Якуний истеъмол усулида ҳисобланган ялпи ички маҳсулот ва унинг таркибий тузилиши

А.Мамиров – ЎзР Давлат статистика қўмитаси Макроиқтисодий индикаторлар ва миллий ҳисоблар бошқармаси бошлиғи

А.Мамаджанов –  Макроиқтисодий индикаторлар ва миллий ҳисоблар бошқармасининг

Жамғарма ва ёрдамчи ҳисоблар бўлими бошлиғи

Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) иқтисодчилар томонидан тизимли равишда кузатиб бориладиган, иқтисодиёт ривожланишини ифодаловчи муҳим кўрсаткичлардан биридир. Чунки ЯИМ бутун иқтисодиёт фаолиятининг якуний натижасини ифодалайди ва шунинг учун у макроиқтисодий тартибга солишнинг биринчи навбатдаги объекти ҳисобланади. Давлат томонидан тартибга солинадиган барча чора-табирлар охир-оқибатда ЯИМ нинг талаб даражасидаги қийматини таъминлашга йўналтирилади.

БМТ томонидан ишлаб чиқилган ва кўплаб мамлакатларда қабул қилинган миллий миллий бугалтерия қоидалари иқтисодий фаолиятнинг макроиқтисодий ва микро даражасида бир хил иқтисодий ва статистик кўрсаткичларнинг ягона тизимидан фойдаланишни назарда тутади. Бу ҳолат уларни турли даражаларда (корхона, корпорация, ҳудудлар ва миллий иқтисодиёт) ўзаро боғлиқ ҳолда қўллаш ҳамда ягона услубий мазмун ва шаклга эга бўлишини ифодалайди.

Якуний истеъмол усулида ҳисобланган ЯИМ иқтисодиётнинг барча секторлари томонидан якуний истеъмолга, ялпи жамғарилишга ва соф экспортга қилинган харажатлар йиғиндисидан иборат. У иқтисодий ривожланиш даражаси ва ўсиш суръатларини, ресурслардан фойдаланиш соҳалари ва йўналишларини, аҳоли турмуш даражаси ва даромадларини, меҳнат унумдорлиги ва бошқа кўрсаткичларни аниқлаш учун қўлланилади.

Якуний истеъмол бу одамларнинг якка тартибдаги ва коллектив эҳтиёжларини қондиришда бевосита фойдаланиладиган товар ва хизматлар қийматини ўзида акс эттиради.

Якуний истеъмолни тўғри ифодалаш учун якуний маҳсулот тушунчасига тариф бериш зарур. Якуний маҳсулот – бу истеъмолчилар томонидан қайта сотиш ёки қайта ишлаш учун эмас, балки якуний фойдаланиш учун сотиб олинган товар ва хизматлар ҳисобланади. Оралиқ маҳсулот – бу келажакда қайта ишлаш учун ёки қайта сотиш учун сотиб олинган товар ва хизматлар ҳисобланади.

Кўп маҳсулотлар бозорга киришдан олдин бир неча ишлаб чиқариш босқичларидан ўтади. Натижада, кўпгина маҳсулотларнинг алоҳида қисмлари бир неча марта сотиб олинади ва сотилади. Бу ҳолатда, маҳсулотларнинг кўп марта ҳисобга олинишидан қочиш мақсадида якуний маҳсулотлларнинг бозор нархларидаги қийматини, якуний истеъмолини ҳисоблаш мақсадга мувофиқ.

Якуний истеъмол усулида ҳисобланган ЯИМ қуйидагилардан ташкил топади:

Якуний истеъмол харажатлари;

  • уй хўжаликларининг товар ва хизматлар истеъмоли харажатлари;
  • давлат бошқаруви органларининг харажатлари;
  • уй хўжаликларига хизмат кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотларининг харажатлари;

Ялпи жамғариш;

  • асосий капиталнинг ялпи жамғарилиши;
  • моддий айланма воситалари захираларининг ўзгари;

Экспорт – импорт сальдоси;

  • товар ва хизматлар экспорти;
  • товар ва хизматлар импорти.

Якуний истеъмол усулида ЯИМ нинг асосий таркибий қисми бўлган, уй хўжаликларининг якуний истеъмоли қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • истеъмол товарларини сотиб олишга қилинган харажатлар;
  • пуллик хизматларни сотиб олишга қилинган харажатлар;
  • натура шаклида келиб тушган товарлар ва хизматлар қиймати;
  • ўз якуний истеъмоли учун ишлаб чиқарилган товарлар ва хизматлар истеъмоли.

Шунингдек, давлат бошқаруви органларининг якуний истеъмолга қилган харажатлари икки асосий гуруҳга бўлинади:

  • якка тартибдаги товарлар ва хизматларга кетган харажатлар;
  • коллектив хизматларга кетган харажатлар.

Якка тартибдаги товарлар ва хизматларга қилинган харажатлар якка тартибдаги истеъмол учун мўлжалланган ва давлат бюджети, бюджетдан ташқари фондлар томонидан молиялаштириладиган давлат муассасаларининг истеъмол товарлари ва хизматларига (соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий таъминот, маданият ва спорт муассасалари томонидан кўрсатиладиган нобозор хизматлар) қилган харажатларидан ташкил топади.

Коллектив эҳтиёжларни қондирувчи давлат муассасаларининг якуний истеъмолга қилган харажатлари корхона ва ташкилотлар томонидан кўрсатилувчи, давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилувчи хизматларни ўз ичига олади. Бу хизматлар фақат алоҳида уй хўжаликларининг эҳтиёжларини эмас, балки бутун жамият ёки аҳолининг айрим гуруҳлари эҳтиёжларини ҳам қондиради.

Якуний истеъмол усулида ЯИМ нинг яна бир таркибий қисми бўлган, уй хўжаликларига хизмат кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотларининг якуний истеъмолга қилган харажатлари уй хўжаликларига бепул тақдим этилган истеъмол товарлари ва хизматларига қилинган харажатлардан иборат. Шунингдек, бу харажатларга ўз ишчиларига бепул хизматлар кўрсатиш учун корхона ва ташкилотлар томонидан молиялаштириладиган таълим, соғлиқни сақлаш, маданият муассасалари харажатлари ҳам киради.

Шу билан бирга, ЯИМ нинг яна бир муҳим таркибий қисми ялпи жамғарилиш бу ялпи ихтиёрдаги даромаднинг якуний истеъмол учун сарфланмаган қисми ҳисобланади. Ялпи жамғарилиш асосий капиталнинг ялпи жамғарилишини ва моддий айланма воситалар захираларининг ўзгаришини ўз ичига олади. Асосий капиталнинг ялпи жамғарилиши резидентлар томонидан асосий капитал объектларига, келажакда улардан фойдаланиб, даромад олиш мақсадида киритилган маблағларни ўзида намоён этади.

   Шунингдек, моддий айланма воситалар захирасининг ўзгариши ҳам ишлаб чиқариш захиралари, тугалланмаган ишлаб чикариш, тайёр маҳсулот ва қайта сотиш учун товарларнинг ўзгариши сифатида ЯИМ да ўз аксини топади. Моддий айланма воситалар захирасининг ўзгариши корхона ва ташкилотларнинг молиявий ҳолатини давлат статистик кузатувлари маълумотлари асосида захиралар қийматининг ҳисобот даври боши ва охиридаги тафовути орқали ҳисобланади. Моддий айланма воситалар захирасини ҳисоблашда нархлар ўзгариши таъсир этмаслиги учун давр боши ва охири учун  ҳисобот даврининг ўртача нархларида захираларни баҳолашни кўзда тутувчи махсус ҳисоб-китоблар амалга оширилади.

Бундан ташқари, ЯИМ нинг яна бир муҳим таркибий қисми бўлган соф экспорт Ўзбекистон Республикасининг экспорт-импорт операцияларини қамраб олади ва товарлар ва хизматларнинг экспорти ва импорти сальдоси сифатида аниқланади.  Экспорт ва импорт операциялари товар (моддий буюмлар, тўлов воситаси сифатида ишлатилмайдиган номонетар олтин ва кумуш, совға, беғараз ёрдам сифатида бериладиган товарлар ва бошқалар) ва хизматлар экспорти ва импортидан ташкил топади.

Товарлар ва хизматларнинг соф экспортини ҳисоблашда товарлар ва хизматларнинг ташқи савдоси тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилади. Жисмоний шахсларнинг божхона юк декларациясида акс этмайдиган савдо мақсадида четга олиб чиққан ёки давлат ичкарисига олиб кирган товарлари тўғрисидаги маълумотлар статистик баҳолаш орқали ҳисобланиб, жисмоний шахслар томонидан амалга ошириладиган ташқи савдо кўрсаткичларига киритилади.

Якуний истеъмол усулида МДҲ давлатлари бўйича ЯИМ нинг таркибий тузилиши (2016 йил учун, % ҳисобида, Жаҳон банки маълумоти)

Якуний истеъмол Шу жумладан: Ялпи жамғариш Соф экспорт
Уй хўжалик
лари
Давлат бошқаруви
и УХХКТ
Туркманистон 23,9 15,0 8,9 47,2 28,9
Қирғизистон 101,8 83,5 18,3 33,3 -35,1
Қозоғстон 69,3 57,7 11,6 27,1 3,6
Беларусия 74,8 58,8 16,0 25,3 -0,1
Азарбайжон 72,3 59,2 13,1 24,9 2,8
Ўзбекистон 77,0 61,2 15,8 24,8 -1,8
Россия 71,4 53,3 18,1 23,4 5,2
Молдова 105,7 86,7 19,0 22,4 -28,1
Украина 84,7 65,3 19,4 21,5 -6,2
Тожикистон 130,1 115,3 14,8 19,1 -31,8
Арманистон 91,2 77,3 13,9 18,4 -9,6

   Ушбу жадвал маълумотлари орқали МДҲ давлатларида якуний истеъмол усулида ҳисобланган ЯИМ нинг таркибини кўриш мумкин. Жадвалда давлатлар кетма-кетлиги ялпи жамғаришга харажатларнинг ЯИМ даги улуши бўйича шакллантирилган. Эътибор берадиган бўлсак, 2016 йил маълумотларига асосан МДҲ давлатлари орасида ялпи жамғаришга энг кўп харажат Туркманистонда  бўлиб, ЯИМ даги улуши 47,2 % ва энг кам харажат қиладиган давлат бу Арманистон бўлиб, 18,4 % ни ташкил этган. Ўзбекистонда эса ушбу кўрсаткич 24,8 %. Давлат харажатларининг улуши бўйича энг кўп улуш Украина (19,4%), Молдова (19,0%) давлатларида кузатилган. Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич 15,8 % ни ташкил этган.

   Юқорида келтирилган маълумотларни таҳлил қилиш орқали мамлакатда яратилаётган ЯИМ нинг қанча қисми уй хўжаликлари истеъмолига, қанча қисми давлат харажатларига, қанча қисми жамғармага ёки инвестицияга тўғри келишини кўриш мумкин. Шу билан бирга, якуний истеъмол харажатларининг таркиби бўйича мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни баҳолаш, давлат органлари харажаталарини таҳлил қилиш орқали эса давлат томонидан олиб борилаётган ижтимоий сиёсат йўналишларини баҳолаш имконияти мавжуд.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *