Ўзбекистонда инновацион ривожланишнинг ҳуқуқий асослари

Расулов Гулям Сатторович, ф.м.ф.н., ЎзР ДСҚ КҚТ ва СТМ доценти

Аннотация

Мақолада Ўзбекистонда Миллий инновация тизимини яратиш долзарблиги хусусида сўз юритилган. Миллий инновация тизимини яратиш ва иқтисодиётимизда инновация фаолиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари кўриб чиқилган.

В этой статье рассматривается актуальность развития Национальной инновационной системы Республики Узбекистан. Рассмотрены вопросы создания национальной инновационной системы и правовой основы развития инновационной деятельности в нашей экономике.

In this article, the relevance of the development of the National Innovation System of the Republic of Uzbekistan is considered. The issues of creating a national innovation system and a legal basis for the development of innovative activity in our economy are considered.

 

Ҳар қандай мамлакатнинг жадал ижтимоий – иқтисодий ривожланиши асосини инновациялар ташкил этиши ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун барча давлатлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида инновацион ривожланишни жорий этиши, янги ғоя ва тарақиётнинг ноанъанавий усулларини қўллаши табиий ҳолдир.

Шундай экан, инновацион ривожланишга хос тараққиёт йўллари ҳамда илғор иш услубларини тадқиқ этиш, уни Ўзбекистон шароитида қўллаш масалалари ва бунинг учун мамлакатда яратилган меъёрий-ҳуқуқий асоснинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг бугунги даврига мос келишини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Дастлаб, инновация атамасининг моҳиятини тадқиқ этсак. Маълумки, “Инновация” тушунчаси биринчи бўлиб XIX-асрнинг илмий тадқиқотларида пайдо бўлиб, лотинча “novatio” сўзидан олинган бўлиб, “янгиланиш” (ёки “ўзгариш”), “in” қўшимчаси эса лотинчадан “йўналишида” деб таржима қилинади, агар буни яхлит “Innovatio” кўринишида таржима қилсак – “ўзгаришлар йўналишида” деб изоҳланади.

Инновациялар турли кўринишга эга. Қуйидагилар инновацияларнинг асосий кўринишлари саналади:

  • янги ғоялар;
  • тизим ёки фаолият йўналишини ўзгатиришга қаратилган аниқ мақсадлар;
  • ноанъанавий ёндашувлар;
  • одатий бўлмаган ташаббуслар;
  • илғор иш услублари.

Инновацияга ҳар қандай турдаги янгилик сифатида эмас, балки мавжуд тизимнинг самарадорлигини жиддий равишда оширадиган омил сифатида қарашимиз лозим. Кенг тарқалган янглиш фикрлашларга қарамасдан инновациялар кашфиётлардан фарқ қилади.

Инновацияларнинг илмий кашфиётлар ва ихтиролардан фарқи:

Илм-фан – бу маълум маблағларни билимлар ва ғояларга айлантириш.

Инновациялар – бу билимлар ва ғояларни маблағларга айлантиришдир.

Ихтиро – бу янги концепцияни яратиш демак.
Инновация – бу ихтиронинг амалий аҳамиятини ажратиб кўрсатиш ва уни муваффақиятли сотиладиган маҳсулотга айлантириш.

Инновация[1] – бу бозор талабидан келиб чиққан ҳолда жараёнлар ва маҳсулотларнинг сифатли ўсиш самарадорлигини таъминлаш учун жорий этилган янгиликдир. Инсон интеллектуал фаолияти, унинг фантазияси, ижодий жараёни, кашфиётлари, ихтиролари ва рационализаторлигининг якуний натижаси ҳисобланади.

Янги истеъмолчилик хусусиятлари ёки ишлаб чиқариш тизимларининг самарадорлигини сифатли ошириш орқали бозорга маҳсулот (товарлар ва хизматлар)ни етказиб бериш – инновацияга мисол бўла олади.

Инновация – фойдаланиш учун киритилган янги ёки сезиларли даражада яхшиланган маҳсулот (товар, хизмат) ёки жараён, сотувларнинг янгича услуби ёки иш амалиётидаги, иш ўринларини ташкил этишдаги ва ташқи алоқаларни ўрнатишдаги янги ташкилий услуб ҳисобланади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Фанлар академияси янгиланиш йўлини босиб ўтди, қатор ютуқларга эришди ва халқаро эътирофга сазовор бўлди. Фанлар академияси муассасаларининг жаҳондаги йирик илмий марказлар билан тўғридан-тўғри илмий алоқалари тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида сезиларли равишда кенгайиб бормоқда. Хитой, Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Франция ва Германиядаги илмий марказлар ва институтлар билан ҳамкорлик самарали ривожланмақда.

Ҳозирги кунда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган кўплаб  меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши туфайли илм-фан ва инновация фаолияти соҳасидаги асосий йўналишлар ривожланиш йўлига тушиб олди. Илмий-техник салоҳият мустаҳкамлангани, илмий тадқиқотлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг йирик муаммоларини ҳал этишга йўналтирилгани, мамлакатимизда инновация фаолиятини фаоллаштириш, белгиланган вазифаларни ҳал этиш учун катта миқдорда валюта маблағлари ажратилаётгани шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, тижорат банклари раҳбарлари, Фанлар академияси аъзолари, етакчи олий ўқув юртлари ректорлари иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Мамлакатимизда юқори салоҳиятга эга, жаҳон миқёсида эътироф этилган олимлар кўп. Улар ўз мактабларини яратиши, шогирдлар тарбиялаши лозим. Ёш авлодни салоҳиятли кадрлар этиб тарбиялашдаги биринчи босқич – мактаб таълимини тубдан такомиллаштириш, илмий кадрлар ва юксак малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш зарур. Бу йўлда ҳеч нарсани аямаймиз”, деб таъкидлади.

Жаҳоннинг етакчи институтлари, университетлари, илмий марказлари ва Фанлар академиялари билан илмий ҳамкорликни янада ривожлантиришни замоннинг ўзи талаб қилмоқда, деди Президентимиз. Хорижнинг етакчи ўқув ва илмий муассасаларида таълим ва илмий даража олган юртдошларимиз учун мамлакатимизда қулай шарт-шароитлар яратиб бериш, уларни рағбатлантириш чораларини кўриш керак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ-5185-сон «Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонлари мамлакатимизда интеллектуал ва технологик салоҳиятни оширишнинг узоқ муддатли сценарийларида асосий йўналиш – инновацияларни ривожлантириш, корхоналарда инновацион фаолият билан фаол шуғулланишни рағбатлантириш кўрсатиб ўтилган. Бу иқтисодиётнинг устувор соҳа ва тармоқларини инновацион ривожлантиришнинг янги моделларини шакллантириш имконини берадиган стратегик миллий инновация тизимини яратиш билан боғлиқ.

Миллий инновация тизими илм-фан, саноат ва жамият ўртасида иқтисодиётни ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади, инновацион тараққиёт эҳтиёжлари эса илмий фаолият равнақини белгилаб беради ва рағбатлантиради.

Давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев томонидан 2018 йилга юртимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланди. Мамлакатимиз раҳбари  бўлажак йилга аниқ ва гўзал таъриф берди: Фаол тадбиркорлик бизнес фаолиятини инновацион, яъни замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этадиган иқтисодий йўналишдир.

Фаол тадбиркорлик бизнес фаолиятини инновацион, яъни, замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этадиган иқтисодий йўналишдир. Фаол тадбиркор, деганда, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонлар тушунилади.

Бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади. 

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади.

Давлатимиз раҳбарининг академиклар ва илм-фан зиёлилари билан 2016 йил декабрь ойида ўтказган учрашуви, жорий йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, шунингдек, мактабгача, мактаб, ўрта махсус ва олий таълим, академик илмни ривожлантиришга доир қабул қилинган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар соҳа ривожида янги даврни бошлаб берди.

Бугунги кунда ҳам Ўзбекистон Фанлар академиясининг олимлари буюк аждодлари анъаналарини муносиб давом эттириб, мустақил Ватанимизнинг илмий-иқтисодий, илмий-техник, маданий, маънавий-маърифий тараққиёти йўлида кенг кўламли илмий изланишлар олиб бормоқда.

Ўзбекистонда давлат илмий-техника дастурларининг ижрочи ташкилотлари ҳисобланган 93 илмий-таълим, 73 олий таълим, 63 конструкторлик, жами 230 га яқин илмий-таълим муассасаси мавжуд. Уларда 11 мингдан ортиқ фан докторлари, илмий ва бошқа ходимлар фан тараққиёти йўлида хизмат қилади. Жорий йил давлат илмий-техника дастурлари доирасида 400 дан зиёд фундаментал, мингга яқин амалий, 370 инновацион илмий-тадқиқот лойиҳаси бажарилмоқда. Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида 1 минг 400 дан зиёд докторантлар илмий иш билан машғул. 2017 йилда Фанлар академиясининг илмий ҳажмдор маҳсулотлар экспорти ҳажми 3 миллион 200 мингдан кўпроқ АҚШ долларини ташкил этди[2].

Ўзбекистонда таълим соҳасига давлат харажатлари  охирги йилларда  ЯИМнинг 10 фоизидан ортиқни ташкил этмоқда. БМТ маълумотларига кўра, мамлакатимизда таълимга йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда. Республикамизда илмий, илмий-техник ва инновацион потенциални яратиш ва тараққий эттириш соҳасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Фан тизимини бошқаришни такомиллаштириш, илмий-инновацион фаолиятнинг қонуний ва норматив ҳуқуқий асосини кенгайтириш, академик ва олий таълим тадқиқотларини такомиллаштириш чоралари амалга оширилмоқда, ишлаб чиқаришнинг инновацион характерини ошириш, ахборот ва инновацион инфратузилмаларини яхшилаш, янги илмталаб корхоналарни яратиш, янги юқори технологияларни жорий этиш ишлари анча фаоллашмоқда.

Илмий тадқиқотлар Ўзбекистон Фанлар Академиясининг  илмий тадқиқот институтларида, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг  олий таълим муассасаларида, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг илмий ташкилотларида, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг илмий ва ўқув институтларида, илмий ва инновацион марказларида ва бошқа лойиҳа ва тажриба-конструкторлик ташкилотларида олиб борилмоқда.

Илмий фаолиятни рағбатлантириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимларининг моддий манфаатдорлигини тубдан ошириш, шу жумладан, лавозимлар, илмий унвон ва даражалар ўртасидаги табақалашувни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3655-сон ли “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб 81 та олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва 136 та илмий-тадқиқот институтлари илмий ходимлари таркибининг барча базавий лавозим маошлари миқдорлари сезиларли оширилишини назарда тутади: ҳаммаси бўлиб 38 мингдан ортиқ олий таълим муассасалари (28,1 минг одам) ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари (8,0 минг одам), шунингдек 1,9 минг докторантлар.

Қабул қилинган қарор республиканинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш йўли орқали таълим сифатини ва илмий фаолиятни ошириш масалаларини ҳал этиш, олий таълим муассасалари ва академик илм-фанини янада ривожлантириш, илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, истеъдодли ёш олимлар ва талабаларни илмий фаолият билан шуғулланишга жалб қилишга ёрдам беради.

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йиллардаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни ҳаракатлар стратегияси.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Илғор технологиялар марказини ташкил қилиш тўғрисида” ги 104.2018 й. ПҚ-3674 Қарори
  3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни амалий жорий қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги  04.2018 й. ПҚ-3682  Қарори
  4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3655-сон ли Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида қарори

Фойдаланилган интернет сайтлар

  1. mf.uz           3. www.lex.uz
  2. norma.uz     4. www.norma.uz

[1] http://terabayt.uz/post/innovatsiya-tushunchasi-haqida

[2] http://www.uza.uz/oz/laws/zbekiston-respublikasining-yangi-onunlari/zbekiston-ilm-fani-tamaddunida-yangi-islo-otlar-davri-09-11-2017/

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *