Илм-фан тараққиёти мамлакат аҳолиси фаронвонлигини оширишнинг муҳим йўналишидир

ф.м.ф.н. Расулов Г.С. — Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари

Илм-фан билан шуғулланиш,  янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдекгап. Шундай экан, бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимларимизни меҳнати тахсин  ва рағбатга муносиб. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти

Илм-фан мамлакат тараққиёти ва фаровонлигининг асосидир. Айниқса, барча соҳада янгиликларга интилиш ҳамда рақобат кучайиб бораётган бугунги давр иқтисодий салоҳиятни мустаҳкамлаб бориш учун илғор илмий ишланмалар ва техникавий ютуқлардан самарали фойдаланишни талаб этмоқда.

Бугунги кунда шиддат билан ўзгараётган замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилмоқда. Жамият олдида турган долзарб масалаларни ечишда фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, таълим тизимини ривожлантириш, инновацион иқтисодиёт тараққиётига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири мазкур соҳани ва олимларни қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Илм-фан – ҳар қандай давлатнинг бугунги куни ва келажагини белгилайдиган муҳим соҳадир. Ўзбекистон замини жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиёти йўналишини маълум даражада белгилаб берган улуғ алломалари, буюк мутафаккирлари билан шуҳрат қозонган.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек: “Ҳаммамизга теран бир ҳақиқат аён бўлиши керак – биз юртимизнинг эртанги ривожи йўлида қандай чуқур ўйланган дастурларни тузмайлик, бу режаларни бажариш учун қандай моддий база ва имкониятларни яратмайлик, бунинг учун қандай кўп сармоя сафарбар этмайлик, уларнинг барчасини амалга оширадиган, рўёбга чиқарадиган қудратли бир омил борки, у ҳам бўлса, юқори малакали ишчи кучи ва юртимизнинг эртанги куни, тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган етук мутахассис ёшларимиз, десак, ўйлайманки, ҳеч хато бўлмайди”[1].

Мустақил давлатимизнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш илғор илмий ишланмалар ва илмий-техникавий тараққиётнинг ютуқларини самарали жорий этиш билан бевосита боғлиқ. Ишлаб чиқаришга инновацион ишланма ва технологияларни кенг жорий этиш Ўзбекистонимизни ҳар томонлама ривожланган давлатга айлантириш имконини берди. Бу эса, ўз навбатида, илмий-техникавий соҳада янги тарихий воқеликларга жавоб берадиган давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва изчил амалга ошириш заруратини тақозо этарди.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И. Каримовнинг 2006 йил 7 августда қабул қилинган «Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мамлакатимизнинг илм-фан ва инновациялар соҳасидаги сиёсатини белгилаб берадиган асосий ҳужжатлардан бири бўлди.

Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон илм-фанини бошқариш ва молиялаштиришни давлат томонидан тартибга солиш, унинг саъй-ҳаракатларини мамлакатимиз учун устувор бўлган соҳаларга йўналтириш, илмий тадқиқотларни давлат илмий-техник дастурлари ва инновацион лойиҳалар бўйича танлов йўли билан грант орқали молиялаштиришга ўтказиш соҳасидаги ислоҳотлар давом эттирилмоқда. Инновацион ишланмаларни давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш ҳажми бир неча баробар оширилди.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича 2017 – 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши касбий ва ахлоқий маданияти уйғун ривожланган мутахассисларни тайёрлаш орқали халқнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлашга эришиш, халқ билан ҳокимият, фуқаро билан мансабдор шахс ўртасидаги ахлоқий муносабатни маданий жиҳатдан юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани тасдиқлайди.

Мамлакатимизда ҳар томонлама камол топган, юксак касб-ҳунар маданиятига, ижодий, ижтимоий фаолликка эга бўлган, жамият, давлат, оила олдида ўз жавобгарлигини ҳис этадиган шахсларни тарбиялаш масаласига амалга ошириладиган ислоҳотларнинг асосий мақсади сифатида қаралмоқда.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Фанлар академияси янгиланиш йўлини босиб ўтди, қатор ютуқларга эришди ва халқаро эътирофга сазовор бўлди. Фанлар академияси муассасаларининг жаҳондаги йирик илмий марказлар билан тўғридан-тўғри илмий алоқалари тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида сезиларли равишда кенгайиб бормоқда. Хитой, Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Франция ва Германиядаги илмий марказлар ва институтлар билан ҳамкорлик самарали ривожланмоқда.

Ҳозирги кунда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган кўплаб  меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши туфайли илм-фан ва инновация фаолияти соҳасидаги асосий йўналишлар ривожланиш йўлига тушиб олди. Илмий-техник салоҳият мустаҳкамлангани, илмий тадқиқотлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг йирик муаммоларини ҳал этишга йўналтирилгани, мамлакатимизда инновация фаолиятини фаоллаштириш, белгиланган вазифаларни ҳал этиш учун катта миқдорда валюта маблағлари ажратилаётгани шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, тижорат банклари раҳбарлари, Фанлар академияси аъзолари, етакчи олий ўқув юртлари ректорлари иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Мамлакатимизда юқори салоҳиятга эга, жаҳон миқёсида эътироф этилган олимлар кўп. Улар ўз мактабларини яратиши, шогирдлар тарбиялаши лозим. Ёш авлодни салоҳиятли кадрлар этиб тарбиялашдаги биринчи босқич – мактаб таълимини тубдан такомиллаштириш, илмий кадрлар ва юксак малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш зарур. Бу йўлда ҳеч нарсани аямаймиз” — деб таъкидлади.

Жаҳоннинг етакчи институтлари, университетлари, илмий марказлари ва Фанлар академиялари билан илмий ҳамкорликни янада ривожлантиришни замоннинг ўзи талаб қилмоқда, деди Президентимиз. Хорижнинг етакчи ўқув ва илмий муассасаларида таълим ва илмий даража олган юртдошларимиз учун мамлакатимизда қулай шарт-шароитлар яратиб бериш, уларни рағбатлантириш чораларини кўриш керак.

Мамлакатимиз илм-фани олдига қўйилган бундай муҳим вазифаларнинг амалга оширилиши илмий тадқиқотлар етакчи маркази ва инновацион ғоялар ижодкори сифатида Фанлар академияси фаолиятини тубдан ислоҳ этишни кўзда тутарди. Бу борада академик илм-фанни янги ижтимоий-иқтисодий шароитларга мослаштириш, иқтисодиётимиз эҳтиёжларига мос ва жаҳон бозорида муносиб рақобатлаша оладиган илмталаб маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун бошланғич шарт-шароитлар яратиш, инновацион фикрлаш қобилиятига эга янги авлод илмий кадрларни тайёрлашни тақозо этарди.

Таълим тизимида ёки ўқув фаолиятида инновацияларни қўллашда сарфланган маблағ ва кучдан имкон қадар энг юқори натижани олиш мақсади кўзланади. Инновацияларнинг ҳар қандай янгиликдан фарқи шундаки, у бошқариш ва назорат қилишга имкон берадиган ўзгарувчан механизмга эга бўлиши зарур

Ўзбекистонда илм-фан кўп асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Ўзбек заминидан Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби ва жаҳон илм-фани хазинасига улкан ҳисса қўшган бошқа кўплаб буюк олимлар, мутафаккирлар етишиб чиққан. Мамлакатимиз олимларининг бугунги авлоди жаҳон илм-фанининг буюк ижодкорлари, шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академиясининг ташкил топиши ва ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган кўплаб вакиллари номини мамнуният билан эсга олади. Бугун Ўзбекистон олимлари мамлакатимиз илм-фанини янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги, 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ-5185-сон «Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонлари, 2017 йил 2 февралдаги ПҚ-2752-сон «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 октябрдаги 855-сон «Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органлари ҳайъатларининг       фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорлари давлат ва жамиятни модернизация қилишнинг муҳим мақсадларини белгилаб берди.

Президентимиз Ш.М. Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинган. Ҳаракатлар стратегияси долзарб ҳамда аҳоли ва тадбиркорларни ташвишга солаётган масалаларни комплекс ўрганиш, қонунчилик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиёти ва хорижий тажрибани таҳлил қилиш якунлари бўйича ишлаб чиқилди.

Мазкур стратегиянинг тўртинчи банди “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” деб номланган.

Хусусан, таълим ва фан соҳасини ривожлантириш бўйича йўналишида қуйидаги долзарб масалалар белгилаб қўйилди:

  • узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш йўлини давом эттириш, сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мувофиқ, юқори малакали кадрлар тайёрлаш;
  • таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, уларни замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси ва ўқув-методик қўлланмалар билан жиҳозлаш бўйича ишларни амалга ошириш орқали уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш юзасидан аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбирларни кўриш;
  • мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун ушбу муассасаларидаги шарт-шароитларни тубдан яхшилаш, болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олинишини жиддий ошириш ва унинг қулайлигини таъминлаш, педагог ва мутахассисларнинг малака даражасини юксалтириш;
  • умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, чет тиллар, информатика ҳамда математика, физика, кимё, биология каби бошқа муҳим ва талаб юқори бўлган фанларни чуқурлаштирилган тарзда ўрганиш;
  • болаларни спорт билан оммавий тарзда шуғулланишга, уларни мусиқа ҳамда санъатга жалб қилиш мақсадида янги болалар спорти объектларини, болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш;
  • касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини бозор иқтисодиёти ва иш берувчиларнинг эҳтиёжларига жавоб берадиган мутахассисликлар бўйича тайёрлаш ҳамда ишга жойлаштириш борасидаги ишларни такомиллаштириш;
  • таълим ва ўқитиш сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий этиш асосида олий таълим муассасалари фаолиятининг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, олий таълим муассасаларига қабул квоталарини босқичма-босқич кўпайтириш;
  • илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш.

Бугунги кунда олий таълим тизимида устувор вазифалардан бири сифатида халқ хўжалигининг турли соҳалари учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари, инновацион технологияларга таяниш зарурлиги алоҳида эътироф этилмоқда. Бу йўлда салмоқли ютуқларга ҳам эришилди. Хусусан, бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура мутахассисликлари, раҳбар ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш курсларининг малака талаблари, ўқув режалари, дастурлари мазмунини модернизациялаш ва такомиллаштириш, ўқув амалиётига илғор хорижий тажрибалар замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш, электрон ўқув модуллари, ўқув-услубий мажмуалар, мультимедия ишланмаларини яратиш, масофали ўқитиш шаклларини жорий этиш орқали таълим сифатини такомиллаштириш асосида малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис, бугунги кун олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиси нафақат яхши мутахассис сифатида, балки ахборот-коммуникация технологиялари, инновацион таълим технологиялари ҳамда соҳага оид илғор тажрибаларни ўзлаштирган ва касбий фаолиятида кенг фойдалана оладиган ижодкор мутахассис бўлишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Президентнинг 2018 йил 12 майдаги  йилдаги «Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши ниятларимизни амалга оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Оилада, мактабда, коллежда, ўқув муассасасаларида китобхонлик муҳити мавжуд бўлса, фарзандлар ўқимишли, юртимиз келажаги эса янада буюк бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг академиклар ва илм-фан зиёлилари билан 2016 йил декабрь ойида ўтказган учрашуви, жорий йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, шунингдек, мактабгача, мактаб, ўрта махсус ва олий таълим, академик илмни ривожлантиришга доир қабул қилинган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар соҳа ривожида янги даврни бошлаб берди.

Бугунги кунда ҳам Ўзбекистон Фанлар академиясининг олимлари буюк аждодлари анъаналарини муносиб давом эттириб, мустақил Ватанимизнинг илмий-иқтисодий, илмий-техник, маданий, маънавий-маърифий тараққиёти йўлида кенг кўламли илмий изланишлар олиб бормоқда.

Ўзбекистонда давлат илмий-техника дастурларининг ижрочи ташкилотлари ҳисобланган 93 илмий-таълим, 73 олий таълим, 63 конструкторлик, жами 230 га яқин илмий-таълим муассасаси мавжуд. Уларда 11 мингдан ортиқ фан докторлари, илмий ва бошқа ходимлар фан тараққиёти йўлида хизмат қилади. Жорий йил давлат илмий-техника дастурлари доирасида 400 дан зиёд фундаментал, мингга яқин амалий, 370 инновацион илмий-тадқиқот лойиҳаси бажарилмоқда. Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида 1 минг 400 дан зиёд докторантлар илмий иш билан машғул. 2017 йилда Фанлар академиясининг илмий ҳажмдор маҳсулотлар экспорти ҳажми 3 миллион 200 мингдан кўпроқ АҚШ долларини ташкил этди[2].

Ўзбекистонда таълим соҳасига давлат харажатлари  охирги йилларда  ЯИМнинг 10 фоизидан ортиқни ташкил этмоқда. БМТ маълумотларига кўра, мамлакатимизда таълимга йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда. Республикамизда илмий, илмий-техник ва инновацион потенциални яратиш ва тараққий эттириш соҳасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Фан тизимини бошқаришни такомиллаштириш, илмий-инновацион фаолиятнинг қонуний ва норматив ҳуқуқий асосини кенгайтириш, академик ва олий таълим тадқиқотларини такомиллаштириш чоралари амалга оширилмоқда, ишлаб чиқаришнинг инновацион характерини ошириш, ахборот ва инновацион инфратузилмаларини яхшилаш, янги илмталаб корхоналарни яратиш, янги юқори технологияларни жорий этиш ишлари анча фаоллашмоқда.

Илмий тадқиқотлар Ўзбекистон Фанлар Академиясининг  илмий тадқиқот институтларида, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг  олий таълим муассасаларида, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг илмий ташкилотларида, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг илмий ва ўқув институтларида, илмий ва инновацион марказларида ва бошқа лойиҳа ва тажриба-конструкторлик ташкилотларида олиб борилмоқда.

Илмий фаолиятни рағбатлантириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимларининг моддий манфаатдорлигини тубдан ошириш, шу жумладан, лавозимлар, илмий унвон ва даражалар ўртасидаги табақалашувни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3655-сон ли “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб 81 та олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва 136 та илмий-тадқиқот институтлари илмий ходимлари таркибининг барча базавий лавозим маошлари миқдорлари сезиларли оширилишини назарда тутади: ҳаммаси бўлиб 38 мингдан ортиқ олий таълим муассасалари (28,1 минг одам) ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари (8,0 минг одам), шунингдек 1,9 минг докторантлар.

Қабул қилинган қарор республиканинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш йўли орқали таълим сифатини ва илмий фаолиятни ошириш масалаларини ҳал этиш, олий таълим муассасалари ва академик илм-фанини янада ривожлантириш, илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, истеъдодли ёш олимлар ва талабаларни илмий фаолият билан шуғулланишга жалб қилишга ёрдам беради.

Юрт тараққиётини билимли, доно, ҳар томонлама етук ўғил-қизлар белгилаб беради. Бу ўз-ўзидан мамлакатнинг таълим тизимини замонга мос тарзда янгилашни, ўқитиш сифатини оширишни тақозо этади. Бугун таълим жараёнида қатор муҳим ўзгаришлар рўй бермоқда.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ҳамда “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Мазкур қарорлар таълим тизимини мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Давлат таълим стандартлари янгиланиб, ўқув-дастурлари такомиллаштирилади, ўқитиш сифати ошади.

Давлат дастуриларида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини амалда юксалтириш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим дастури бўлиб хизмат қилади

 

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йиллардаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни ҳаракатлар стратегияси.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5313  Фармони, 25.01.2018 й.

Фойдаланилган интернет сайтлар

  1. mf.uz
  2. norma.uz
  3. lex.uz
  4. norma.uz/

[1] Ўзбекистон Конституцияси – биз учун демократик тараққиёт йўлида ва фуқаролик жамиятини барпо этишда мустаҳкам пойдевордир. – Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 17 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси // Халқ сўзи, 2009 йил 6 декабрь.

[2] http://www.uza.uz/oz/laws/zbekiston-respublikasining-yangi-onunlari/zbekiston-ilm-fani-tamaddunida-yangi-islo-otlar-davri-09-11-2017/

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *