда хорижий ҳамкорлар кўламини ошириш учун “Узтадбиркорэкспорт” АЖ — “Узтрейд” ихтисослаштирилган ташқи савдо компаниясига алмаштирилди. Шунингдек, компаниянинг вазифалари кўлами ҳам кенгайтирилди. Хусусан, ташқи бозорда товар ва маҳсулот конъюнктурасини ўрганиш, тайёр маҳсулотлар таклифини жойлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, кичик бизнес вакилларига экспорт маҳсулоти учун сертификат олиб беришга кўмаклашиш, реклама тадбирларини уюштириш, миллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро ярмаркаларда қатнашишини таъмин этиш ва ҳоказо.

Мамлакат экспорт салоҳиятида қишлоқ хўжалиги тармоғининг салоҳиятининг юқорилигини инобатга олган ҳолда давлат бошқарувида бир қанча амалий чора-тадбирлар қабул қилинди.  Экспортчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш, мева-сабзовот маҳсулотлари экспорти салоҳиятини барқарор ривожлантириш ва самарадорлиги таъминлаш учун мазкур йилнинг январь ойида акциадорлик тижорат банки “Узагроэкспортбанк” шакллантирилди.

“Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт қилиниши ва рақобатдошлигини таъминлашни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”  2017 йилнинг 25 майида қабул қилинган ПФ-5057-сонли Президент фармони мазкур соҳада амалга оширилган ижобий ишлардан бири бўлди. Унга асосан хўжалик субъектлари 100 минг АҚШ долларидан ошмаган қийматдаги маҳсулотларни (мева-сабзавот, узум, полиз экинлари ва бир нечта турдаги хом-ашё ресурсларидан ташқари) ҳеч қандан бошлангич тўловисиз, аккредитивсиз, банк кафолатисиз, экспорт шартномасини сиёсий ва тижорий рисклардан суғурталаш варақасисиз экспорт қилишлари мумкин бўлди. Валюта маблағининг хўжалик субъекти ҳисоб варақасига тушуми маҳсулот жўнатилган вақтдан 90 кун ичида таъмин этилиши белгиланди.

Мамлакат Президентининг Фармонларига асосан миллий экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш  ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш нуқтаи назаридан тадбиркорлик субъектларига мева-сабзавот, узум ва полиз экинларини шартнома асосида 100 фоизлик аввалдан тўловни амалга ошириш негизида экспорт қилишга руҳсат берилди. Шунингдек, агар экспорт қилувчи корхона ўз маҳсулотини хорижга олиб чиқиб кетаётган бўлса, унда унга имтиёз ва преференциялар берилади.

Мухтасар қилиб, айтадиган бўлсак, миллий экспортёрларга, хусусан, деҳқон ва фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга сотиш ва юқори даромад олишда кенг имкониятлар очилган.  Фақат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт талабларига мос ҳолда етиштириш, қадоқлаш ва уларни қайта ишлаш яқин келажакдаги устувор вазифадир.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *